Дил изҳори
Халқимизда қаеринг оғриса, жонинг шу ерда бўлади, деган гап бор.
Ҳа, чиндан ҳам қаеримиз оғриса, бутун ҳаётимиз худди шу аъзога тааллуқлидай туюлиб кетади. Бироқ танамизда шундай аъзо борки, унинг ўз вазифасини адо этолмай қолиши умримизга якун ясаши мумкин. Бу – юрак.
Мен не умидлар билан йўлга чиқиб, Тошкентдаги нуфузли кардиомарказларда “жарроҳлик амалиётини энди кўтара олмайсиз, биз 50 ёшдан ошганларга бу амалиётни қўлламаймиз”, деган жавобни эшитганимда энди юрагимнинг қачон уришдан тўхташини кутар эканманда, деб ўйлагандим. Чунки мен ўша вақтда 54 ёшда эдим. Уйга келгач, аҳволим бадтар оғирлашди.
Аслида болалигимдан тез-тез мазам қочиб, даволаниб турар эдим. Ревматизм асорати юракка таъсир қилган деган ташҳис қўйишганди. Кейин менда туғма юрак нуқсони, яъни бўлмачалараро девор дефекти борлигини аниқлашди.
Шу ташҳис билан ҳам 4 йилча юриб, Тошкентга борганимда ҳали айтганимдай, “вақтни ўтказиб юборибсиз”, деган жавоб олдим.
Бу хулоса билан яшаш осон эмасди. Ноилож Хоразм вилояти кардиология марказига бордим.
Шуни айтишим керакки, марказ поликлиникасига киришим билан оқ халат кийган ҳамширалар қаерга, кимга учрашишим лозимлигини айтиб, йўл бошлашди, ширин муомаласи билан далда бўлишди.
Мени юрак туғма нуқсони бўлимига қабул қилишди ва чуқур текширувлардан сўнг жарроҳлик амалиётини ўтказамиз, дейишди. Мен рози бўлдим. Шундай қилиб, 2018 йилнинг 14 декабрь куни мени операция қилишди. Операциядан сўнг илк бор кўзимни очган вақтларимни ҳеч қачон унутмасам керак. Ахир менга Тошкентда бу амалиётга бардош бера олмайсиз, дейишган эди-да. Ҳаёт қанчалик тотли ва азиз эканлигини шунда чуқур ҳис қилдим.
Ҳа, тириклик – бебаҳо неъмат. Бу неъматни Яратган менга юрак жарроҳи, моҳир шифокор Рашид Нуруллаевни воситачи қилиб қайтариб берган бўлса, ажаб эмас. Бунинг учун шифокорлар Санъат Собуров, Бекпўлат Ҳожиев, Қаҳрамон Янгибоев, Мансур Мадримов, бўлимдаги барча ҳамширалардан чексиз миннатдорман. Илоҳим, қўллари дард кўрмасин, доим эл соғлиги йўлида ҳормай-толмай ишлаб юришсин, дейман.
Абдумурод ҲАЙТЕКОВ, Тўлқин овули.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶