ФАН ОЙЛИГИ ЎТКАЗИЛДИ
Ҳозирги кунларда туманимиздаги барча умумтаълим мактабларида фан ойлиги доирасида турли тадбирлар ўтказилмоқда. Туманимиздаги Халқ таълими бўлимига қарашли 49-сонли умумтаълим мактабида ҳам мазкур тадбир белгиланган дастур асосида қизиқарли ўтказилди.
Мактабда “бошланғич таълим” фан ойлиги доирасида қилинаётган ишлар, спорт, билимлар дунёсидаги эришилаётган ютуқлар, мусиқа маданиятини ривожлантиришдаги ўқитувчи-устозларнинг машаққатли меҳнатлари туфайли ўтган бир ой ичидаги саъй-ҳаракатлар самарали натижаларга эришилди.
Тадбирда асосан бошланғич синф ўқитувчилари тадбир қатнашчилари бўлган мактаб ўқувчилари, ўқитувчилар, ота-оналар ва таклиф қилинган меҳмонлар олдида ўзларининг билим ва иқтидорларини намойиш этдилар.
Фан ойлиги тадбирини мактаб директори Шукурбой Айимбетов кириш сўзи билан очиб берди. У ўз сўзида мактабда ҳар бир ўқувчининг чуқур билим олиши учун барча имкониятлар яратиб қўйилганлигини айтиб ўтди ва ёш авлоднинг билимли инсонлар бўлиб етишишида омадлар тилади.
Тадбирда бошланғич синф ўқувчилари ижросида қўшиқлар, рақслар ижро этилди. Жумладан, 2-синф ўқувчиларининг “Жўжаларим”, 3-синф ўқувчиларининг “Куйладим”, 4-синф ўқувчиларининг “Боғ” номли, 5-синф ўқувчилари ижросидаги замонавий рақслар барча томошабинларда катта таассурот қолдирди. Ушбу ижролар орқали мактаб ўқувчиларининг чуқур билим олиш билан бирга мусиқа, рақс санъатини ҳам пухта ўзлаштираётгани яққол намоён бўлди.
Бошланғич синфлар фан ойлигини ўтказишдан мақсад мактабдаги иқтидорли, қобилиятли ва ижодкор ўқувчиларни рағбатлантириш, улардаги ижодий қобилиятни ўстириш, таълим-тарбия жараёнидаги қўлланилаётган методларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириб боришдир.
“Бошланғич таълим” фан ойлигида барча умумтаълим фанлар бўйича тадбирлар режалаштирилган бўлиб, болаларни ушбу фанларга қизиқтириш асосий мақсад қилинган. Биринчи синфга яқиндагина қадам қўйган ўқувчилар бурро-бурро шеърлар, қўшиқлар айтиб, рақслар ижро этиб, ўз устозлари ишончини қанчалик оқлаётганини кўрсатишди.
Шу мактабнинг биринчи синф ўқувчиси Гуласал Йўлдошева икки ярим ёшидан буён спортнинг бадиий гимнастика тури билан шуғулланиб келади. У нафақат туманимиздаги, балки Нукус, Тошкент, Самарқанд шаҳарларида, Қашқадарё вилоятида ўтказилган қатор нуфузли мусобақаларда иштирок этиб, юқори ўринларни эгаллаб келмоқда. У устози Нигора Йўлдошевадан билим сирларини, мураббий Моҳира Бердибоевадан эса гимнастика сирларини пухта ўрганиб, ўз маҳоратини ошириб бормоқда. Устозлари бу спортчи қизнинг номдор спортчи, шу билан бирга билимли, етук инсон бўлиб вояга етишига катта умид билдирмоқдалар.
Мазкур тадбирда бошланғич синф ўқувчилари барча фанлардан яхши ўзлаштираётганликларини, шу билан бир қаторда мусиқа, спорт сирларини ҳам пухта ўрганиб бу борадаги маҳоратларини ҳам ошириб бораётганликларини яна бир бор намойиш этдилар.
Фан ойлигини ўтказиш ва бу тадбирга ўқувчиларни тайёрлашда бошланғич синф ўқитувчиси Нигора Йўлдошева, маънавият ишлари бўйича директор ўринбосари Раҳматулла Ортиқовлар жонбозлик кўрсатдилар.
Ф.Авезов, мактабнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶