УМУМХАЛҚ ХАЙРИЯ ҲАШАРИ УЮШҚОҚЛИК БИЛАН ЎТКАЗИЛДИ
Байрамлар, қутлуғ кунлар олдидан ҳовлиси чор-атрофини тозалаш, тартибга келтириш, хонадонини саришта қилиб қўйишдек халқимизнинг азалий қадриятлари давлатимиз сиёсатида ҳам акс этади.
Ҳар йили Наврўз ва Мустақиллик байрамлари арафасида умумхалқ хайрия ҳашарини ўтказиш, ҳудудларда кенг кўламли ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларини ташкиллаштириш, кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга моддий кўмак бериш, кексалар, ногиронлиги бўлган фуқаролар яшаш хонадонларини таъмирлаб, ораста ва саранжом қилишга кўмаклашишдек савобли ишларни амалга ошириш ҳаётбахш анъанага айланиб бормоқда.
Ҳукуматимиз фармойишига биноан, Наврўз умумхалқ байрамига муносиб тайёргарликлар кўриш, ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш мақсадида жорий йилнинг 13 мартида “Обод ва кўркам маҳаллам” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашарини ўтказиш белгиланган эди.
Ушбу тадбир туманимизда ҳам уюшқоқлик билан ўтказилди. Баҳорнинг 13-куни бўлса-да, қиш заҳри кетмаган совуқ об-ҳаво шароитида туманимизнинг кўнгилли бўлиб ҳашарга чиққан аҳолиси ҳудудларни кенг миқёсида кўкаламзорлаш, ободонлаштиришга эришиб, ҳар йилги анъанани давом эттирдилар. Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан кўчалар, йўл бўйлари, ариқлар тозаланиб, санитария ҳолати яхшиланди. Кўп қаватли бинолар, ҳовлилар атрофи тартибга келтирилди. “Маҳалламга 30 туп дарахт менинг туҳфам” шиори остида йўллар бўйлари, яшил ҳудудларга гуллар, мевали, манзарали дарахтлар кўчатлари ўтқазилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, якка-ёлғиз яшовчи шахсларнинг, боқувчисини йўқотган оилаларнинг уй-жой шароитларини яхшилашга кўмак берилди. Ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва тозалаш ишларини амалга ошириш жараёнида тўпланиб қолган чиқиндилар махсус белгиланган ҳудудларга чиқариб ташланди.
Шу куни ушбу ҳаракатларда жами 26 мингдан зиёд фуқаролар қатнашдилар. Уларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли 57 гектардан зиёд майдонларда ободонлаштириш ишлари олиб борилди. 58 тоннадан зиёд маиший чиқиндилар чиқариб ташланди. 75 та қабристон ободонлаштирилди. 877 минг тубдан зиёд манзарали дарахат кўчатлари, 273 тубдан зиёд мевали кўчатлари, 204 тубдан зиёд гул кўчатлари ўтқазилди. 16 мингдан зиёд дарахтларга шакл берилди ва оқланди.
Амалга оширилган ишларга 48 та техникалар жалб этилди.
Шунингдек, 36 та уй-жойлар таъмирланди, 106 та эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдамлар берилди. Шу жумладан 13 нафари ёлғиз қариялар ва ногиронлиги бўлган шахслардир.
Озодалик, саранжомлик тобора гўзаллашиб, обод бўлиб бораётган юртимиз кўркига кўрк қўшади. “Обод ва кўркам маҳаллам” шиори остида бўлиб ўтган умумхалқ хайрия ҳашари давомида ҳудудимиз қиёфаси ўзгарибгина қолмай, меҳрга, эътиборга, кўмакка муҳтож кўнгилларга ҳам шодлик улашилди. Ахир доноларимиз бежизга “кўнгил-кўнгилдан сув ичади”, дейишмаганда.
Ҳашар-саранжом-саришталик, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик рамзи эканлиги яна бир бор намоён бўлди.
О.РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶