Умумтаълим мактабларига ўқув қуроллари тантанали равишда топширилди
Мамлакатимизда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда халқимиз тарихига ва маънавий қадриятларига юксак ҳурмат туйғусини шакллантириш, Ватан ҳимоясига, унинг миллий хавфсизлиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини таъминлашга доимо шай туришга ҳамда ҳарбий хизматни ўташга тайёрлаш мақсадида ёшларга чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик юзасидан билимлар берилади.
Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик – Ўзбекистон Республикаси ёшларини ҳарбий хизматга тайёрлашнинг муҳим босқичи бўлиб, умумтаълим мактаблари 10-11-синф ўқувчиларининг бошланғич ҳарбий билимларини шакллантиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ҳамда Халқ таълими вазирликлари томонидан Умумий ўрта таълим мактабларининг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик синфларини ўқув қуроллари ва моддий воситалар билан жиҳозлаш тўғрисидаги қўшма қарорига асосан Амударё тумани халқ таълими бўлимида умумтаълим мактабларига беғараз тарзда берилаётган ўқув қуроллари ва бошқа моддий воситаларни тантанали равишда топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда туман ҳоким ўринбосари Алишер Йўлдашев, туман Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи Азизбек Жанузаков ва бошқалар сўзга чиқиб, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик, ватанга садоқат руҳида тарбиялашда чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик муҳим ўрин тутишини таъкидлаб ўтдилар.
Тадбирда туманимиздаги умумтаълим мактаблари маъмуриятига ўқув ҳарбий ўқотар қуроллари ва бошқа моддий воситарлар топширилди.

Чиндан ҳам, бундай тадбирларни ўтказиш ўқувчиларга Ватан ҳимояси борасида ўзининг конституциявий ҳуқуқ ва бурчларини чуқур англатиш, ўз юртини ҳар қандай қуролли тажовуздан ҳимоя қилишдек шарафли бурчини адо этишларига замин яратиш, ҳарбий касбга бўлган қизиқишларини орттириш, шунингдек, фавқулодда вазиятларда ўзини ва бошқаларни ҳимоя қилиш, давлатимизнинг маънавий ва моддий неъматларини сақлаш йўлида оқилона ташаббус кўрсата оладиган жамиятимизнинг фидойи ва ватанпарвар аъзоларини тайёрлашдек мақсадларга хизмат қилади.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶