АМУДАРЁЛИК ШИЖОАТЛИ ЁШЛАР
Мамлакатимизда ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва рағбат уларни янги-янги ғоялар билан яшашга руҳлантирмоқда. Айни пайтда давлат ва жамият бошқарувида, шунингдек, бизнесни тараққий эттиришда, умуман олганда, барча соҳа ривожида салоҳиятли ёшлар муҳим ўрин тутади. Янгидан-янги ташаббус ва ғояларни ҳаётга татбиқ этишда, замонавий иш услубларини жорий қилишда жамият учун “янги қон” вазифасини ўтовчи ана шу қатламнинг нуқтаи назари ва олиб бораётган саъй-ҳаракатлари алоҳида аҳамият касб этади. Шу боис, мамлакатимизда замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган, интилувчан ёшларни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
2018 йил 27 июнь санасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастурининг тасдиқланиши юртимиз ёшлари ҳаётида янги саҳифа очди. Ушбу ҳужжат билан ёшларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, уларнинг истиқболли ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришларида кўмаклашиш, шу асосда ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муаммоларни бартараф этиш, пировардида ёшлар бандлигини таъминлаш устувор вазифа қилиб белгиланди. Албатта, Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш борасидаги амалий ишларнинг катта-катта мақсади бор, лекин уларни амалга оширишда иккиланиб, қийинчиликларга дуч келаётган минглаб, миллионлаб ёшларни руҳлантирди, ташаббускор ёшлар дадиллик билан майдонга чиқдилар.
Амударёлик ёшлар ҳам ўтган қисқа вақт ичида “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳам ташаббускорлари, ҳам фаол иштирокчиларига айланишди. Хусусан, дастур ижросини таъминлаш бўйича туманда 2018 йил учун 12 та лойиҳага 2 млрд. 555 млн. сўм кредит маблағлари ажратилиб, 65 та янги иш ўринлари яратилди, яъни ишлаб чиқариш соҳасида 5 та, маиший хизмат кўрсатиш соҳасида 7 та лойиҳа муваффақиятли амалга оширилди. Натижада ҳар икки соҳа бўйича 65 нафар уюшмаган ёшлар доимий иш билан таъминландилар. Шунингдек, “бир фермерга битта ёш” лойиҳаси доирасида 62 нафар уюшмаган ёшларнинг мавсумий бандлиги таъминланди. Уларга буғдой ҳосилидан бўшаган ерлар ҳисобидан такрорий экин экиш учун 1 гектардан ер майдони ажратиб берилди.
Бу каби ишлар 2019 йил изчил давом эттирилди. 2019 йил давомида “Yoshlar –kelajagimiz” Давлат дастури доирасида манзилли режа асосида ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш комиссияси томонидан қиймати 19 млрд. 383 млн. сўмлик 85 та лойиҳа маъқулланиб, 505 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилди ва 25 та лойиҳа муваффақиятли амалга оширилиб, 165 та янги иш ўринлари яратилди.
Дастур доирасида амалга оширилган лойиҳалар туфайли юзлаб амударёлик ёшларнинг бандлиги таъминланди, тадбиркор, интилувчан ёшлар қўллаб-қувватланиб, ўз бизнесларини муваффақиятли юритишлари учун имкониятлар яратиб берилди. 2020 йилда эса Давлат дастури доирасида 15 та лойиҳага 3 млрд. 800 млн. сўм кредит маблағлари ажратилиши эвазига 57 та янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган.
Туманда тадбиркорлик соҳасида юқори натижаларга эришаётган ёшлар кўп. “Produktion material” МЧЖ корхонаси раҳбари ва таъсисчиси Жавлонбек Йўлдошев ана шундай ёшлардан бири. Ўз билим ва иқтидорини тадбиркорлик соҳасида синаб кўришга қарор қилганида олий таълим даргоҳи талабаси эди. Жавлонбек Йўлдошев ўз тадбиркорлигини қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўналишини ташкил этишдан бошлади. Мамлакатимизда ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва кенг имкониятлардан фойдаланиш мақсадида “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури доирасида 2019 йилнинг декабрь ойида ғишт, темир-бетон ва бетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун 1 млрд. 500 млн. сўм имтиёзли банк кредити олиб, ўз фаолиятини кенгайтиришга қарор қилди. Олинган маблағ ҳисобига темир-бетон ва бетон маҳсулотларини ишлаб чиқариш ускуналарини сотиб олди. Айни пайтда корхона цехларига келтирилган янги технология ва ускуналарни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Ғишт ишлаб чиқариш заводи эса тўла қувват билан ишлаб, мазкур заводда 49 нафар қиличбойлик ёшлар фаолият юритишмоқда. Ғишт заводида кунига 18-20 минг дона пишиқ ғишт ишлаб чиқарилиб, тумандаги қурилиш ташкилотларига ва якка тартибда иморат қураётган аҳолига етказиб берилмоқда.
Корхонанинг янги цехи – темир бетон ва бетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишидаги лойиҳани амалга ошириш жараёнида яна қўшимча ўнлаб қиличбойлик ёшларнинг доимий иш билан таъминланиши кўзда тутилган.
Жавлонбек Йўлдошев ўз ташаббуси ва ғояларини амалга ошириш жараёнида нафақат иқтидорли тадбиркор эканлигини, балки юксак инсоний фазилатларини ҳам намоён этмоқда. У бутун дунёда глобал муаммога айланган коронавирус пандемияси даврида 20 та кам таъминланган оилани ўз оталиғига олган. Мазкур оилаларда тез-тез бўлиб, муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишга кўмаклашиш билан бирга, уларни кундалик озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаб келмоқда.
Президентимиз тадбиркор, интилувчан ёшларни бекорга Ўзбекистоннинг тараққиёти, келажаги йўлидаги ишларни амалга оширишда жамият учун “тоза қон” деб атамаган. Чунки соғлом фикрли, юксак халқпарвар ғоялари ва ташаббуслари билан мамлакат келажагини яратиш йўлида дадил олдинга интилаётган Жавлонбек Йўлдошев сингари ёшлар ҳақиқатдан ҳам янги Ўзбекистоннинг теран томирига айланишига шак-шубҳа йўқ.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶