“Аёллар дафтари” рўйхатига олинган аёлларга амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда
Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувваташ, уларнинг ҳар томонлама фаровон яшашларига кўмаклашиш мақсадида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар туфайли юзлаб оилалар таъминоти яхшиланиб, фаровонлиги таъминланмоқда. Навбатдаги лавҳамиз шу мавзуда.
Амударё туманида ҳам “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” рўйхатларига киритилган кўплаб фуқаролар яратилган шароит ва имкониятлардан унумли фойдаланганликлари боис, мазкур дафтарлар рўйхатидан чиқиб, ўз тадбиркорлик йўналишларини ташкил этиб, ўзини-ўзи банд қилиш тамойили асосида фаолият юритишмоқда.
Хусусан, Чойкўл овулида истиқомат қилувчи Лайло Аҳмедова “Аёллар дафтари” рўйхатига олинганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Лайло туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ҳамда туман ҳокимлигининг қўллаб-қувватлаши, Чойкўл овули масъулларининг беғараз ёрдами билан туманимиздаги “Tamara tekstil” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Тамара Юсупова томонидан ташкил этилган касбга ўқитиш марказида ўқиб, чеварлик, бичиш-тикиш сирларини ўрганиб, касбий малака сертификатига эга бўлди ва 33 млн. сўмлик кредит маблағи ҳисобига ўз хонадонида чеварлик устахонасини ташкил этди.
Айни пайтда Лайло Аҳмедова маҳалладошлари томонидан тушган буюртмаларни моҳирлик билан бажаришдан ташқари, бозор талаблари асосида аёллар ва болалар уст кийимларини тикиб, бозорга олиб чиқмоқда. У ўзини-ўзи доимий иш билан билан банд қилганидан, кун сайин мижозлари сафи ошаётганидан, бундан ҳам муҳими, оиласи фаровонлиги яхшиланиб, олинган кредит маблағини сўндириш имкониятига эга бўлаётганидан мамнун.
Қиличбой овулининг Юқори қишлоқ маҳалласида истиқомат қилувчи Мақсуда Ибрагимова ҳам “Tamara tekstil” масъулияти чекланган жамияти филиалида касбга ўқитилиб, касбий малака сертификатига эга бўлганлардан. “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган Мақсудахон Ибрагимова мазкур жамият филиалида чеварлик сирларини мукаммал ўрганди ва айни пайтда шу корхона филиали чеварлари сафидан жой олди.
“Tamara tekstil” масъулияти чекланган жамиятининг филиалида доимий иш билан бандлиги таъминланган Мақсуда Ибрагимова ҳам “Аёллар дафтари” рўйхатидан чиқарилди.
Туманимиз овул ва маҳаллаларида юқорида каби кўрсатилаётган беғараз ёрдамлар, яратилаётган шарт-шароитлар туфайли дафтарлар рўйхатидан чиқарилиб, доимий иш билан бандлиги таъминланаётган аёл-қизлар талайгина. Манғит шаҳрининг Гулзор маҳалласида яшовчи Барнохон Камолова ҳам ана шундай аёллардан бири. Барнохон банк кредит маблағи олиб, ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлади ва бу орқали ўзининг иш билан бандлигини таъминлади.
Туманимиз овул ва маҳаллаларида яшовчи Барнохон Камолова каби ўзини-ўзи иш билан банд қилиб, оиласи фаровонлигига ҳисса қўшаётган, натижада қисқа фурсат ичида дафтарлар рўйхатидан чиқарилаётган аёллар талайгина.
Уларга ҳар томонлама кўмак кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишлар эса ўзининг ижобий самараларини бермоқда.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶