ДАВРА СУҲБАТИ ЎТКАЗИЛДИ
Туманимизда фаолият олиб бораётган “Жайхун илҳомлари” нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан “Ёшлар – янги Ўзбекистон бунёдкорлари” лойиҳаси доирасида маҳаллалар ва умумтаълим мактабларида, корхона ва ташкилотларда учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказиб келинмоқда.
Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини кенг тарғиб қилиш, уларни гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, турли ахлоқсизликлардан ҳимоя қилиш мақсадида туманимиздаги 17-сонли умумтаълим мактабида навбатдаги давра суҳбати ўтказилди. Давра суҳбатида шифокорлар, маънавият тарғиботчилари, фаол ёшлар, маҳалла имомлари иштирок этдилар.
Мактабнинг ўқитувчи ва ўқувчилари давра суҳбатида жам бўлдилар.
Давра суҳбатида “Жайхун илҳомлари” нодавлат нотижорат ташкилоти раиси Ўрозали Рейимов давлатимиз томонидан ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятларга тўхталиб ўтди. Уларнинг чуқур билим олиши, дунёвий билимларни ўрганиши, ўзи севган касбини эгаллаши учун мактаб ўқувчиси пайтидаёқ ишончи қадам қўйиши учун барча қулайликлар яратиб қўйилганлигини таъкидлади.
Ёшларнинг ҳар томонлама маънавий етук инсонлар бўлиб етишишига кўмаклашиш учун кўплаб маънавий тадбирлар, эл севган санъаткорлар, етук олимлар, атоқли инсонлар билан учрашувлар ташкил қилинмоқда.
Туманимизда айниқса адабиётсевар, бадиий ижод билан шуғулланувчи ёшлар учун улкан имконият эшиклари очиқ. Ёшларимизнинг қаламига мансуб шеърлар, ҳикоялар ва бошқа турдаги ижод намуналари “Тараққиёт кўзгуси”, “Менинг оилам” газеталарида мунтазам ёритиб борилмоқда. Амударё телевидениеси орқали ёшлар ҳаётига оид кўрсатувлар тайёрланиб борилмоқда. Бундан ташқари amunews.uz веб-сайти фаолият юритмоқда.
“Тараққиёт кўзгуси” газетаси қошида ташкил этилган нашриёт туманимизнинг барча ёшдаги ижодкорларининг китобларини чоп этиб қалам сохибларини элга танитиб келмоқда.
Яқинда эълон қилинган “Мен севган бадиий асар” мавзусида ўтказилган иншолар танлови ҳам мактаб ўқувчилари орасида ўткир зеҳнли? ижодкор ёшларнинг жуда кўп эканлигини намоён қилди.
Давра суҳбатида иштирок этган туман Nиббиёт бирлашмаси шифокори Матёқуб Эрназаров мустаҳкам саломатлик маданий-маънавий турмушимизнинг негизи эканлигига алоҳида тўхталиб ўтди. Ҳақиқат ҳам фақат саломат инсонгина маданий-маърифий ишлар учун ўз куч-қудратини сарфлай олади. Гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, турли ахлоқсизлик каби иллатлар эса маънавий турмушимизга ёт бўлган кўринишлардир. Шифокор ўз сўзида бу инсониятга ёт иллатларнинг одамзоднинг ҳаёт тарзига, ёшларнинг келажаги учун қанчалик зарарли эканлигига барчанинг эътиборини қаратди.
“Бир маҳалла етти болага ота-она” деган гаплар бежиз айтилмаган. Ёшлар тарбиясида ота-оналар, маҳалланинг ўрни беқиёс.
Туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими мутахассиси Раҳмонжон Бобожоновнинг ёшлар билан суҳбати кундалик турмушимизнинг ана шу муҳим қирраларига қаратилди.
35-сонли мактабнинг 10-синф ўқувчиси, ёш шоира Барно Самандарова ҳам шу маҳаллада яшайди. Ҳозирнинг ўзида “Илк парвозим”, “Меҳр” деб номланган шеърий тўпламлари билан туманимиз шеърият ихлосмандларига танилиб улгурган Барно давра суҳбати иштирокчилари бўлган ўз тенгқурларига ўзининг ижодий фаолияти, мактабдаги ўқишлари ҳақида гапириб берди. Барно ҳозирги кунда учинчи шеърий тўпламини ҳам нашрга тайёрламоқда. Ижодий ишлари билан бир қаторда мактабда аъло баҳоларга ўқимоқда. Турли фанлар олимпиадаларида иштирок этиб рус, инглиз, турк тилларини ҳам мукаммал ўрганмоқда.
Учрашув сўнгида Барно Самандарова ўзининг шеърий тўпламларидан 17-сонли мактаб кутубхонасига совға қилди. Учрашув эркин суҳбат, ошкора мулоқот тарзида қизиқарли ўтди. Давра суҳбати иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоблар олдилар.
Ў.РЕЙИМОВ.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶