РУСТАМ РЎЗМЕТОВ “МАҲАЛЛА ИФТИХОРИ” КЎКРАК НИШОНИ БИЛАН ТАҚДИРЛАНДИ
Амударё тумани нафақат Қорақалпоғистон, балки, Ўзбекистон Республикаси миқёсидаги илғор туманлардан бири ҳисобланади. Мустақиллик йилларида бу туманда ижтимоий-иқтисодий, маданий ва маърифий соҳалар ривожига катта эътибор берилди. Ўтган давр мабойнида туманда аҳолининг турмуш шароити тубдан яхшиланди, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги таъминланиб, миллий ва маънавий қадриятларимиз ривож топди.
Туман давлат органларида, жамоат ташкилотларида бир неча йиллар меҳнат қилган Рустам Рўзметов ҳам ўзининг самарали фаолияти билан юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшган фидойи инсонлардан бири эканлигини кўпчилик яхши билади.
Рустам Рўзметов меҳнат фаолиятининг илк йилларида туманимиздаги 30-сонли мактабда ўқитувчи, кейинчалик туман ижроия қўмитаси консультанти, тарғибот ташвиқот бўлими мудири ўринбосари, ташкилий бўлим мудири вазифаларида фаолият юритди.
1991-1996 йилларда ЎзХДП Амударё тумани Кенгаши котиби, биринчи котиби, 1996-2004 йилларда туман ҳокимининг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари, ҳокимнинг биринчи ўринбосари – шаҳар ҳокими, туман ҳокимининг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари лавозимларида фидойилик билан меҳнат қилиб, туманимиз ривожига муносиб ҳисс қўшди.
Рустам Рўзметов айниқса “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг туман бўлинмаси раиси лавозимида ишлаган пайтларида (2004-2017 йиллар) ўзининг фаоллиги ва ишбилармонлиги билан элга танилди, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, маҳаллани аҳолига чинакам хизмат кўрсатувчи халқчил тузилмага айлантиришга муносиб ҳисса қўшди.
Қатор йиллар мабойнида туманда унинг раҳбарлигида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолиятини яхшилаш ва мувофиқлаштириш, аҳоли ўртасида маданий-маърифий ишларни тизимли равишда амалга ошириш, миллий ва маънавий қадриятларни изчил тарғиб қилиш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга кўмаклашиш каби муҳим аҳамиятга молик кўплаб тадбирлар ўтказилди.
Унинг саъй-ҳаракатлари билан тумандаги 47 та фуқаролар йиғинларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланди ва 5 та фуқаролар йиғинлари бинолари жорий таъмирланди. У ҳар бир маҳаллада Ватанни улуғлаш, мустақиллик йилларида мамлакатимизда амалга оширилган ишларни тарғиб қилиш, кичик бизнесни ривожлантириш, аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш, Қонунлар ижросини таъминлаш ва маҳалла институтини ривожлантиришга қаратилган 3000 дан зиёд тадбирлар ўтказишга эришди.
Рустам Рўзметовнинг ташаббуси билан “Маҳалла” фонди ва ҳомийлар томонидан 1440 нафар кам таъминланган оилалар фарзандлари бепул ёзги дам олиш оромгоҳларига юборилди, 14 та кам таъминланган оилага қорамол олиб берилди ва яна кўплаб хайр-саҳоват ишлари амалга оширилди.
Фидойи инсон Р.Рўзметов бугунги кунда пенсияда бўлса ҳам Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман Кенгашида фаолият кўрсатаётган ходимларга – шогирдларига ўз тажрибалари асосида доимо маслаҳатлар бериб келаяпти.
Яқинда фидойи инсон Рустам Рўзметовга Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши томонидан “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони берилганлиги ҳақидаги хушхабар нафақат унинг шогирдларини, балки, уни таниган барча юртдошларининг қалбларига қувонч бағишлади.
А.ЖУМАНИЁЗОВ.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶