ЧЕГАРА ДАХЛСИЗЛИГИНИ САҚЛАШ МАВЗУСИДА ТАДБИР ЎТКАЗИЛДИ
Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисидаги Қонуни мамлакатимиз Давлат чегарасини белгилаш, ўзгартириш, ҳимоя қилиш ва қўриқлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга хизмат қилади.
Давлат чегараларини белгилаш ва ўзгартириш пайтида Ўзбекистон Республикаси миллий хавфсизликни таъминлаш заруратидан келиб чиқади ва давлатларнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, давлат чегаралари дахлсизлиги ва бузилмаслигини ўзаро ҳурматлаш, чегара масалаларини тинч йўл билан ҳал этиш, чет эл давлатлари билан ҳар томонлама, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик асосида ҳамкорлик қилиш, қўшни давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, куч ишлатмаслик ва куч билан таҳдид қилмаслик принципларига амал қилинади. Шунингдек, ушбу Қонунда Давлат чегарасини белгилаш ва ўзгартириш, Давлат чегарасига белги қўйиш, Давлат чегараси режимини белгилаш каби муносабатларнинг ҳуқуқий асослари каби кўпгина масалалар қамраб олинган.
Шунингдек, Давлат чегараси орқали товарлар, бошқа мол-мулк ва ҳайвонларни олиб ўтиш қонун ҳужжатларида ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида белгиланган жойларда, яъни белгиланган ўтказиш пунктлари орқали амалга оширилади.
Ушбу қонуннинг 15-моддасида Давлат чегарасини Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларидан бошқа жойдан ёки ўтказиш пунктлари орқали бўлса-да, бу борадаги қоидаларни бузган ҳолда ҳар қандай усул билан кесиб ўтиш, кесиб ўтишга уриниш Давлат чегарасини бузиш ҳисобланади, деб кўрсатилган.
Маълумки, туманимиз Туркманистон давлати билан чегарадош. Ушбу ҳудудларда аҳолининг Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси тўғрисидаги қонунини аҳолига кенг тарғиб этиш – чегараолди ҳудудида тинчлик-осойишталик сақланишини таъминлайди.
Шу мақсадда яқинда Давлат хавфсизлик хизматига қарашли Чегарани қўриқлаш взводи командири Элёр Жўрабоев, хизматчиси Фазлиддин Маҳамадиевлар Боғ маҳалласи фуқаролари билан суҳбат ўтказишди.
Тадбирда Элёр Жўрабоев аҳолига Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисидаги қонуни талабларини, айниқса, чегараолди ҳудудда яшовчи аҳоли чуқур билиши, амал қилиши лозимлиги ҳақида гапирди.
Маърузада чегараолди ҳудудларида бўлишда чегара дахлсизлигига раҳна солмаслик, чегараолди ҳудудларида жойлашган ҳарбий муҳандислик-техник иншоотларга ва тўсиқларга шикаст етказмаслик, чегарани бузиб ўтишга уринмаслик лозимлиги, бунингдек ҳолатлар содир этилса, амалдаги қонун-қоидаларга мувофиқ маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортишга асос бўлиши таъкидланди.
Шунингдек, қўшни давлатлар чегараларида кейинги вақтларда содир этилган кўнгилсиз ҳолатларга холисона баҳо берилди.
Тадбирда аҳоли “Ҳамроҳ” газетасига обуна бўлишга, унда ёритилаётган долзарб ва қизиқарли материалларни ўқиб, маънавиятини юксалтириб боришга даъват этилди. Сўнгра аҳолини қизиқтирган саволларга жавоблар берилди.
Ўтказилган тадбир чегараолди ҳудудида истиқомат қилувчи аҳолига чегараларимиз дахлсизлигини сақлашга оид кўпгина билимларини сингдиргани билан аҳамиятли бўлди.
О.РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶