ТИНЧ-ОСОЙИШТА ЮРТДАГИНА ОДАМЛАР БАХТИЁР ЯШАЙДИ
Болалигимдан ҳарбий бўлишни, ҳарбий либос кийиб, машаққатлардан тап тортмай, Ватанимизни қўриқлашни орзу қилардим.
Ниятинг – йўлдошинг, деганлари ҳақ гап экан. Мактабни тугатиб, Тошкент Олий ҳарбий умумқўшин қўмондонлик билим юртига ўқишга киришга муваффақ бўлдим. Ўқиб юрган даврларимда ҳам, Шарқий-ҳарбий округда хизмат қилган даврларимда ҳам метиндек тартиб-интизом, жанговар амалиётлар, масъулиятли касбим мени ҳеч орзуларимдан узоқлаштирмади.
Кейинчалик туманимизга қайтиб Амударё мелиорация ва сув хўжалиги касб-ҳунар коллежида чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси бўлиб ишлаган давримда кўнглимдаги Ватан ҳимоячиси деган фахр ва масъулият туйғусини ўқувчиларимга ҳам сингдиришга, йигитлик шаънини юксак тутиб яшашига эришишга интилдим. Тинч-осойишта юртда яшаган инсонгина чинакам бахтиёр бўла олишини, бу вазифа юрт ўғлонлари зиммасида эканлигини ўргатдим. Натижада коллеж ўқувчилари “Ёш чегарачилар” ҳарбий ватанпарварлик мусобақасининг уч марта Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ғолиби, икки марта мамлакат босқичи совриндори бўлишди.
Ҳозирги кунда улар турли олийгоҳларда таҳсил олишмоқда, етук кадрлар бўлиб етишишга интилишмоқда.
2019-2020 ўқув йилидан бошлаб, 6-сонли умумий ўрта таълим мактабида ёшларни чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси бўлиб ишлаяпман. Дастлабки эришган натижаларим ёмон эмас. Мазкур фанни ўқитишнинг ўзига хослик томонлари бор. Хусусан, ёшларни миллий ғоя ва Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбига Ватан ҳимояси ҳар бир йигит учун шарафли бурч эканлигини сингдириш, ота-боболаримиз ҳоки ётган шу азиз гўшамизнинг равнақи ва мустақиллиги йўлида курашган миллий қаҳрамонларимиз билан фахрланиш, улардан ибрат олишга йўналтириш асосий вазифа бўлиб ҳисобланади. Шунингдек, Ватан ҳимоячиси бўлиш йўлидаги илк кўникмалар шакллантирилади, ҳарбий хизматда фойдаланиладиган замонавий қурол-аслаҳалар, миллий армиямизда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан таништирилиб борилади.
Мактабимиз ўқувчилари орасидан келгусида юрт корига ярайдиган, тинч-осойишталиги учун курашадиган ватанпарварлар етишиб чиқишига ҳаракат қилаяпман.Фурсатдан фойдаланиб, барчани Ватан ҳимоячилари куни билан табриклайман.
Лазиз МАТСАФОЕВ,
6-сонли мактаб чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶