ТОР ЁП МАҲАЛЛАСИДА ЖИНОЯТ МУҲОКАМАСИГА БАҒИШЛАНГАН ЙИҒИЛИШ БЎЛИБ ЎТДИ
Тор ёп маҳалла фуқаролар йиғинида маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Ражабов, туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Улуғбек Худойберганов, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Алишер Йўлдошев ва бошқа масъуллар қатнашишди.
Мазкур йиғилишда маҳалла ҳудудида содир этилган мудҳиш жиноят, унинг келиб чиқишига сабаб бўлган ҳолатлар атрофлича муҳокама қилинди. Йиғилишда дастлаб ушбу нохуш ҳодиса ва унинг оқибатлари тўғрисида туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Улуғбек Худойберганов томонидан батафсил маълумот берилди.
Содир этилган жиноят тафсилотларига кўра, жорий йилнинг 26 январь кунидан 27 январь кунига ўтар кечаси бошқа вилоят фуқароси бўлган аёл турмуш ўртоғи билан яқин қариндошининг уйига меҳмонга келган. Аёл ўша яқин қариндоши бўлган уй эгаси билан ўрталаридаги олди-берди масаласи бўйича қаттиқ тортишиб қолишган. Ўзаро низодан келиб чиққан жанжал борган сари катталашиб, эркаклар аралашувига сабаб бўлган. Жанжал вақтида бир-бирларини қаттиқ ҳақорат қилиб, қўл кўтаришгача боришган. Қаттиқ ғазабланган меҳмон аёл ва эркак қўлига тушиб қолган хўжалик пичоғини олиб, қаршисидагиларнинг тана қисмига кўп маротаба санчиб, жароҳат етказишган ва номаълум томонга қочиб кетишган. Пичоқдан жароҳатланган уй эгалари оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.
Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ушбу жиноятни содир этишда гумон қилинаётган аёл ва эркак Республикамиз туманларидан биридаги йўл-патруль хизмати масканида қўлга олинган. Мазкур ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошлаб юборилган.
Йиғилишда сўзга чиққан масъуллар, ушбу жиноятнинг содир этилишига асосан лоқайдлик, бефарқлик сабаб бўлганлигини таъкидлашди. Атроф-муҳитга лоқайд ва бепарво муносабат туфайли шундай мудҳиш жиноят содир этилганлиги тўғрисида сўз юритилиб, бошқа ҳудуд фуқароси келган пайтда ҳужжат ва бошқа масалалари аниқлаштирилишига эътиборсиз бўлмаслик кераклиги айтилди. Шунингдек, кичик низоларга ва ўзаро тортишувларга гувоҳ бўлаётган пайтда атрофдагиларнинг мажбуриятлари, тинчликни сақлаш олдидаги вазифалари, зудлик билан ўша ҳудудда хизмат олиб бораётган профилактика инспекторига хабар қилиш ҳамда бошқа бир қанча мавзуларда сўз борди.
Шунингдек, ҳар бир фуқаро бундай салбий ҳолатлар содир бўлишини томошабин бўлиб кузатиб туриши эмас, балки унинг олдини олишга ҳаракат қилиши шартлиги, шундай ҳолатларда бепарволик билан қарамасдан, ўзини масъул деб билиши кераклиги таъкидлаб ўтилди.
Бундан ташқари, маҳалла раиси, нуронийлар ва маҳалла фаоллари ҳам ушбу ҳолат борасида ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдиришиб, келгусида бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун доим ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишларини таъкидлаб ўтишди.
Муҳокама якунида йиғилишда иштирок этганларнинг барчаси оила аъзолари, қариндош-уруғлари ҳамда таниш-билишларига уларни ибрат олишга чақириш мақсадида мазкур жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ва унинг салбий оқибатларини етказишлари кераклиги айтилди. Шунингдек, бу борада тегишли мутасаддиларга ҳам муҳим чора-тадбирлар белгилаб берилиб, тегишли вазифалар топширилди.
Султан Жарылкаганов, туман Ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶