Халқ депутатлари туман Кенгашининг 22-сессияси тўғрисида АХБОРОТ
2020 йил 11 декабрь куни Амударё тумани ҳокимлигининг мажлислар залида Халқ депутатлари туман Кенгашининг 22-сессияси бўлиб ўтди.
Сессияга ташриф буюрган масъуллар дастлаб ҳокимлик биносида Амударё туманида фаолият юритаётган тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлардан ташкил этилган кўргазмани томоша қилдилар.

Шундан сўнг, нуфузли спорт мусобақаларида иштирок этиб, Амударё тумани шарафини ҳимоя қилиб келаётган ғолиб спортчиларни тақдирлаш маросими ўтказилди. Туман ҳокими томонидан қизлар ўртасида Тошкент шаҳрида Конституциямизнинг 28 йиллигига бағишлаб, футзал бўйича қизлар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида фахрли 2-ўринни эгаллаган, чим устида хоккей бўйича ўтказилган Қорақалпоғистон чемпионатида 1-ўрин соҳиби бўлган 28 нафар қизларга велосипедлар ва уларнинг 2 нафар мураббийларига эса телевизорлар совға қилинди.

Ушбу тадбирлардан кейин бошланган сессия мажлисида Олий Мажлис Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Ботир Матмуродов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Шукурла Отаниёзов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Нурлан Ерлепесов ҳамда туман ҳокими Султонбой Йўлдашев, ҳоким ўринбосарлари, ҳокимлик масъул ходимлари, ҳуқуқ-тартибот органлари, бўлимлар, жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар. Сессия ишига туман ҳокими Султонбой Йўлдашев раислик қилди ҳамда олиб борди.

Сессия кун тартибига “Амударё тумани ҳокимининг 2020 йилги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунларига ҳамда келгуси йилги режаларига бағишланган мурожаати тўғрисида”ги масала қўйилди.
Кун тартибидаги масала яъни, Амударё туманида 2020 йилда амалга оширилган ишлар, 2021 йилга мўлжалланган режалар тўғрисида туман ҳокими Султонбой Йўлдашевнинг мурожаати тингланди.

Таъкидланганидек, қатор қийинчиликлари билан тарихга айланаётган 2020 йилда ҳам туман аҳолисининг меҳнатлари натижасида барча соҳаларда салмоқли ютуқларга эришилди. Туманда пандемия даврининг мураккаб шарт-шароитларига қарамасдан, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг белгиланган прогноз кўрсаткичларига эришиш бўйича зарур чоралар кўрилди.
Жумладан, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш 379,4 млрд. сўмни, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 624,1 млрд. сўмни, инвестициялар 266,9 млрд. сўмни, қурилиш ишлари 147,8 млрд. сўмни, чакана савдо ҳажми 434,8 млрд. сўмни, хизматлар 217,6 млрд. сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан сезиларли даражада ўсишига эришилган. Шунингдек, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида 2020 йилнинг 1 ноябрь ҳолатига 1279 та жисмоний ва юридик шахсларга жами 48 млрд. сўм миқдорида тижорат банклар томонидан кредит маблағлари ажратилган.

Туман ҳокими таъкидлаганидек, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида йил бошида 90 млрд. 341 млн. сўмлик 56 та лойиҳаларни ишга тушириш режалаштирилган бўлса, шундан бугунги кунгача 88 млрд. 219 млн. сўмлик 67 та лойиҳалар ишга туширилди ва 407 та янги иш ўринлари яратилди. Жумладан, саноат соҳасида 44 млрд. 907 млн. сўмлик 26 та лойиҳа, қишлоқ хўжалиги соҳасида 7 млрд. 570 млн. сўмлик 8 та лойиҳа, хизматлар кўрсатиш соҳасида 35 млрд. 742 млн. сўмлик 33 та лойиҳалар ишга туширилиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 51 фоизга кўпайган.
Султонбой Йўлдашев ўз ҳисоботида туман маҳаллий бюджетининг тушумлари режаси 80,5 млрд. сўм белгилангани, 1 декабрь ҳолатига 82,1 млрд. сўмга, яъни йиллик режа 102 фоизга бажарилгани хусусида маълумот бериб, кичик саноат зонасида амалга оширилган лойиҳалар, маҳаллийлаштириш дастури доирасидаги лойиҳалар ҳамда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида яратилган имкониятлар, қулайликлар ҳақида сўз юритди.
Эътироф этилганидек, бу борадаги самарали ишлар натижасида импорт ҳажми 2020 йилнинг 11 ойида 2 млн. долларни, яъни ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 111,1 фоизни ташкил этиб, 11,1 фоизга кўпайган. Экспорт ҳажми эса 8,2 млн. долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 108 фоизга етган. Шунингдек, 2020 йил 1 декабрь ҳолатига белгиланган дастур асосида барча манбалар ҳисобидан 43 млрд. 19 млн. сўмлик инвестициялар ва бошқа маблағлар ўзлаштирилиб, режа 69,3 фоизга бажарилган. Ундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 июлдаги “Қорақалпоғистон Республикасида чорвачилик тармоқларини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори юзасидан туманда 2020 йилда жами қиймати 18 млрд. 200 млн сўмлик лойиҳалар амалга оширилган.
Ҳисоботда туманда ижтимоий йўналишлардаги, жумладан, таълим, маданият, соғлиқни сақлаш соҳаларида амалга оширилган самарали ишлар, қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари, ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасида йўлга қўйилган чора-тадбирлар, бартараф этилган камчилик ва муаммолар ҳақида ҳам ахборот берилди. Шунингдек, маърузада 2021 йил ва кейинги йилларда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга ошириш зарур бўлган дастурий ва мақсадли вазифаларга кенг тўхталиб ўтилди.
Туман ҳокими келаётган 2021 йилда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида 77 та лойиҳаларда 457 млрд. 460 млн.сўмлик инвестициялар жалб қилиниши, шундан, саноат соҳасида 380 млрд. 194 млн. сўмлик 24 та, қишлоқ хўжалиги соҳасида 30 млрд. 846 млн. сўмлик 28 та, хизматлар кўрсатиш соҳасида 46 млрд. 420 млн. сўмлик 25 та лойҳалар ишга туширилиши режалаштирилаётганини маълум қилди. Шунингдек, туманда фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ҳамда 300 тага яқин янги тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш орқали бюджет тушумлари 120 млрд. сўмга етказиш, бунинг учун асосан экспорт ҳажмини ошириш кўзда тутилаётгани ҳақида сўзлади.
Ушбу вазифаларни амалга ошириш орқали туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш кўрсаткичларини янада юқори кўтариш, аҳоли фаровонлигини ошириш кўзда тутилаётгани таъкидланди.
Кун тартибидаги масала бўйича туман ҳокими Султонбой Йўлдашевнинг ҳисобот маърузаси юзасидан ўтказилган савол-жавоб ва муҳокамаларда Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари ҳамда доимий комиссиялар масъуллари иштирок этдилар.
Амударё тумани ҳокимининг 2020 йилги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари ҳамда келгуси йилги режаларига бағишланган мурожаати бўйича депутатлар, муассаса, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда тегишли соҳа масъул ходимлари томонидан билдирилган таклиф, фикр ва мулоҳазалар инобатга олинган ҳолда, Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг қарори қабул қилинди.
Шунинг билан сессия ўз ишини якунлади.
Сессия якунлангач, Амударё тумани ҳокимининг 2020 йилги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунларига ҳамда келгуси йилги режаларига бағишланган мурожаати юзасидан сектор раҳбарларининг журналистлар билан матбуот анжумани ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Қорақалпоғистон бошқармаси масъуллари, Амударё туманида фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари, яъни “Тараққиёт кўзгуси” ҳамда “Менинг оилам” газеталари, Амударё телевидениеси, Amunews.uz веб-сайти, “Жайхун садоси” интернет радиоси таҳририятлари журналистлари ва мухбирлари иштирок этдилар. Журналистлар туман ҳокимига 2020 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда 2021 йилда кўзда тутилган вазифалар юзасидан саволлар билан мурожаат қилдилар.

Жумладан, Амударё телеканали мухбири, туман Кенгаши депутати Ойбек Бегимов коронавирус пандемияси шароитида ҳам туманда 2020 йилнинг 1 декабрь ҳолатига маҳаллий бюджетга 82,1 млрд. сўм тушум бўлганини, бу йиллик режадан анча юқори эканини таъкидлаб, маҳаллий бюджетнинг ортиқча бажарилиши ҳисобидан тушум бўлган пулларга қандай мақсадларга сарфлангани, декабрь ойидаги бюджетнинг ортиқча бажарилган қисмига қандай ишлар амалга оширилиши режалаштирилаётганини сўраб савол берди.
Туман ҳокими ушбу саволга жавобан қўшимча маблағлар ҳисобидан 2 млрд. сўмлик ишлар амалга оширилганини айтиб, бу маблағларнинг ярми “Меҳр-саховат” жамғармасига йўналтирилганини, қолган қисмига эса аҳолини электр энергияси билан таъминлаш кўрсаткичларини яхшилаш мақсадида 10 дона трансформаторлар ва махсус техникалар харид қилинганини, шунингдек, ижтимоий соҳа объектларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилаётганини айтиб ўтди.
Матбуот анжуманида иштирок этаётган Тараққиёт кўзгуси” газетаси мухбири, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган журналист Робия Йўлдошева туман ҳокимига келгуси йилда таълим соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилиши режалаштирилаётгани, инвеститция ва бошқа дастурлар доирасида нечта мактабгача таълим ташкилотлари қурилиши ва таъмирланиши кўзда тутилаётгани хусусида савол берди.
Туман ҳокими Султонбой Йўлдошев мактабгача таълим ташкилотлари бўйича жами 6 та мактабгача таълим ташкилотларида 13 млрд. 887 млн. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилганини, бугунги кунда режадаги қурилиш-таъмирлаш ишлари 97,2 фоизга бажарилганини таъкидлади. Келгуси йилда ҳам ушбу ишларни самарали давом эттириш, янгидан мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш, таълим соҳасини ривожлантириш борасида тегишли чора-тадбирлар режалаштирилаётганини маълум қилди.
“Менинг оилам” газетаси мухбири, журналист Ойгул Ражабова келгуси йилда туманимизда аҳолини тозаланган ичимлик суви билан таъминлаш даражасини ошириш бўйича қандай ишлар қилиниши, бу борадаги режалар хусусида сўради. Amunews.uz веб-сайти мухбири Озода Худойберганова 2020-2023 йиллар давомида Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий иқтисодий ривожлантириш мақсадида қабул қилинган Президент қарори билан инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати тасдиқлангани, ушбу манзилли рўйхатга Амударё туманидан киритилган лойиҳаларнинг амалиётга татбиқ қилиниши қандай босқичда бораётгани хусусидаги савол билан туман ҳокимига мурожаат қилди. “Жайхун садоси” интернет радиоси мухбири Мафтуна Ҳожибоева эса Амударё туманида жорий этилган кластер тизими, ушбу тизимнинг афзлликлари хусусида савол билан мурожаат қилди.
Шунингдек, семинарда “Еркин Қарақалпақстан” газетаси мухбири Гулнора Жугинисова умумтаълим мактаблари ўқувчиларини мактабга ва мактабдан уйига элтиб қўйиш учун автобуслар ташкил тўғрисида, “Kar24.uz” веб-сайти мухбири Акмал Сирожаддинов Манғит шаҳридаги “Деҳқон бозори” ҳудудини кенгайтириш ҳамда бозор ҳудудига автотураргоҳ қуриб, автотранспорт воситаларининг ҳаракатини тартибга келтириш масаласида, шунингдек, “Ел хызметинде” газетаси мухбири Султонбек Зияев Кўзи ожизлар жамиятининг Амударё тумани бўлими биносини инвентарлар билан таъминлаш ҳамда мазкур бинода табиий газ таъминотини яхшилаш масалаларида саволлар билан туман ҳокимига мурожаат қилди.
Матбуот анжуманида туман ҳокими С.Йўлдашев журналист ва блогерлар томонидан берилган барча саволларга атрофлича, батафсил жавоблар берди.
Матбуот анжуманидан кейин меҳмонлар туманнинг Тош ёп овули “Обод қалъа” аҳоли пунктида жойлашган “Зебо” нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг очилиш маросимида иштирок этди.
100 ўринга мўлжалланган мазкур муассасада болажонларга рус ва инглиз тилларида мулоқот қилиш кўникмалари ўргатилади. Шунингдек, жажжи қизалоқлар учун гимнастика тўгараклари ташкил қилинади.

Муассасада тарбияланувчилар учун барча шароитлар яратилган бўлиб, соғлом овқатланиш рационига мувофиқ 3 маҳал иссиқ овқат берилади.
Мактабгача таълим ташкилотининг ташқи томонида эса болалар учун ўйин ва спорт майдончалари, эртаклар шаҳарчаси ҳамда ёзги айвончалар замон талаби даражасида қурилган.

Тадбирда сўзга чиққанлар овул аҳли ва болажонларни янги муассасанинг иш бошлагани билан қизғин муборакбод этдилар.
Туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶