ТИНЧЛИК ВА ХАВФСИЗЛИКНИ ТАЪМИНЛАШГА ХИЗМАТ ҚИЛАМИЗ
Тинчлик, осойишталик бор жойда тараққиёт, юксалиш бўлади. Юрт осудалигини асраш, унинг равнақи учун хизмат қилиш эса ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимиздир.
Ўз ҳаётимни элимиз тинчлигини сақлаш, унга раҳна солувчи иллатларга қарши курашишдек масъулиятли ва шарафли ишга бағишлаш ниятим борлигини айтганимда ота-онам мени қўллаб-қувватлади ва руҳлантирди. Шу мақсадда 2001 йилда ИИВ Тошкент Олий ҳарбий техника билим юртига ўқишга кирдим.
2006 йилда ўқишни тугатиб, Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ 9-сонли тергов ҳибсхонаси тартибот ва қўриқлаш бўлимининг тезкор вакили вазифасида иш бошладим. Шундан сўнг, тезкор навбатчи вазифасида республикадаги 80-, 71-, 81-сонли жазони ижро этиш колонияларида хизмат қилдим.
2012 йилдан Амударё туманидаги Ички ишлар бўлимида Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмасининг профилактика инспектори вазифасида хизмат қилиб келмоқдаман. Президентимиз шарофати билан давлатимиз томонидан хизмат уйи ва имтиёзли кредит асосидаги автомобиль билан таъминландим. Бизга бундай юксак эътибор қаратилгани, оиламнинг ёнимда бўлгани менга жуда катта рағбат бўлди. Ҳозирги кунга қадар ўзимга бириктирилган ҳудудда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик содир қилинишининг олдини олиш мақсадида тегишли чора-тадбирларни ўз вақтида амалга ошириб келмоқдаман.
Ўзимга бириктирилган Навоий номли маҳалла аҳолиси ўртасида тушунтириш-тарғибот ишлари, учрашувлар ташкил этишни йўлга қўйдим. Ҳудуддаги таълим-тарбия масканларида ҳам ўқитувчи-педагоглар, ота-оналар билан ҳамкорликда ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Ушбу саъй-ҳаракатларим натижасида ҳудудда яқин ўтган йиллар давомида бирорта ҳуқуқбузарлик ва жиноят қайд этилмади. Самарали хизматларим учун раҳбариятимиз томонидан 5 маротаба рағбатлантирилдим.
Ҳамиша халқ орасида бўлиб, ўз хизмат вазифамни бажаришдан, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга ҳаракат қилишдан асло чарчамайман. Шундай шарафли касб эгаси бўлганимдан, касбдошларим қатори халқимизга осойишта гўшада яшаш саодатини бахш этаётганимдан, гўзал юртимизда тинчлик барқарор бўлишига муносиб ҳисса қўшаётганимдан фахрланаман.
Илҳом АБУТОВ,
туман ИИБ профилактика катта инспектори.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶