Мурувват кўрсатиш – бағрикенглик тимсоли
Йиқилганни суяш, беморлар, етим-есирлар, кўнгли ярим кишиларга беминнат ёрдам кўрсатиш каби халқимизнинг азалий эзгу қадриятлари асрлар оша ҳаётимизни безаб келмоқда. Истиқлол йилларида ушбу анъана шакл ва мазмун жиҳатидан бойиб, янада сайқалланиб бормоқда.
Туманимизда ҳам манзилли ижтимоий ҳимояни ҳамда ёлғиз кексаларга ва имконияти чекланган кишиларга амалий ёрдам кўрсатишни янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар изчил давом эттирилаётир.
Жумладан, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси томонидан 2013 йил Наврўз - умумхалқ байрами арафасида туманимизнинг энг чекка қишлоқларидаги маҳаллаларда истиқомат қилаётган 265 нафар кам таъминланган оилага 12 турдаги умумий миқдори 47.9 млн. сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. 3500 дан ортиқ ёш оилага 110.8 млн. сўмлик совғалар берилди. 4 та кам таъминланган оилаларнинг ҳар бирига бир бошдан жами 5.2 млн. сўмлик қорамол ҳадя этилди.
Шунингдек моддий мададга муҳтож оилалар фарзандларининг никоҳ тўйлари ўтказилди. Уларга маиший шароитларини яхшилаш мақсадида 3 млн. сўмлик уй-рўзғор буюмлари совға қилинди.
1 нафар ногирон 1.6 млн. сўмлик компьютер жамланмаси билан таъминланди.
Олий таълим муассасаларида таълим олаётган 1 нафар талабанинг ўқув шартнома маблағини тўлашда амалий ёрдам кўрсатилди.
«Маҳалла муруввати» масъулияти чекланган жамияти билан ҳамкорликда 1.8 млн. сўмлик 11 турдаги кийим-кечаклар кам таъминланган оилалар фарзандларига етказиб берилди.
«Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлинмасига ариза билан мурожаат қилган 39 нафар фуқаронинг аҳволи ўрганилиб, уларга ҳар томонлама моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди. Энг чекка қишлоқларда яшовчи 3 нафар ногиронга аравача олиб берилди. Табиий офатлардан зарар кўрган 2 та оилага моддий кўмак уюштирилди.
Ёзги таътил даврида 300 нафар кам таъминланган оилалар фарзандларининг оромгоҳларда бепул ҳордиқ олишлари ташкил этилиб, бу ишларга 4.8 млн. сўм маблағ сарфланди.
4 та кам таъминланган якка-ёлғиз фуқаронинг уйларини таъмирлаш ишларига 2 млн. сўм миқдорда маблағ сарфланди.
Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан 47 та оила фарзандларига 1 млн. сўмлик кийим-кечаклар улашилди.
Эҳтиёжманд кишиларни йўқлаш, уларга ёрдам бериш халқимизга хос бағрикенглик, меҳр-оқибатлиликнинг ёрқин кўринишидир. Истиқлол йилларида мазкур қадрият янгича шакл ва мазмун касб этиб, сайқал топиб бораётгани қувонарли ҳолдир.
Юртимизни обод қилиб, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш орқали фаровон турмушини таъминлаш – бизнинг бош вазифамиз. Ана шу масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда фаолият юритиб, «Обод турмуш йили»да кам таъминланган оилалар рўйхатини шакллантирдик. Байрамлар, турли оммавий тадбирлар муносабати билан тумандаги ёрдамга муҳтож 78 та оиланинг уйлари ҳомийлар кўмагида таъмирланиб, 3115 та кам таъминланган оилага 12 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, 2645 оилага 46.4 млн. сўмлик уч каналли радио бепул тарқатилди.
Туманимиздаги 16 та овул фуқаролар йиғини ва унинг ҳудудидаги 19 та маҳаллаларнинг фаоллари ташаббуси билан фермер хўжаликлари ҳомийлигида 61 та кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилага бир бошдан қорамол олиб берилди. Ватан ҳимоячилари куни, Наврўз байрами ҳамда Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида меҳнат қилган фахрийлар, 100 ёшдан ошган кексалар, собиқ байналмилалчи жангчилар, ногирон ва ёлғиз қариялар ҳолидан хабар олинди. Уларга бир марталик пул мукофот, ҳасса, қўлтиқтаёқ, эшитиш мосламалари ва бошқа совғалар топширилди.
Ўқишда юқори натижаларни қўлга киритган 30 нафар ўқувчи ва талабалар учун республикамизнинг тарихий ва диққатга сазовор шаҳарларига саёҳат ташкил этилди.
Бугунги кунда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари юрт равнақи йўлида олиб борилаётган барча эзгу ишларда фаол иштирок этаётир. Бунинг учун маҳаллаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, йиғин фаолларининг самарали меҳнат қилишлари учун зарур шарт-шароит яратишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
«Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси томонидан ҳам ушбу йўналишда қатор ишлар амалга оширилди.
Май-июль ойларида Наврўз - умумхалқ хайрия ҳашаридан тушган маблағлар ҳисобидан 10 та фуқаролар йиғинига 10 та компьютер жамламаси, 12 дона стол, 33 дона стул, 8 дона китоб жавони олиб берилди.
Сентябрь-декабрь ойларида Мустақиллик байрами муносабати билан ўтказилган ҳашардан тушган маблағлар ҳисобидан 10 та маҳалла 10 та компьютер жамланмаси, 15 дона стол, 30 дона стул, 3 дона китоб жавони билан таъминланди. Бунга жами 58 млн. сўм маблағ сарфланди.
А.БОЛТАБОЕВ,
"Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси масъул котиби.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶