ОЧИҚ СУД МАЖЛИСИДА ЙЎЛ-ТРАНСПОРТ ҲОДИСАСИГА ДОИР ИШ КЎРИЛДИ
Йўл-транспорт ҳодисалари кўпинча ҳайдовчиларнинг ҳаракат қоидаларига эътиборсизлиги, бепарво муносабатда бўлиб, қоидабузарликка йўл қўйиши оқибатида келиб чиқади. Қоидабузарликлар эса кўпинча оғир оқибатларга олиб келади ва инсон ҳаётини хавф остида қолдиради.
19 август куни Жиноят ишлари бўйича туман суди томонидан ҳам очиқ суд мажлисида автотранспорт воситасида йўл-транспорт ҳодисасини содир қилган туманимиз фуқаросига оид жиноят иши кўриб чиқилди. Судда суд раиси С.Давлетмуродов, судья ёрдамчиси Э.Жуманиёзов, туман прокурорининг катта ёрдамчиси С.Ёрмуҳаммедов, туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси суриштирувчи М.Раҳимовлар иштирок этишди.
Дастлабки тергов органи томонидан воқеа бўйича айбдор деб топилган жавобгар фуқаро шу йил 9 июль куни ярим тунга яқин, ўзига тегишли давлат рақам белгиси бўлмаган “Минск” русумли мотоциклни ҳеч қандай ҳужжатларсиз, спиртли ичимлик ичиб, маст ҳолатида “Қипчоқ-Манғит-Туркманистон” чегарасигача асфальт йўлининг 19 километрида бошқариб бораётиб, йўл-транспорт ҳодисасини содир қилган. У ўзининг бу ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрь кунги 370-сон қарори билан тасдиқланиб, 2016 йил 1 март кунидан амалга киритилган “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 12-банди 1-кичик банди ва 12-банди 2-кичик бандини қўпол равишда бузган ҳолда бошқарувини йўқотиб, асфальт йўлдан чиқиб кетган. Натижада мотоциклда йўловчи бўлган яна бир фуқаро тан жароҳатини олиб, туман Тиббиёт бирлашмасига ётқизилган. Ушбу ҳодисада жабрланган фуқарога тайинланган суд-тиббиёт экспертизасининг хулосасига кўра, “ўртача оғир” даражадаги тан жароҳатини етказилган. Шу сабабли йўл-транспорт ҳодисасини содир қилган қоидабузар Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда гумон қилинувчи тариқасида ишга жалб қилинган.
Суд жараёнида гумон қилинувчи ва жабрланувчининг сўзлари, прокурорнинг фикрини тингланди. Уларнинг кўрсатмалари иш материаллари билан таққослаб кўрилди, текшириб чиқилди. Суд хулосасига кўра гумон қилинувчига оид жиноят иши тегишли модда асосида ҳар иккала томоннинг ярашганлиги муносабати билан ҳаракатдан тугатилди.
С.Давлетмуродов, Жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди раиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶