ЭКСТЕРРИТОРИАЛ ТАМОЙИЛ ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ КЎРСАТИШДАГИ МУҲИМ ҚУЛАЙЛИК
Экстерриториал тамойил фуқароларга, айниқса, тадбиркорларга жуда катта қулайлик ҳисобланади. Ушбу тамойилга ўтиш жараёнлари 2019 йилда бошланган бўлиб, шу йилнинг ўзидаёқ давлат хизматларини кўрсатиш ушбу тамойилга асослана бошлади.
Экстерриториал тамойил – бу фуқаролар доимий, ёки вақтинча рўйхатдан ўтган жойидан ва юридик шахслар почта манзилидан, яъни жойлашган еридан қатъий назар, исталган ҳудуддаги Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиш имконияти ҳисобланади. Президентимизнинг 2021 йил 23 мартдаги “Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 6191-фармонининг қабул қилиниши келгусида фуқароларга давлат хизматларини кўрсатишни сифат жиҳатдан яхшилашга ва осонлаштиришга хизмат қилади. Таъкидлаш жоизки, ундан кўзланган асосий мақсад давлат органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа давлат ташкилотларида эскирган бюрократик тартиботлар, ортиқча қоғозбозлик, иш фаолиятини ташкил этиш учун муҳим бўлмаган ҳужжатларни талаб қилиш, оворагарчилик ва сансалорликларга чек қўйиш бўлди.
Фармонга кўра, 2021 йил 1 июнидан эьтиборан фуқароларнинг доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтган жойидан қатъий назар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш экстерриториал тамойил асосида амалга оширилади. Айтиш керакки, нотариал хизматларни амалга ошириш жараёнида ҳам фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари билан боғлиқ барча маълумотлар нотариал идоралари томонидан давлат хизматлари агентлиги ёхуд ФҲДЁ органларига мурожаат қилмасдан мустақил равишда, фуқаролардан ортиқча маълумот талаб этмасдан, “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизими орқали олинади.
Фармоннинг 9-бандида 2021 йил 1 июндан эътиборан ФҲДЁ органлари томонидан давлат статистика органларига далолатнома ёзувларининг нусхаларини юбориш ва ҳисоботларни топшириш амалиёти бекор қилинди. Бунда давлат статистика органлари “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизимига ўзларининг электрон тизимларини интеграция қилган ҳолда ушбу маълумотларни реал вақт режимида олади ва статистик маълумотларни шакллантиради.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 4193-қарори ва 6191-фармонида ўрнатилган ФҲДЁ органлари фаолиятининг янги ташкилий-ҳуқуқий тартиб таомиллари фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда, уларнинг электрон хизматлардан кенг фойдаланишини рағбатлантиришда ва идоралараро интеграцияни кучайтиришда муҳим роль ўйнайди.
Шундай қилиб, ФҲДЁ органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг жорий қилиниши ҳамда тартибларини ўрнатишда, аввало халқ манфаатларининг тобора ҳисобга олиб борилиши фуқаролар ва давлат ўртасида вужудга келадиган ижтимоий муносабатларни ижобий тарзда ҳал бўлишига катта ҳисса қўшади.
М.Эшмурадова, туман ФҲДЁ бўлими инспектори.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶