НУРОНИЙЛАР ОЧИҚ ОСМОН ОСТИДАГИ МУЗЕЙ – ХИВАГА МАРОҚЛИ САЁҲАТ ҚИЛДИЛАР
“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида нафақат жойлардаги касаба уюшмалари ташкилотлари, балки давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан ҳам мамлакатимиз тарихий обидалари, зиёратгоҳлари ва диққатга сазовор жойларига ҳар йили саёҳатлар уюштирилмоқда.
Туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан туманимиз маҳаллаларида истиқомат қилаётган пиру-бадавлат нуронийлар иштирокида “Очиқ осмон остидаги музей” мақомини олган қадимий ва мангу навқирон Хива шаҳрига мароқли саёҳат уюштирилди. Нуроний отахон ва онахонлар бир кун давомида қадимий тарихимизга яна бир бор ошно бўлган ҳолда катта таассуротлар олишди.
Саёҳатчилар Хива шаҳрининг диққатга сазовор жойлари, неча юз йиллик тарихни ўзида акс эттирувчи меъморий объектлари, қадимий ёдгорликларни яқиндан кўриш имкониятига эга бўлдилар. Хусусан, қадимий Хиванинг янада гўзал ва мафтункор манзилгоҳлари, мадраса, мақбара, минора ва замонавий мажмуаларини мароқ билан томоша қилишиб, минг йиллар ортидаги тарих нафасини чуқур ҳис этдилар.
Нуронийлар Хиванинг машҳур Жума масжиди, Шайх Мухтор Валий, Паҳлавон Маҳмуд мақбаралари, Марказий Осиёдаги энг йирик ва ноёб меъморий ёдгорлик – Ичан қалъа (яъни Шаҳристон)даги ҳар бир меъморий обиданинг асрлар давомида авайлаб-асралиб, бус-бутунлигича сақланганидан ҳайратланиб, мамлакатимизда тарихий обидалар, муқаддас қадам-жойларга қайта ҳаёт бағишлаш, тиклаш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани ва бу борадаги давлатимиз сиёсатидан мамнун эканликларини билдиришди.
Саёҳат давомида нуронийлар Хива шаҳридаги мадрасалардан энг йириги – Муҳаммад Аминхон мадрасасини ҳам бориб кўрдилар. Буюк аждодларимиз Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Шоҳ Маъмун ибн Муҳаммад, шоирлар Комил Хоразмий Шермуҳаммад Мунис ва Огаҳийлар номларини ёдга олишиб, уларнинг пок руҳларига Қуръон оятларидан тиловатлар қилдилар.
Кун бўйи мозий ва бугунги давр уйғунлиги руҳида мароқли саёҳат қилган нуронийлар олам-олам таассуротлар оғушида, юмшоқ ўриндиқларда, ҳатто йўл чарчоғини ҳам сезмай, саёҳатдан мамнун бўлиб қайтдилар.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶