КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШГА ҲИССА ҚЎШГАНЛАР ДАВЛАТ МУКОФОТИГА ТАВСИЯ ЭТИЛАДИ
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрь кунги 829-сонли қарори билан “Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди. Низомга кўра, коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган шахслар бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади.
Жумладан, ўзларига нисбатан пора талаб қилган шахс ёки ўзларига маълум бўлган коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида коррупцияга қарши курашувчи органлар, яъни Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига берган хабари асосида бундай ҳуқуқбузарлик фош этилса ушбу ҳолат рағбатлантиришга муносиб деб топилади. Шунингдек, коррупцияга оид жиноятни содир этганлиги учун қидирувда бўлган шахс тўғрисида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга берилган хабар асосида қидирувдаги шахс ушланса бундай хабарни етказган шахс ҳам рағбатлантирилади. Лекин Низомга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимлари бундан мустасно.
Шунга кўра, коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахслар тегишлича БҲМнинг 3 бараваридан 25 бараваригача, яъни 669 минг сўмдан 5 млн. 575 минг сўмгача миқдорда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилиши мумкин.
Агар пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган, ўзлаштирилган мулкнинг қиймати БҲМнинг юз бараваридан кўп бўлса, мукофот қуйидаги фоиз ҳисобида ҳисобланади:
- анча миқдор учун – мулк қийматининг 15 фоизи миқдорида;
- кўп ва жуда кўп миқдор учун – мулк қийматининг 10 фоизи миқдорида.
Шахс коррупцияга қарши курашишга муносиб ҳисса қўшганлиги учун давлат мукофотига ҳам тавсия этилиши мумкин. Бундай ҳолат учун шахсларни рағбатлантириш масалалари коррупцияга қарши курашувчи органлар ҳузурида тузиладиган махсус комиссиялар томонидан кўриб чиқилади.
Махсус комиссия қарори асосида бир марталик пул мукофоти ёки эсдалик совғаси билан тақдирлаш ҳақида қарор 1 иш кунида чиқарилади. Шунингдек, пул мукофоти харажатлар сметасига ўзгартириш киритилгандан сўнг 15 иш куни ичида шахсларнинг шахсий ҳисобварағига ўтказиб берилади.
Н.Жуманиёзова, Амударё тумани “Мадад” ҲМБ маслаҳатчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶