ОИЛА ҚЎРҒОНИНИНГ ОБОДЛИГИ УЧУН ФИДОЙИЛИК КЕРАК
Оила – Ватан ичра мўъжаз Ватандир. Биз бу иборани кундалик ҳаётимизда жуда кўп такрорлаймиз. Чунки она Ватанимизнинг ҳар томонлама тараққий этишини таъминловчи барча омиллар ана шу мўъжаз гўша – оиламизга ҳам хос. Оиланинг ўз молиявий-иқтисодий асослари, бошқарув тизими, ҳатто ўзига хос турмуш тарзини ифода этувчи ички қонун-қоидалари, халқимиз таъбири билан айтганда, тутумлари бор. Ана шу тутумларга риоя этилмаган оилада ҳеч қачон файз-барака, хотиржамлик бўлмайди. Демак, бизнинг бугунги суҳбатимиз мавзуси оила қадриятлари ва туманимизда оила институтини шакллантириш, бу мўъжаз Ватанда осойишта ва хотиржам ҳаёт тарзини яратишга кўмаклашиш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида.
Таҳририятимиз меҳмони туман ФҲДЁ бўлими мудираси Санобархон Холбоева.
– Санобархон, аввало туман ФҲДЁ бўлими томонидан бевосита халқ орасига кириб бориб, айниқса, ёш оилаларнинг муаммоларини ўрганиш юзасидан амалга оширилган ишлар ҳақида билгимиз келади.
– Мамлакатимизда, шу жумладан, туманимизда ҳам ёш оилалар билан ишлашиш бўйича жуда кенг қамровли ишлар амалга оширилаётгани қувонарли. Жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида бевосита маҳаллалар, ИИБ, таълим муассасалари, туман Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий маркази билан ҳамкорликда 163 та тарғибот тадбирлари ўтказилди. Халқ орасига кириб бориб, 7 марта сайёр қабуллар ташкил этдик. “Оила дорилфунуни”, “Ёш оила қурувчилар мактаби” жамоатчилик тузилмалари ва “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган ўқув машғулотларида салкам 10 мингга яқин ёшлар иштирок этишди. Маҳаллий ва республика ОАВларидаги чиқишларимиз, узвийлик асосида олиб борилган ўқув-тарбиявий машғулотларимиз ўз самарасини берди. 2018 йилнинг 10 ойи давомида 42 та нотинч оилалар яраштирилиб, бу оилаларда соғлом маънавий муҳит яратишга кўмаклашилди.
– Шундай бўлсада, туманимизда никоҳни бекор қилиш билан боғлиқ ҳолатлар 2017 йилга нисбатан ошган, бунинг сабаблари нимада деб ўйлайсиз?
– Аввало, биз ажрашишга қарор қилган оилаларнинг бундай номақбул тўхтамга келиш сабабларини ўрганиб, таҳлил қиламиз. Иложи борича эр-хотинни яраштириб қўйишга, ўртада фарзандлари бўлса, уларнинг тирик етим бўлишларининг олдини олишга интиламиз. Оилавий ажралишларнинг сабаблари кўпинча ўзаро келишмовчилик, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, эр-хотиннинг узоқ вақт бирга яшамаслигидан келиб чиқаётганини таъкидлаш керак. Хусусан, ўтган 10 ой давомида 91 та оила никоҳдан ажралишди. Ушбу никоҳдан ажралиш ҳолатларини таҳлил қилиб кўрганимизда, 5 нафари фарзандсизлик сабабли, ФҲДЁ бўлимига берган ўзаро келишув аризаси асосида, 47 нафари Фуқаролик ишлари бўйича туман судининг 2018 йилги никоҳни бекор қилиш ҳақидаги қарори асосида ва 39 нафари фуқаролик ишлари бўйича судларнинг ўтган йилларда чиқарилган қарорлари асосида амалга оширилди.
– Оилавий ажралишларнинг олдини олиш, оталик белгилаш масалалари қандай ҳал этилмоқда?
– Юқорида айтганимдек, оилавий ажралишларни камайтириш мақсадида биз масъуллар билан ҳамкорликдаги тарғибот тадбирларига алоҳида эътибор бераётирмиз.
Айниқса, ёш оилаларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, эрта турмуш қуришнинг олдини олиш, янги турмуш қураётган ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш борасидаги туман “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, маҳаллалар ва “Оила дорилфунуни” жамоатчилик тузилмаси, туман Тиббиёт бирлашмалари билан ҳамкорликдаги амалий ишларимиз ўз самарасини бермоқда. Ўтган 10 ой ичида 1335 та никоҳ қайд этилди. Тиббий кўрик натижаларига кўра, 16 нафар никоҳланувчиларнинг касалликлари аниқланди ва уларга даволанишга йўлланма берилди. Айрим сабабларга кўра, фарзандлари қонуний никоҳдан ўтмасдан олдин туғилган ва бола туғилгандан кейин ФҲДЁ бўлимига никоҳдан ўтишга мурожаат қилган 261 нафар ёш ота-оналарнинг фарзандларига оталик белгиланиб, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар топширилди. Қўшни Туркманистон Республикасидан келин бўлиб тушган оналар, биринчи турмушидан ажрашиб, иккинчи марта турмуш қурган ва фарзандли бўлган оналарни йиллар давомида қийнаб келаётган муаммо – фарзандига туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олиш масалалари ижобий ҳал этилди.
– Разм солиб қаралса, туман ФҲДЁ бўлимига ажрашиш ниятида келувчиларнинг кўпчилиги 19-22, нари борса 25 ёшлилар. Ёшларимизнинг бундай қарорга келишларининг асосий сабаби нимада деб ўйлайсиз?
– Сабаби жуда оддий ва арзимас хатти-ҳаракатлар. Ёшларда энг аввало, сабр-тоқат етишмайди, ниҳоятда қаноатсиз. Оилаларда бўлганимда кўп бора ана шундай ҳолатларга дуч келганман. Бугунги ёшлар ҳамма нарсаси бадастир бўлишини хоҳлайдилар. Айниқса, мол-мулк масаласида. Барча шароитларга эга уй-жой, машина, башанг кийим-кечак. Ахир бу моддиятлар меҳнат эвазига келадими? Қандайдир мўъжиза билан осмондан тушмайдику!
Халқимизда шундай ҳикмат бор: “Озга қаноат ва сабр қилмасанг, кўпга етмайсан”. Демак, тўкин-сочин, файзли ҳаёт тарзини яратиш учун йиллар керак бўлади. Сабр-қаноат, уддабуронлик керак бўлади. Ёшларимиз ана шундай ҳаётга етишмоқликлари учун, ўз оила қўрғонининг мустаҳкамлиги учун энг аввало, фидойи бўлмоқлари зарур. Оила ободлиги учун фидойилик эса бахтиёрлик сари қўйилган эзгу қадамдир.
– Сермазмун суҳбатингиз учун ташаккур!
– Миннатдорман.
Суҳбатдош Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶