БИР ҚУЛТУМ ОҚ ОҒУНИНГ ОҚИБАТЛАРИ
Мастлик – ихтиёрий телбалик, дейишади. Ҳақиқатан ҳам шиша ичига сиғган оқ оғуни истеъмол қилган инсон жуда қисқа фурсат ичида осонгина шайтон измига киради-қўяди. Шиша ичидаги бир қултум оғу ҳар қандай бақувват, онгли одамни телбага айлантиради. Агар шундай бўлмаганида туманимиз маҳаллаларидан бирида яшовчи Баҳром Арслонов (исм-шарифи ўзгартирилди) маст ҳолатда автомобиль бошқармаган, ўзининг ва яна бир неча шахсларнинг соғлигига, оилалари иқтисодига зарар етказмаган бўларди.
Дўстининг тўйида қайнотасининг номида бўлган автомобилни тегишли ҳужжатларсиз, маст ҳолатда бошқариб, “гулянка”га чиққан Баҳромбой спиртли ичимлик таъсирида бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналишда, йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ ҳаракатланиб кетаётган бошқа бир автомашина билан тўқнашиб кетган. Натижада иккинчи автомашинада бўлган икки нафар фуқаронинг бири саломатлиги учун хавфли бўлган оғир, иккинчиси енгил тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Яна бир шахс – фуқаровий даъвогар, Баҳром Арслоновнинг қайнотаси эса автоҳалокат туфайли каттагина миқдорда моддий зарар кўрган.
Амударё ИИБ маъмурий биносида бўлиб ўтган жиноий ишлар бўйича туман судининг сайёр суд мажлисида Баҳром Арслонов қаршисига тўпланган мазкур жиноий иши жабрланувчилар ҳамда фуқаровий даъвогар шахслар иштирокида атрофлича муҳокама этилди.
Судда Баҳром Арслонов қаршисига тўпланган барча ҳужжатлар, суд-тиббий экспертиза хулосалари, томонларнинг кўрган моддий ва маънавий зарарлари гумонланувчи Б.Арслонов томонидан тўлиқ қоплаб берилганлиги бўйича ўз даъволаридан воз кечганлари ҳақидаги аризалари батафсил ўрганилди ва ушбу иш бўйича яраштирув институти қўлланилиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси ҳамда Жиноят процессуал Кодексининг тегишли моддаларига кўра, айблилик ҳақидаги масаласи ҳал қилинмасдан ҳаракатдан тўхтатилди.
Бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида томонлар бири-бирини кечириб, ярашдилар. Лекин айнан ана шу ярашув дақиқаларигача жабрланувчилар. фуқаровий даъвогарлар жисмонан ва руҳан азобландилар. Б.Арслоновнинг қалтис ҳаракати, маст ҳолда, зарур ҳужжатларсиз автомобиль бошқаргани оқибатида унинг оила аъзолари то суд яраштирув институтини қўллагунга қадар азият чекишди. Ўз ихтиёри билан спиртли ичимлик ичиб, ихтиёрий равишда телбаларча ҳаракат қилган Баҳромбой эса нафақат қайнотаси ва оила аъзолари, балки жамият олдида ҳам уялиб қолди.
С.ДАВЛЕТМУРАТОВ, Жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди раиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶