“ВАТАН КЕЛАЖАГИ ЁШЛАР ҚЎЛИДА” ЛОЙИҲАСИ ДОИРАСИДА “КОНСТИТУЦИЯ БИЛИМДОНИ” КЎРИК-ТАНЛОВИ ЎТКАЗИЛДИ
“Адолат” социал-демократик партияси туман Кенгаши томонидан “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида “Конституция билимдони” кўрик-танлови ўтказилди.
Шу йил 12 ноябрь куни Амударё Муҳандислик техникумида ўтказилган кўрик-танловда ўқувчиларнинг Конституция ҳақидаги билимлари синовдан ўтказилди. Ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимларини янада юксалтиришга қаратилган ушбу кўрик-танловда Амударё Муҳандислик техникумининг 5 нафар талабалари ўзаро беллашишди.
Мамлакатимизда ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялаш, уларнинг ҳаётга мустақил қадам қўйишлари учун барча зарур шароитларни яратишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Зеро, ёш авлодда мустаҳкам ватанпарварлик туйғусини, ғоясини шакллантириш – кечиктириб бўлмайдиган вазифа. Ватанпарвар ёшлар – мамлакатимиз келажагининг ҳал қилувчи кучидир. Шу сабабли юртимизда ёшларни ҳар томонлама етук фарзанд этиб тарбиялаш билан бирга, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини шакллантиришда, энг аввало, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларини билиш, уларга амал қилиш муҳим аҳамиятга эга. Партия томонидан анъанавий равишда ўтказиб келинаётган “Конституция билимдони” кўрик-танлови ҳам айни шу мақсадларни ўзида мужассам этади.
Кўрик-танлов ушбу мезонларга амал қилинган ҳолда белгиланган низом асосида ўтказилди. Унда иштирокчилар таништирув, Ўзбекистон Республикаси Конституциясини билиш даражаси бўйича савол-жавоб, эркин мавзу деб номланган 3 та шарт бўйича ўз иқтидорларини, билимдонликларини кўрсатишди. Юқори савияда ташкил этилган танлов қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлди.
Шартлар ижросини ҳакамликка қўйилган Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Мансур Ўрозбоев, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси туман Кенгаши раиси Ўктам Йўлдошев, “Ёш адолатчилар” қаноти раиси Султонбой Маткаримов ҳамда партия фаоллари Ихлос Мадраҳимов, Озод Эшимбетовлар баҳолаб бордилар. Ҳакамлар ҳайъати кўрик-танлов жараёнида танлов иштирокчилари ишини очиқ овоз бериш йўли билан баҳоладилар.
Бунда иштирокчининг ўзини таништириши, саҳнада маданиятига амал қилиши ҳамда нотиқлик маҳоратига аҳамият берилди. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Қонунлари, Сайлов кодекси, “Сиёсий партиялар тўғрисидаги”ги, “Таълим тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги ҳамда Ўзбекистон “Адолат” СДП Уставига оид билимларига алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар ҳар бир шарт бўйича ўз чиқишларини якунлагандан сўнг, ҳакамлар ҳайъати томонидан ўрганиб чиқилиб, хулоса берилди.
Кўрик-танловда техникумнинг 2-курс талабаси Раҳматжон Қурбонбоев фахрли 1-ўринни эгаллаб, ғолиб бўлди. Унга танловнинг жорий йил 24 ноябрда бўлиб ўтадиган Қорақалпоғистон босқичига йўлланма берилди ва партиянинг туман Кенгаши томонидан фахрий ёрлиқ, эсдалик совғалари топширилди.
Ў.Юлдашев, “Адолат ” СДП туман Кенгаши раиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶