ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ЯНГИ ҚАРОРИ МАЗМУН-МОҲИЯТИ ТУШУНТИРИЛДИ
Шу йил 3 августда Вазирлар Маҳкамасининг “Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори эълон қилинди. Ушбу қарорга кўра Вояга етмаганларга ижимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари тўғрисидаги низом тасдиқланди.
17 август куни Вояга етмаганлар ишлари бўйича Амударё тумани идоралараро комиссияси томонидан мазкур қарор мазмун-моҳиятини тушунтириш, тегишли вазифаларни белгилаб олиш мақсадида йиғилиш ташкил этилди. Туман Ички ишлар бўлими биносида ўтказилган ушбу йиғилишда Вояга етмаганлар ишлари бўйича Амударё тумани идоралараро комиссияси масъул котиби Жаҳонгир Холмуродов, туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори Фарҳод Аҳмадов, туман Ички ишлар бўлими масъуллари ва профилактика инспекторлари, фуқаролар йиғинлари раислари қатнашишди.
Йиғилишни туман Ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари Бахтиёр Ўрозов олиб борди. Сўзга чиққан масъуллар янги қарор асосида шу йил 1 сентябрдан қаровсиз қолган болалар билан ишлашда янгича тизим жорий этилиши ва бу борада тегишли вазифалар кўрсатиб ўтилгани хусусида сўз юритишди. Қарор мазмун-моҳияти слайд кўринишида намойиш этилиб, ҳар бир банди бўйича батафсил тушунчалар берилди.
Йиғилишда таъкидланганидек, қарорга кўра эндиликда вояга етмаган шахснинг қаровсиз қолганлигини аниқлашда вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологлар таълим муассасаларида, профилактика инспекторлари хизмат ҳудудида, маҳалла раислари оилаларда ўрганиш ишларини ўтказади. Ижтимоий хавфли оилалардаги болаларни аниқлаш ва улар билан ишлаш учун маҳалла раислари масъул ҳисобланади. Боланинг қаровсиз қолгани давлат органлари, ННТ ва фуқаролар томонидан аниқланганида профилактика инспекторига хабар берилади. Шундан сўнг, қаровсиз қолган болалар ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилади.
Йиғилиш давомида профилактика инспекторининг бу борадаги вазифалари, тайёрланадиган ҳужжатлар, қаровсиз ва назоратсиз қолган вояга етмаган болаларни марказга қабул қилиш тартиби тўғрисида кенг тушунчалар берилди.
Тартибга кўра марказ бошлиғи ҳудудий жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғини қаровсиз болани қабул қилганлик тўғрисида хабардор қилади. Соғлиқни сақлаш муассасаси 3 соатда Марказга келиб, болани тиббий текширувдан ўтказади. Марказ 48 соатда бола шахсини, оилавий муҳит ва қаровсиз қолганлик сабабини ўрганади ва ижобий хулоса бўлса ота-онасига ёки ўрнини босувчи шахсларга беради. Марказ ота-онасига топширилган боланинг ўқиши, хулқи, оилавий муҳитини 1 йил мониторинг қилади. Мониторингда боланинг ижтимоий хавфли ҳолатда қолиши аниқланса, болани 48 соатдан кўп 30 кундан кўп бўлмаган вақда Марказда сақлаш учун судга илтимоснома киритилади.
Ундан ташқари, қаровсиз болалар ихтисослаштирилган таълим муассасасига жойлаштирилиб, ўқиши давомида хулқ-атвори назорат қилинади. Болалар ихтисослаштирилган таълим муассасасини тугатганидан сўнг, улар бандлиги ҳам таъминланади. Шунингдек, ҳудудий жамоат хавфсизлиги хизмати боланинг профессионал ёки ОТМга ўқишга киришига кўмаклашади.
Йиғилиш давомида профилактика инспекторлари, фуқаролар йиғинлари раислари ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, батафсил жавоблар олдилар.
Жаҳонгир Холмуродов, Вояга етмаганлар ишлари бўйича Амударё тумани идоралараро комиссияси масъул котиби.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶