КЎНГИЛ-КЎНГИЛЛАРДАН СУВ ИЧГАН УЧРАШУВ
Ҳар бир кишининг ҳаётида дўст-биродарларининг ўрни жуда муҳим. Инсон ҳаётининг энг оғир дамларида дўстларига суянади, уларнинг меҳридан, оқибатидан мадад олади, муаммоларига бирга ечим излайди. Дўстликни – иймон аломати ҳам дейишади. Унинг маскани кўнгил, у ҳеч қандай мезон билан ўлчанмайди. Ҳақиқий дўстлик ҳар қандай манфаатлардан устун туради. Дўстлар билан ҳаёт тотли ва мазмунли бўлади.
Инсон ҳаёти давомида жуда кўп одамлар қуршовида яшайди, дўстлар орттиради. Бироқ, беғубор болалик дамларини бирга ўтказган, оламча ҳайрат ва ҳавас билан бирга мактаб остонасига илк қадам қўйиб, бирга илм сирларини ўрганган синфдош дўстларнинг ўрнини ҳеч ким боса олмайди.
Эҳтимол, мактабларни битириб, ҳар бири ҳар ёққа сочилиб кетган собиқ синфдошларнинг учрашувлари тобора анъанага айланиб бораётганлиги шундан бўлса ажаб эмас.
Яқинда Тўлқин овулида фаолият юритаётган 33-сонли умумий ўрта таълим мактабини бундан 20 йил муқаддам тугатиб кетган, 1983 йилда туғилган собиқ ўқувчилар ҳам ўзлари таълим олган мактабда учрашувга йиғилдилар. Улар 2 та синфда таълим олган 58 нафар ўғил-қизлар эдилар. Мактаб остонасига илк қадам қўйган кунида уларни тажрибали бошланғич синф ўқитувчилари Турсунбой Отажонов, Орзигул Ғафуровалар илиқ қарши олиб, қўлларидан тутиб, ҳарфларни ёзишни, ўқишни ўргатдилар.

Ҳали болалик шўхликларини тарк этиб улгурмаган болажонларнинг барча эркаликларини, инжиқликларини бағрикенглик билан кечириб, илм дунёси сари дадил қадам ташлашларига эришган, бугунги кунда барчаси ҳаётда ўз ўринларини топганларидан кўнгли юксалиб яшаётган меҳридарё устозлари Орзигул Ғафурова, Турсунбой Отажонов, синф раҳбарлари Римбой Шомуродов, Пардабика Жуманиёзова, Жумагул Авазмуродова, мактаб директори Ҳанифа Яхшимова ва бошқа ўқитувчилар жамоаси уларни мактаб остонасида соғинч билан қарши олдилар.
Кўзларида ҳаяжон, дилларида орзиқиш билан келган собиқ синфдошлар устозлари билан саломлашиб, омонлик сўрашдилар. Мактаб директори Ҳанифа Яхшимова барчани дийдор лаҳзалари билан қутлади. Кейин ҳар бир синф ўқувчилари ўзларининг илк устозлари билан таълим олган синфларига киришди. Устозлар синф доскасига кун мавзусини ёздилар: «Дийдорлашув!» Кўнгилга яқин, самимий, бундай қувончли лаҳзаларда тиллар кўнгил кечинмаларини сўзлашга ожизлик қилади.

Собиқ синфдошлар – мамлакатимизнинг турли бурчакларидан айнан шу учрашув учун етиб келган болалик дўстлар аввало ўзларига таълим-тарбия берган устозлари – ҳаётдан бевақт кетган Амат Шомуродов, Собир Худанов, Олламберган Мухторов, Тўлғоной Наврўзбоева, Хадича Жабборберганова, Муҳаммад Худойбергановларни ва ақлли, меҳрибон дўстлари Бегзод Мамутовларни сукут сақлаб, эсга олдилар. Ўзаро суҳбатлардан, мактаб биносини сайр қилишдан сўнг, ушбу ҳудудда истиқомат қилувчи кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилага бориб кундалик рўзғор эҳтиёжлари учун ишлатиладиган маҳсулотларни хайрия сифатида топширишди ва ногиронлиги бўлган бир фуқарога қишки кийим совға қилдилар. Бундан устозлари жуда хурсанд бўлишди. Аслида бугун ушбу учрашувга йиғилган синфдошлар устозларининг ҳурматини, меҳрини қозонган йигит-қизлар эди. Улар орасида Кенжабой Ортиқов, Фахриддин Жумабеков, Мунира Ўрозбоева, Шаҳло Казакбоева, Бағила Давлатмуродовалар ўзлари ўқиган ушбу мактабда, устозлари билан ёнма-ён, Дилфуза Тожимуродова, Шарофат Шомуродовалар эса 28-сонли мактабда ўқувчиларга таълим-тарбия беришмоқда.

Шунингдек, Ғуломжон Эшалов, Мансур Ваисовлар ички ишлар органларида, Азамат Собиров, Қурбонбой Эрдошевлар ҳарбий соҳада хизмат қилишмоқда, Назокат Қўчқорова эса эколог. Синфдошларнинг барчаси элда ибратли оилалар бўлиб етишишган.

Шўх болалик даврлари, устозлар сабоқлари, ўқувчилик ҳаётидаги эсда қоларли воқеалари ҳақидаги самимий гурунглардан сўнг, учрашув Манғит шаҳридаги «Ўзбегим» кафесида давом этди. Куй-қўшиқларга шодон рақс тушаётган устозлар ва собиқ синфдошлар ушбу учрашувдан ўчмас таассуротлар олдилар. Кўнгилларидаги меҳр-оқибат, дўстлик ришталари янада мустаҳкамланди.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶