“Армия – тинчлик қалқони” тадбирида Ватан ҳимоячилари улуғланди
Тинчлик – дунёдаги энг буюк неъмат. Бу неъматни кўз қорачиғидек асраб-авайлаётган, юрт осойишталигини таъминлаш учун жонини фидо қилиб келаётган Ватан ҳимоячилари билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Зеро, улар бу йўлда учрайдиган ҳар қандай машаққатни жасорат билан енгиб, юрт, халқ учун кўксини қалқон қилади. Дарҳақиқат, Ватаннинг буюк келажаги ва бахту иқболи учун жон куйдириш энг олий саодат бўлса, тинчлигини, осойишталигини авайлаб-асраш юксак шарафдир.
Бугунги кунда мамлакатимизда армия ва ҳарбий хизматнинг нуфузи ошиб, ҳарбийлик шарафли касблардан бирига айланди. Мамлакатимиз мустақиллигини асраш, юртимиз тинчлиги, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлашнинг ишончли қалқонига айланган Қуролли Кучларимизнинг ҳам салоҳияти тобора юксалиб бораяпти. Ёшларни миллий армиямиз сафларига тайёрлаш, қалбида Ватанга юксак муҳаббат, Қуролли Кучларимиздан ғурурланиш ва ҳарбий-ватанпарварлик туйғуларини камол топтириш мақсадида жойларда ўтказилаётган турли маънавий-маърифий тадбирлар эса фахр-у ифтихор туйғуларини янада юксалтирмоқда.
9 январь куни Хитой овулидаги 86-сонли мактабда ватанпарварлик ойлиги доирасида “Армия – тинчлик қалқони” тадбири ўтказилди. Мамлакат Қуролли Кучлари ва халқимиз ўртасидаги риштани янада мустаҳкамлаб, ёшларнинг ҳарбий касбга қизиқишини, ўз армиясига нисбатан фахр, ғурур, ифтихор туйғуларини ошириш мақсадида ўтказилган ушбу тадбирда туман ҳокимлиги, ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман Кенгаши ва туман Мудофаа бўлими масъуллари иштирок этдилар.
Тадбирда сўзга чиққан масъуллар юрт тинчлиги ва осойишталигини мардонавор ҳимоя қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг шарафли фаолиятларини алоҳида эътироф этдилар. Шунингдек, тенгликда онага менгзаладиган Ватанни кўз қорачиғидек асраш ва уни мардларча ҳимоя қилиш шараф эканлиги, мана шундай муқаддас вазифани сидқидилдан адо этаётган юртнинг асл ўғлонлари доим эл ардоғидалигини алоҳида таъкидлаб ўтишди. Ундан ташқари, масъуллар Қуролли Кучларимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, ҳарбий хизматчилар учун яратилаётган шарт-шароит ва имкониятлар хусусида ҳам атрофлича фикр юритишди.
Ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида ўтказилган тадбирда Ватан тақдири, юрт тинчлиги ва ҳимояси йўлида бор салоҳияти билан масъулликни зиммасига олишга қодир, шижоатли ёшлар қалбидаги ватанпарварлик туйғулари янада мустаҳкамланди.
О.Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶