“Кексалар ҳафталиги” доирасида “Дийдор ширин” мавзусида тадбир бўлиб ўтди
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият, оилалар ва маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, шунингдек, ёш авлодни халқимизнинг кўп асрлик анъаналарини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш ишидаги ролини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сентябрдаги Қарори билан ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтаси “Кексалар ҳафталиги” этиб белгиланди. Унга кўра, ушбу ҳафталикни кенг нишонлаш ва юқори савияда ўтказиш, шунингдек, “Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш - халқимизга хос эзгу фазилат” деган ғоя остида жорий йилнинг 4-10 октябрь кунлари барча ҳудудларда “Кексалар ҳафталиги”ни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш белгиланган.
Шу муносабат билан 4 октябрь куни Амударё тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимида бир гуруҳ нуронийлар, туман “Нуронийлар” жамоатчилик Кенгаши раиси ва аъзолари, “Бувижонлар” мактаби раиси ва аъзолари ҳамда ҳудудлардаги “Кексалар маслаҳати” гуруҳи раислари иштирокида “Дийдор ширин” мавзусида дийдорлашув тадбири бўлиб ўтди.
Тадбир доирасида юртимиз ва туманимиз равнақи, ёшлар тарбияси, шунингдек, ҳудудларда оширилаётган ислоҳотларда фаол қатнашаётган нуронийлар Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаоллигини ошириш ва қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси ҳамда туман ҳокимлиги томонидан берилган ташаккурномалар ва пул мукофотлари билан тақдирландилар.
Тадбирда иштирок этган нуронийлар ўзлари босиб ўтган ҳаёт йўллари ва бугунги давр ҳамда тарихий кунлар ҳақидаги хотираларини ёдга олдилар. Хусусан, тадбир иштирокчилари бугунги дориломон кунлар ўз-ўзидан келмагани, мустақилликдан аввал ҳам, мустақилликка эришилгандан сўнг ҳам бугунги кекса авлод вакиллари жуда катта қийинчиликларни бошидан кечирганларини, ўсиб келаётган ёш авлод уларнинг фидойи меҳнатлари қадрига етишлари зарурлигини таъкидладилар.
Сўзга чиққан нуронийлар бугунги кунга шукроналик келтириб, юртимиз тинчлиги, ёшларга яратилаётган шароитлар ҳақида ҳавас билан гапириб, “Янги Ўзбекистонни барпо этишда нуронийларнинг ўрни” мавзусида барча жойларда маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш кераклигини таъкидладилар.
Баҳодир Балтабаев, туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг ўринбосари, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶