Пенсия ва нафақалар бўйича муаммолар бўлмайди
Мамлакатимизда фахрийларга, кексаларга, пенсионерларга, ногиронлиги бўлган, боқувчисини йўқотган фуқароларга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу борада давлат пенсияларини тайинлаш, молиялаштириш, уларнинг тўланишини ҳисобга олиш, тўловларни назорат қилиш ҳамда тизим фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича Президентимиз томонидан бир неча фармон ва қарорлар қабул қилинди. Молия Вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Амударё туман бўлимида ҳам 2019 йил «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастури асосида бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Туманда 2019 йил 1 январь ҳолатига жами пенсия, ижтимоий нафақа олувчилардан ёшга доир пенсия олувчилар 15615 нафарни, ногиронлик бўйича пенсия олувчилар 2360 нафарни, боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчилар 970 нафарни, пенсия тайинлаш учун зарур иш стажига эга бўлмаган қариялар ва боқувчисини йўқотганлар учун ижтимоий нафақа тўланадиганлар 2025 нафарни ташкил этади. Фуқароларга пенсия ва ижтимоий нафақалар тайинлаш масалалари жараёнида асосий эътибор пенсияларнинг қонун талаблари асосида тўғри тайинланиши учун корхона ва ташкилотлар, архив идораси томонидан иш стажи ва иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар тўғри белгиланганлиги жойларга чиқиб текширилиб, кейин тўловга ўтказилишига қаратилди ва бу ўзининг ижобий натижаларини берди.
2018 йил даврида мутахассислар пенсионерлар билан учрашиб, маблағларнинг мақсадли етказиб берилиши юзасидан мониторинг ишларини олиб боришди. Натижада туман бўйича ўтган 12 ой давомида 9 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳолатлар юзасидан Халқ банки туман филиалига тегишли тартибда чора кўриш учун маълумотлар тақдим этилди.
Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг 2017 йил 13 мартдаги «Пенсия ва нафақалар тўлаш механизмини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида Халқ банки орқали пенсия тўловлари амалга оширилмоқда.
Туман бўйича 13645 нафар пенсия ва нафақа олувчиларнинг МФЙлар кесимида тўлов рўйхатлари шакллантирилиб, ойига ўртача 8 млрд. сўмлик тўлов ведомостлари ҳар ойнинг учинчи санасига қадар тўлиқ Халқ банки филиалларига етказилмоқда. Бундан ташқари туман ҳокимлиги томонидан ОФЙ ва МФЙлар кесимида тўлов куни бўйича режа тасдиқланиб, пенсионерларнинг ташкил этилган кассаларга навбат билан келишлари йўлга қўйилди. Шунингдек, туман бўйича 5839 нафар ётиб қолган, ёлғиз, кам таъминланган, 1-, 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар рўйхатлари алоҳида шакллантирилиб, ойнинг ўнинчи санасига қадар ушбу тоифа фуқароларга пенсия пуллари уйларига етказиб берилмоқда.
Ўтган 2018 йил давомида оммавий ахборот воситалари орқали фуқароларга пенсия тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, пенсия таъминотини ташкил қилиш соҳасидаги янгиликлар ва қонунчилик бўйича, Молия Вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Ижро этувчи аппарат томонидан тасдиқланган график бўйича маҳалла фуқаролар йиғинларида 67 марта сайёр қабуллар ўтказилди, пенсия тайинлаш ва тўлаш масалалари бўйича тушунтиришлар берилди.
2018 йил мобайнида бўлимимизга 14 нафар фуқаролардан мурожаатлар келиб тушди ва уларга тушунтириш берилди.
Президентимизнинг 2018 йил 12 декабрда имзолаган Фармонига мувофиқ 2019 йил 1 январдан бошлаб барча тоифадаги ишловчи пенсионерларга пенсия тўлиқ тўланмоқда.
Бу эса, кекса ёшдаги фуқароларнинг пенсияга чиққандан кейин ҳам мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида тенг иштирокини таъминлашга, ёшларга ўзларининг касбий маҳорати, бой тажрибаларини сингдиришига имконият яратади.
Бундан ташқари, юқори иш ҳақи ҳисобидан пенсияга чиққан фуқароларимизга муносиб пенсия миқдорини белгилаш орқали ижтимоий адолат принципини қарор топтириш мақсадида ушбу Фармонда пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 8 баробаридан 10 баробаригача оширилди.
Мухтасар қилиб айтганда, бўлимимиз ходимлари бундан кейин ҳам аҳолига пенсия хизмати кўрсатиш, пенсия ва нафақаларни қонунчиликда белгиланган тартиблар асосида тайинлаш, тўлаш ва уларнинг мониторингини олиб бориш ишларини янада самарали ташкил этади.
Ойбек Жуманов, Бюджетдан ташқари
Пенсия жамғармаси туман бўлими бошлиғи.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶