ЎЗИНИ ЎЗИ МЕҲНАТ БИЛАН БАНД ҚИЛГАН ФУҚАРОЛАР УЧУН ВАҚТИНЧАЛИК МЕҲНАТ ГУВОҲНОМАСИ БЕРИЛАДИ
Мамлакатимиз фуқаролари ўзлари хоҳлаган фаолият тури билан шуғулланиб, даромад топишлари ва оиласини боқишлари, кексайганда ёшга доир, шунингдек, меҳнат лаёқатини йўқотганда ногиронлик пенсиясини олишлари мумкин.
Одамларимиз орасида шундай тоифалари ҳам борки, бирон корхона, идора, ташкилотда ўзига қулай иш топа олмай, турли мавсумий ишларда ишлашади ёки оиласида томорқа, чорва билан шуғулланиб даромад топади. Бироқ унинг фаолияти ҳеч қаерда қайд этилмайди. Бу вақт ўтиб кексалик нафақаси ёшига етганида нафақа тайинлаш учун талаб қилинадиган меҳнат стажи йўқлиги муаммосини келтириб чиқаради.
Ҳукуматимиз фуқароларни бундай муаммодан ҳимоя қилиш мақсадида 2019 йил 9 июлда ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Мазкур қарорда 2019 йилнинг 1 сентябридан бошлаб, ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари, шундай гувоҳнома эгаларига меҳнат стажини ҳисобга олиш ва рағбатлантирувчи имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи берилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2019 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича давлат буюртмаси тўғрисида” 2019 йил 5 мартдаги 4227-сонли қарорини ижро этиш юзасидан ва ўзини ўзи меҳнат билан банд қилиш ҳисобига ўзини меҳнат даромади билан таъминлайдиган шахсларнинг меҳнат фаолиятини тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг қабул қилган мазкур қарори мамлакатимизнинг турли мавсумий ишларда ишлайдиган фуқароларининг ижтимоий ҳимоясини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Меҳнат даромади олишга йўналтирилган жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш, ишларни бажариш бўйича шахсий меҳнати билан иштирок этишга асосланган фаолиятни мустақил амалга оширадиган фуқаролар ўз ўзини банд қилган фуқаролар ҳисобланади. Уларга меҳнат гувоҳномаси меҳнат органлари томонидан уларнинг яшаш жойидан қатъий назар, пулли асосда берилади. Ушбу тўловларни ундиришдан тушган тушумларнинг бир қисми ўзини ўзи меҳнат билан банд қилган фуқароларнинг пенсия суғуртасини таъминлашга йўналтирилади.
Ўзини ўзи банд қилган фуқаронинг вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси берилган санадан бошлаб, амал қилишининг бутун даври меҳнат стажига киради. Вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси ариза берувчининг хоҳишига кўра, жисмоний шахснинг мурожаати асосида 1 ойдан 12 ойгача бўлган муддатга берилади. Меҳнат гувоҳномасининг амал қилиш муддати тамом бўлгунига қадар ўзини ўзи банд қилган фуқаро янги, вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси олиш учун такроран мурожаат қилиши мумкин, бунда такрорий мурожаатлар сони чекланмаган.
Меҳнат гувоҳномаси берилганлиги учун тўлов ариза берувчи томонидан ариза берилган вақтда бирйўла тўланади. Тўлов миқдори вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси муддатига қараб белгиланади.
Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари бериладиган фаолият турларига уйда репетиторлик қилиш, болаларга қараб туриш, беморлар ва ўзгалар парваришига муҳтож кексаларга қараб туриш ва уларни парвариш қилиш бўйича жисмоний шахсларга кўрсатиладиган хизматлар, уй хўжалигини юритиш ва уй ишларини бажариш, шу жумладан, турар жойларни тозалаш, овқат пишириш бўйича уй хўжаликларига хизмат кўрсатиш, уйда мебелларни таъмирлаш ва йиғиш, мураккаб бўлмаган умумий қурилиш, таъмирлаш-қурилиш ишлари каби кўпгина хизматлар киради.
Ана шундай фаолият билан банд бўлган фуқаролар вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси олиб, меҳнат стажига эга бўлишлари мумкин.
Зокиржон ХАЛИЛЛАЕВ, Бюджетдан ташқари
пенсия жамғармаси туман бўлими бошлиғи, ўринбосари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶