ПРЕЗИДЕНТ ҚАРОРИ ИЖРОСИНИ ТАЪМИНЛАШГА БАҒИШЛАНГАН ЙИҒИЛИШ БЎЛИБ ЎТДИ
18 декабрь куни Амударё туман ҳокимлигининг мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 ноябрдаги “2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлашга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Актам Ҳайитов, туман ҳокими Султонбой Йўлдашев, туман ҳокими ўринбосарлари, тегишли муассас, корхона ва ташкилотлар масъуллари, лойиҳа ташаббускорлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Йиғилиш кун тартибидаги масала юзасидан Амударё тумани ҳокими Султонбой Йўлдашев сўзга чиқиб, Амударё туманида ҳудудий инвестиция дастурига мувофиқ 77 та лойиҳа амалга оширилиши ва 2 616 та янги иш ўринлари яратилиши бўйича олиб борилаётган ишлар бўйича маълумотлар маълумотлар бериб, келажакдаги режалар бўйича атрофлича тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг, туман ҳокими ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Рашид Салаев тумандаги инвестиция дастурига киритилган 77 та лойиҳадан бугунги кунга келиб, 38 млрд. 695 млн. сўмлик 33 та лойиҳаларнинг банк кредитлари ўзлаштирилиб, тўлиқ ишга туширилганлиги ва улар томонидан 205 та янги иш ўринлари яратилганлиги хусусида гапириб ўтди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Актам Ҳайитов инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда юзага келаётган муаммолар тўғрисида мазкур лойиҳалар ташаббускорлари билан сухбатлашди.
Жумладан,“Мангит Матбааси” хусусий корхонаси томонидан 772 млн. сўм, шундан 70 минг долларлик хорижий кредит линияси маблағи ҳисобига босмахона ташкил қилиш лойиҳасини амалга ошириш учун банк томонидан 49 минг доллари ажратилганлиги, қолган 21 минг доллар маблағ ажратилиши кечикаётганлиги, “Амударё томорқа хизмати” МЧЖ томонидан томорқа хизмати кластери лойиҳасини амалга оширишга 5 млрд. 27 млн. сўмдан 2 млрд. 500 млн. сўми ажратилганлиги ва қолган 2 млрд. 527 млн. сўм қисми ажратилиши муаммо бўлаётганлиги, шунингдек, қишлоқ хўжалиги лойиҳаларини амалга ошириш учун зарур деб топилган 26,6 га ер майдонларини ажратиш масаласида ташаббускорлар билан бирма-бир гаплашиб, мазкур муаммоларни ҳал этиш чоралари хусусида тўхталди.
Лойиҳаларга зарур бўлган тижорат банк кредитларининг ўз вақтида ажратилиши бўйича мавжуд муаммолар ўрганилиб, кредит маблағларини қисқа муддатларда ажратилишини таъминлаш бўйича зарур топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Амударё туман Инвестициялар ва ташқи савдо бўлими, туман Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими ва лойиҳа ташаббускорлари билан биргаликда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш дастурига киритилган барча мақсадли дастурлардаги лойиҳаларни молиялаштириш ва уларни ўз вақтида ишга туширишда юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш, режада белгиланган муддатларда лойиҳаларнинг тўлиқ ва сўзсиз амалга оширилишини таъминлаш топширилди.
Шунингдек, тижорат банкларининг туман филиали раҳбарларига мавжуд лойиҳаларга ажратилган кредитлар мақсадли ишлатилишига эътибор қаратиш ва ажратилмаган кредит маблағларини қисқа муддатларда ажратиш чораларини кўриш юзасидан тавсиялар берилди.
Йиғилишда туманда амалга оширилиши режалаштирилаётган қишлоқ хўжалиги лойиҳаларига ер майдонлари ажратиш, Солиқ инспекцияси, Статистика бўлими ҳамда Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази раҳбарлари зиммасига ушбу лойиҳалар ишга туширилгач, кўрсатиладиган хизматлар ҳажмини, яратилган иш ўринларининг ҳисоботларда тўлиқ акс эттирилишини назорат қилиб бориш вазифалари юклатилди.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶