ЎЗБЕКИСТОНДА ЁШЛАРГА ОИД ДАВЛАТ СИЁСАТИНИ 2025 ЙИЛГАЧА РИВОЖЛАНТИРИШ КОНЦЕПЦИЯСИ ТАСДИҚЛАНДИ
2021 йил 18 январда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини 2025 йилгача ривожлантириш концепцияси” Президент Фармонлари ва Қарорлари, Ҳукумат Қарорлари, Ёшлар манфаатлари бўйича бутунжаҳон Ҳаракатлар дастури, 2020 йил декабрь ойида ташкил этилган “Ўзбекистон ёшлари” форумида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш бўйича белгиланган вазифалар асосида ишлаб чиқилган.
Айтиш мумкинки, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида алоҳида тизим яратилди. Буларнинг замирида уларни баркамол қилиб вояга етказиш, сифатли таълим олишини таъминлаш орқали бугунги глобаллашув жараёни шиддат билан кечаётган мураккаб даврда ҳар қандай таҳдидларга, мафкуравий хуружларга қарши тура оладиган, Ватанимизнинг эртанги кунини ўз қўлларига олишга, рақобатга қодир бўлган етук кадрларни тайёрлашдек эзгу мақсадлар мужассам.
Концепция Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ёшлар парламентлари, Ёшлар комиссияси, ёшлар ташкилотлари, ёшлар сиёсати бўйича хорижий экспертлар, халқаро ташкилотлар, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, фаол ёшлар муҳокамалари, таклиф, тавсиялари асосида ишлаб чиқилган. Эндиликда ушбу ҳужжат барча вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимлик органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва ёшларнинг яқин ҳамкорлигида амалга оширилиши назарда тутилган.
Бугунги кунда мамлакатимизда ёшлар манфаатларини ҳимоя қиладиган 830 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари ва жамоат бирлашмалари фаолият олиб бораяпти. Ҳар бир маҳалла, туман, вилоят кесимида ижтимоий-ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи, иштиёқи бор ёшлар учун “Ёшлар дафтари” тизими жорий этилди ва унга қамраб олинган ёшлар билан мунтазам иш олиб борилаяпти.
Ёшларнинг орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш, интеллектуал салоҳиятини намоён этишига шароит яратиш мақсадида турли лойиҳалар ўтказилмоқда, давлат мукофоти таъсис этилди. Кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, баъзи ёшларнинг тиббий маданияти паст, баъзилари ўз соғлиги учун масъулиятни чуқур ҳис қилмайди, ёшлар иштирокида қонун бузилиши, жиноятлар содир этилиши ҳамон содир бўлмоқда.
Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини 2025 йилгача ривожлантириш Концепциясининг амалга оширилиши натижасида бу камчиликларга барҳам берилиб, иқтисодий, ижтимоий соҳаларда рақобатбардош, замонавий билим ва кўникмаларга эга ёш авлод шакллантирилиши мақсад қилинган.
Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини 2025 йилгача ривожлантириш Концепциясини 2021-2022 йилларда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, вазифалар аниқ белгилаб берилган.
Севара ИСМОИЛОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶