"КАМАЛАК"ДА ЯНГИ ЙИЛ САРГУЗАШТЛАРИ
Халқимиз болажон, борини боламга деб яшайди. Бу азалий қадриятларимиз давлатимиз сиёсатида ҳам ўз аксини топаяпти. Ёш авлоднинг комил инсонлар бўлиб вояга етишига барча шароитлар муҳайё этилаётган юртимизда байрамлар, қутлуғ кунлар тантаналарини ҳам болаларга аталган тадбирлар бошлаб беради. Янги йил байрами арафасида ҳам мамлакатимиздаги барча умумий ўрта таълим, мактабгача таълим ташкилотларида Қорбобо ва Қорқиз иштирокидаги янги йил байрамига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди.
26 декабрь куни Манғит шаҳридаги 31-мактабнинг 3-“А” синф ўқувчилари иштирокида ўтказилган “Янги йил саргузаштлари” томошаси ҳам болажонларга ҳақиқий янги йил шодлигини ҳадя этди.
Камалакранг чироқлар, анвойи ўйинчоқлар, қор парчалари билан безатилган маҳобатли арча атрофида болажонларнинг янги йилга бағишланган шеърларни, қўшиқларни маҳорат билан ижро этиши, эртаклар қаҳрамонлари билан гоҳ ҳазил-мутойибали, гоҳ тортишувли саргузаштлари томошабинларга хушнудлик бағишлади.
Саҳнада ўрмон оралаб дўстларини янги йил совғаси билан қутлагани кетаётган Оппоғойни Ялмоғиз кампир гапга тутади. Шунда унинг ҳамкори Қароқчи совғаларни олиб қочади. Бундан хабар топган Миттивой дўстлари Қизил қалпоқча ва Полвонни ёрдамга чорлайди. Шу тариқа дўстлар байрам шодлигига раҳна солишга уринганларни енгиб, қувноқ ва шодиёна тарзда айёмни нишонлашни бошлайдилар. Томошабинлар яхшиликнинг, эзгуликнинг ёвузлик устидан ғалаба қозонишини қувноқ қийқириқлар билан олқишладилар. Саргузаштлар давомида қаҳрамонларнинг рақслар, қўшиқларни маҳорат билан ижро этганларидан болажонлар ушбу томошага жуда пухта ва қунт билан тайёргарлик кўришганини англаш мумкин.
Бу сценарийни синф раҳбари Омонжон Саъдуллаева ва ёшлар иттифоқи етакчиси Шаҳноза Хўжамуродовалар танлашди. Томошани байрам тадбирида саҳнага олиб чиқиш учун синфдаги барча ўқувчилар бир ой давомида астойдил тайёргарлик кўришди. Саҳна безаклари, кийимлар масаласида ота-оналар ҳам қўллаб-қувватлашди. Синф раҳбари учун энг қувончлиси, айниқса, тайёргарлик жараёнида ўқувчиларнинг бир-бирлари билан яна ҳам иноқлашиб, ҳамжиҳатликда ижодий ишлашгани бўлди.
Томошада синфдаги 26 нафар ўқувчининг ҳаммаси қатнашди. Айниқса, Чарос Жуманиёзова, Дилнура Улуғбекова, Лобар Ўринбоева, Нодирбек Жумабоевларнинг ижроси жуда таҳсинга сазовор бўлди.
Томоша сўнгида саҳнага Қорбобо ва Қорқиз чиқиб келиб, болажонларни, томошага ташриф буюрган ота-оналарни Янги йил байрами билан қутлади, совғалар улашди.
Аслида қобилиятсиз боланинг ўзи бўлмайди, дейишади руҳшунослар. Энг муҳими, мурғак болажонлар кўнглидаги қобилиятни англаб, ривожлантиришга ҳаракат қилишда, уларни яхшиликлар сари етаклашда. Буни “Камалакда янги йил саргузаштлари” томошаси орқали ҳам кўриш мумкин.
Томоша барчага манзур бўлди.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶