ЭКСТЕРРИТОРИАЛ ТАМОЙИЛ – ФУҚАРОЛАРГА ЖУДА КАТТА ҚУЛАЙЛИК
Президентимизнинг 2019 йил 15 февралдаги “Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари тўғрисида”ги Қарори қабул қилиниши билан аҳолига қулай давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида илк дадил қадамлар қўйилди. Миллий қонунчилигимизнинг бу борадаги мантиқий ва амалий такомили сифатида Президентимиз томонидан 2021 йил 23 мартда “Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармоннинг қабул қилиниши фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари ходимларининг аҳолига кўрсатиладиган хизматларни сифат жиҳатидан яхшилаш ва осонлаштириш имконини яратди.
Фармон билан фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари фаолиятида экстерриториал тамойилнинг жорий этилиши фуқароларнинг доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтган жойидан ва юридик шахсларнинг почта манзили жойлашган еридан қатъий назар ҳудуддаги идораларга муроажаат қилиш имкони яратилди.
Яъни, 2021 йил 1 июнидан эътиборан фуқароларнинг доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтган жойидан қатъий назар фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини қайд этиш, никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш, хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш экстерриториал тамойил асосида амалга ошириш бошланди.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Фармонга кўра, 2021 йил 1 июнидан эътиборан фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан аҳолига хизмат кўрсатиш жараёнида фуқаролардан 17 турдаги фактларни тасдиқловчи ҳужжатлар талаб қилинмайди.
Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, давлат хизматлари кўрсатиш соҳасига оид юқоридаги Президент Фармони фуқароларга давлат хизматлари кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, йиллар давомида аҳолини қийнаб келган бюрократик тўсиқларга барҳам бергани билан ўта муҳим аҳамиятга эга.
Туман фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими томонидан юқоридаги Президент Фармони ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар туфайли соҳага оид масалалар бўйича мурожаат қилувчиларга хизмат кўрсатиш сифати сезиларли даражада ошди. Кўплаб хизмат турлари, хусусан, нотариал ҳаракатларни амалга оширишда фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари билан боғлиқ барча маълумотлар “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизими орқали олинмоқда ва бундан фуқаролар ҳам мамнун.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида туман фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими томонидан 72 та никоҳдан ажралганлик ҳолати қайд этилди. Шундан 13 та никоҳ вояга етмаган фарзандлари бўлмаган эр-хотинларни уларнинг ўзаро розилигига кўра, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органида, 59 таси биринчи никоҳдан суд қарори билан ажрашиш ҳолатларидир. Шунингдек бўлим томонидан 396 та ўлим ҳолати ва 40 та ҳолатда фуқароларнинг аризаларига мувофиқ далолатнома ёзувларига ўзгартиришлар киритилди.
Кўрсатилган хизматлар бўйича 87 млн 130 минг сўм давлат божи, 63 млн 555 минг сўм герб йиғими ундирилиб, 52 млн 528 минг сўмлик пуллик хизматлар кўрсатилди. 2021 йилнинг биринчи ярмида туманда 1881 та туғилиш қайд этилиб, 99 та оталик ҳолати белгиланди. Шундан 9 таси суд қарори асосида амалга оширилди. 22 та ҳолатда болани фарзандликка олиш бўйича далолатномалар қайд этилди. Туманда ўтган давр мобайнида 879 та янги никоҳ қайд этилди. Шундан 111 та никоҳ сайёр равишда жойларга чиққан ҳолда қайд этилган бўлса, 5 та никоҳ мустақил давлатлар ҳамдўстлиги давлатлари фуқаролари ўртасида, 14 та никоҳ эса фуқаролиги йўқ шахслар ўртасида тузилди.
Экстерриториал тамойил асосида ишлаш нафақат фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари ходимлари, балки фуқаролар учун ҳам қулай ва сифатли хизматларни тақдим этаётганидан аҳолининг қимматли вақти тежалиб, ариза ва мурожаатлари ортиқча буюрократик тўсиқларсиз ҳал этилаётганидан фуқаролар мамнун. Чунки ҳар бир фуқаро, у қаерда яшашидан, фуқаролиги борми ёки йўқлигидан қатъий назар, ортиқча оворагарчиликларсиз, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан бериладиган зарур ҳужжатларни кечиктирмасдан олиш имконига эга ва бу Президентимизнинг юқоридаги муҳим Фармони билан кафолатланган.
С.ХОЛБОЕВА, туман ФҲДЁ бўлими мудираси.
Р.ЙЎЛДОШЕВА, тайёрлади.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶