14.08.2026
Тил Oʻz Qq Ёзув Кирилл Lotin
Reklama banneri
Ҳарф ўлчами Ранг Расмлар
14.08.2026, 04:32
Мақолалар 👁 16,161

“Эл дуосин олгаймиз, деб юрибмиз”

“Эл дуосин олгаймиз, деб юрибмиз”

Аҳмад Нафасовнинг "Саломчи” – менинг унвоним” китоби ҳақида


Сўнгги йилларда "Фалончининг китоби чиқибди” ёки "китоб ёзаётирман”, "китобимни нашр қилдирмоқчиман”, қабилидаги гаплар биз – ижод аҳли учун янгилик бўлмай қолди. Сабаби ана шундай "ёзувчи” ва "шоир”ларнинг саноғига етолмай қолганимиз эмас, балки нашр этилаётган асарларнинг кўпчилиги (афсуски) бир марта ҳам ўқишга арзимаслигидан. Асар бўлсаки, қўлдан қўймай ўқигулик: Кумушбиби билан Отабекни севгандай севсанг, хаёлан Кумуш бўлиб ўз Отабегингнинг қалбига кирмоққа шайланиб турсанг! Ёки Анвар билан Раънонинг дардларини бошдан ўтказиб, севги-садоқатига тасаннолар айтиб, завқ олсанг, қалбинг ҳаяжонга тўлса! Ана шудир – Китоб! Ана шудир – олам-жаҳон таассурот! Китоб ўқувчининг қалби бойигани ҳам шу!

Ўқувчи дилида ҳавас ва ҳаяжон, яхшилик томон интилиш уйғота олмаган асар асарми? Уни ўқиб, олтинга тенг вақтни бой бермоқлик не даркор?

Аммо мен бир(!) китоб ўқидим, уни шунчаки китоб деб айтилса, муаллифнинг ҳақи кетади-ёв! Яна, бу асарни шунчаки ўқилса, мутолаа аҳли муқаддас Сўз (!)нинг уволига қолади (менинг назаримда).

"Саломчи” – менинг унвоним” деб номлабди Куюк кўпир қишлоғилик шоир акамиз Аҳмаджон оға Нафасов ўз асарини. Мен китоб ҳақида фикр айтишдан аввал ҳурматли китобхонларга, муштарийларга не учун Сўзни муқаддас деб таъриф этганимга изоҳ берсам. Шунинг учунки, оддийгина бир сўз, улуғ маърифатпарвар олим Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳазратлари айтганларидай, "инсонга ҳам ҳаёт бахш этади, ҳам уни ҳалокатга олиб боради”. Демак, ҳар бир инсон бирон бир сўз – калом айтишдан аввал ақл тарозисидан ўткариб, сўнг тингловчига етказса, бу каломнинг фойдаси, тарбиявий аҳамияти шунчалар бисёр бўларкан-да.

Ана энди, Аҳмад оға таъриф берган "Саломчи” – менинг унвоним” китобининг бадиий қиммати, муаллифнинг ўз вазифасини адо этишдаги муваффақияти хусусида, Сўз юкини юрак-юрагидан ҳис эта билиш ва ана шу оддий Сўз орқали минглаб одамлар қалбига кириб бориш санъатини эгаллаган оддий сўз устаси – Турсунбой Абдуллаевнинг халққа бахшида санъати ҳақида баҳоли қудрат фикр айтсак бўлади.

Азизлар, ҳаётда яхшилар жуда кўп. Шу баробарида яхшилик уруғини сочгувчилар ҳам бисёр. Лекин яхши ишларга тартиб бериб, уни оммалаштириб, ҳатто халққа манзур эзгу иш, дастуриламал даражасига кўтариб, ўзи ҳам шу халқнинг беминнат хизматкорига айланиб яшаш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Таъбир жоиз бўлса, Аҳмад Нафасовнинг қаҳрамони Турсунбой Абдуллаев юқоридаги сифатларга муносиб инсонгина эмас, балки "Саломчи” номи билан эл-юрт дилидан жой олиб, эл ардоғига мушарраф ижодкор шахс сифатида шаклланиб улгурган инсондир.

"Саломчи”– менинг унвоним” адабий-бадиий ҳужжатли очерк, тўғрироғи, Т.Абдуллаев ҳаёти ва ижодига доир манзумаасар. Асарнинг бидиий қиммати шундаки, унда ўзбек, қорақалпоқ, қозоқ ва туркман миллатларининг тўй-маросимлари, ўзига хос урф-одат ва анъаналари, тутумлари халқона тилда, халқона руҳда шундай ифода этилганки, асарни ўқиш жараёнида беихтиёр Турсунбой "саломчи”нинг овозини эшитгандай, унинг ҳар қандай кишини оҳанрабодай ўзига жалб этувчи маънавий-маърифий, сермазмун шеъриятига ғарқ бўласиз.

Дарвоқе, Турсунбой Абдуллаев шеърияти, дедик. Йўқ, биз билган, элюрт тан олган "саломчи” ҳеч бир даврада, ҳеч бир нутқида шоирлик даъво қилган эмаслар. Лекин ўтган асримизнинг 70-йилларида туманимизда янгича тўйлар ўтказишни халқ орасида кенг тарғиб қилишда Турсунбой Абдуллаев ўзига асло бино (баҳо, десак тўғрироқ бўлар) қўймай, эринмай меҳнат қилгани, ҳар бир тўйга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга масъулият билан ёндашгани, юзлаб ва минглаб сатр ҳазил шеърлар ижод этгани рост.

"Обрў топган усталарнинг ичинда,

Темирлар ўйнайди бармоқ учинда.

Аччиғи бор худди бурни учинда,

Темирчи Буважон дойига бергил бир салом”.

Ёки:

"Ёнбошлаб ётиши кўна (эски) моладай,

Папироси тутаб турар, чаладай.

Ўзи қора, нияти оқ – боладай,

Пириммат бўласига бергил бир салом”.

"Тўй – ўпкасиз бўлмайди”, - дейдилар. Шуни эътиборга олган саломчи оғамиз келин саломида номи чиқмаганларга ҳам бир шингил ҳазил салом йўллашни унутмайдилар:

"Бизлар не”, - деб тумшуқ товлаб турмасин,

"Айтмади”, – деб ўпкалашиб юрмасин.

Тўйдан кейин мени тутиб урмасин,

Эсдан чиққан ҳазиллашганларимизга бергил бир салом”.

Куёв боланинг аччиғи тез темирчи-уста дойиси, ўзи қоп-қора, аммо кўнгли тоза, ҳазилни ёқтирадиган ва кўтарадиган Пириммат бўласи, саломда номлари чиқмаган "ўпкачи”лар,ҳамма-ҳаммасининг кўнглига йўл топиб, ўзининг ҳам кўнглини шод этган "саломчи”дан ҳамма рози, ҳамма миннатдор.

Турсунбой Абдуллаевнинг илк янгича тўйларда даврабошлик қилиши осон кечмаган. Ўз даврининг машҳур саломчиси, Хитой қишлоғилик Бозор момо исмли қозоқ миллатига мансуб онахон ўз муомала маданияти, чечанлиги билан элда ҳурмат топган, боз устига номи чиққан саломчи онахон бўлганлар. Момони эл севган, унинг айтимларидан завқ олган. Ҳолбуки, шундай ҳурматли онахонни четлаб ўтишни ҳеч ким ўзига эп кўрмаслиги тайин. Аммо ана шу маънавиятли аёл ҳам Т.Абдуллаевнинг ижодига қизиқиб қолиб: "жас жигитке жўл берейикши”, - деган эканлар.

Таъбир жоиз бўлса, ана шу "жас жигит” момонинг ўзига нисбатан қизиқиши ва эътиборини ҳурмат қилган ҳолда Хитой овулининг ҳурматли кишиларидан бири (Аллоҳ раҳмат қилсин) Пириммат оға билан янгича келин саломларини ижод этади ва шу куннинг ўзида Хитой овулида тамоман янгилик бўлган келин тўйи сценарийсини ишлаб чиқади. Ва бу тўй 1975 йилнинг 18 октябрь куни бўлиб ўтади. Турсунбой Абдуллаевнинг яқин дўсти Қўзибой аканинг бу бахтли айёми ҳали-ҳануз хамқишлоқларнинг тилидан тушмайди:

- Бир тўй бўлди, бир тўй бўлди-ай!

Турсунбой Абдуллаев даврабошилик қилган, энг зўр ҳаяжонларга бой ўтган бу тўй оқшоми ҳақида муаллиф Турсунбой "саломчи”нинг салом-шеърлар ижод этишда қуйидаги манбаларга суянганини бирма-бир санаб ўтади: "салом айтилувчининг исми, ёши, касби, мансаби, ҳунари, ҳулқ-атвори – оғир-вазминми, шўхми, ўпкачими, ҳазиллакашми, ташқи кўриниши, қариндошчилик муносабати, эл ичидаги нуфузи, шунингдек, эл-юрт номидан насиҳат, халқ мақолларидан фойдаланиш”ни қоида қилиб олганлигини таъкидлайди. Ана шу қоида Турсунбой саломчининг даврабошилик фаолиятида муҳим омил бўлди ва у келин саломларини ижод этишни саъж йўлларидан достон йўлларига олиб чиқа олди, ҳатто бу йўлда муваффақият қозондигина эмас, ўзи ижод этган янгича тўйлар сценарийсини Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё, Тўрткўл, Беруний, Хўжайли, ҳатто Нукус туманларига, Хоразм вилоятининг бир неча туманлари ва қардош Туркманистон Республикаси Тошҳовуз вилоятидаги юзлаб келин ва хатна тўйларида намойиш этиб, эл-юрт олқишига сазовор бўлди.

Аҳмад Нафасов "Саломчи” – менинг унвоним” китобини ёзишга ўтиришдан аввал жуда кўп ва синчовлик билан изланганини, ҳар бир сўз, ҳар битта сатр масъулиятини, залворини юрак-юрагидан ҳис этиб турганини асарни ўқиган ҳар қандай китобхон сезмаслиги мумкин эмас.

"- Китоблар растасида ҳар хил номдаги китоблар қалашиб ётибди, - дердилар доим (Аллоҳ раҳматига олсин) талабалик давримизда ҳурматли устозимиз, адабиётшунос олим, филология фанлари доктори Очил Тоғаев. – Уларнинг ичидан пулинг куймайдиганини топиб ўқиш ҳам бир санъат. Асарлар бор – биттагина сўзида мингта маъно, мингта имкон, дилга малҳам, армонларни гуллатиб юборгулик қудрат бўлади. Ана шу қудрат бўлмаса, асар-асар эмас, китоб эса бир пулга қиммат”.

Қаранг-а, биз маданиятлиликни, маънавий бадавлатликни гуркираб ривожланган шаҳарлардан, маданият ва маънавият масканларидан излаймиз. Шунчалар гумроҳмизми, дейман-да. Ахир ана шу гуркираб ётган маданият ва маънавият масканлари тўлдира олмаган бўшлиқларни Турсунбой Абдуллаевга ўхшаган оддий саломчи ёки Аҳмад Нафасовдай ўзини ҳаваскор ижодкор, деб юрган оддий қишлоқ зиёлиси бир (!) сўз ила тўлдириб, ҳатто қирғоқлардан тошгандарёдай гоҳ ўзбек, гоҳ туркман, гоҳ қорақалпоқ, гоҳо қозоқ миллатларининг энг яхши кунларида, тўй-маросимларида кўнгиллар чўлини қондириб, хотиранинг олтин кўшкларига муҳрлаб қўйибди-ку! Бундай фидойилик – ўзганинг меҳнатини қадрлаш, игна билан қудуқ қазигандай бирма-бир магнит тасмаларида, олис йилларда қолиб кетган хотираларни тиклаш, ўта синчковлик билан тартиб бериб, бир асарга жамлаб, нашрдан чиқартириш – ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Буни – сўз қадрини баланд тутганлар билади, маънавиятни борлиғим деб тан олганлар тушунади!

Аҳмад Нафас, назаримда "Саломчи” – менинг унвоним” асарини ёзишдан ҳам кўра Амударё элининг ўзига хос анъана ва удумлари, урф-одат ва тутумлари, Аму халқининг ўзбекона, бетакрор ўз феъли ҳақида тўлиб-тошиб Бизга, Сизга, Унга, Уларга – ҳаммага сўзлагиси ва ана шундай бағрикенг, феъли кенг элнинг маънавият сарчашмаларидан барчанинг баҳраманд бўлишини истагани китобнинг ҳар бир саҳифасида акс этиб турибди. Асар қаҳрамони ТурсунбойАбдуллаев ана шу халқнинг юрагидан жой олиб улгурган, азиз фарзанди.

Азизлар, агар Сиз китобнинг "Саломчи” – менинг унвоним ёки 1001 салом” деб номланган иккинчи бўлимини очсангиз, бир нарсага эътиборингизни қаратинг: "Бисмиллоҳ...” каломи билан бошланган келин салом намуналарига шундай тартиб берилганки, Т.Абдуллаевнинг тўйлардаги шовқин-суронни бостириш, одамлар диққатини ўзига жалб этиш учун бири-биридан маъноли шеърий сатрларни ижод этганининг гувоҳи бўласиз:

"Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм,

Саломдур табаррук одати қадим...”

Ёки:

"Йиғлаб-йиғлаб чимилдиққа кирса келин,

Ёлғон йиғлаб, чин қувониб турса келин...”

Шу қабилдаги шеърий олқишлардан сўнг келинга мурожаат қилинади. Бу Т.Абдуллаев даврабошлик услубининг энг муҳим жиҳати саналади. Яратган Аллоҳга, Одам Атога, Момо Ҳавога, эл-юртнинг улуғларига саломберилгандан сўнггина асосий қисмга ўтилади. Ҳар бир салом охирида "... бергил бир салом”, деган иборанинг ишлатилиши эса Т.Абдуллаев ижод этган келин саломларнинг қимматини янада оширади. Чунки "бир” сўзининг ҳар салом охирида такрорланиб келиши, саломда номи айтилаётган одамнинг шахсига ишора бўлиб, "бир” деганда сеҳрли, улуғ, кўпдан-кўп, алоҳида каби маънолар таъкидланади.

Демак:

"Ёшларни одобли, ҳунарманд қилган,

Йигит сўзин қизга шакар-қанд қилган.

Қиз қалбини азаматга банд қилган,

Чин Муҳаббат ҳақига бер бир (!) салом” – деганда "бир” сўзи Муҳаббатнинг сирли-синоатли, қудратли кучини ифодалаши билан тингловчининг юрагига завқ ва ҳаяжон солади.

Турсунбой Абдуллаев келин саломларининг оҳанрабоси шундаки, бу шеърий мурожаат ва илтифотларда ўзига хос тартиб бор. Хусусан, келин саломининг асосий қисмида қайнота-қайнонага, ёши улуғларга, қайноға ва овсинларга, қайни-бекачларга, опалар ва поччаларга, мурундуқ ота ва мурундуқ энага, қуда-қудағайларга саломлар айтилгач, ҳар хил касбдаги яқинлар номи тилга олинади. Шуниси эътиборга лойиқки, биронта бир соҳа, касб-кор эгаси Т.Абдуллаев саломларидан бебаҳра қолмаган. Ҳаммаси ўрнида, ҳаммаси аъло, шарҳ этилган ҳар битта сўз кўнгилга яқин, дилни яйратади. Муҳими, "саломчи” қўллаган ҳар битта Сўз ўз вазифасини аъло даражада бажарган. Бундай шеърий нутқни тингламаслик, нотиқнинг санъатига қойил қолмаслик мумкин эмас.

Умрининг 36 йилини ўқитувчилик фаолияти билан бирга элимиз тўйлари, маросим ва оилавий тадбирларида даврабошилик қилиб ўтказган сўз устаси Турсунбой "саломчи” Абдуллаевнинг сеҳрли овози ёзилган магнит тасмалари ва аудио, видео тасмаларини авайлаб-асраб, унинг санъатини қадрлаб яшаётган минглаб замондошларимиз дилларида ифтихор билан айтадилар:

- Бизнинг тўйимизда Турсунбой "саломчи” хизмат қилган, ўҳ-ҳў, зўр бўлган эди! Ҳозирги тўйларда сўзловчини ҳам тингловчини ҳам тушуниб бўлмайди...”

Нега? Нима учун? Чунки ҳозирги тўйларни олиб борувчи (даврабоши, бошловчи)лар назаримда сўз устида ишламайдилар, сўз юкини ҳис этмайдилар. Фақат ифодали ўқишни биладилар, холос. Ана шу қусур тўйларимизни зерикарли қилиб қўймадимикан?

Бу – алоҳида мавзу.

Турсунбой "саломчи”нингобрўсини биланд қилган нарса – у амал қилган меъёр – ўз нутқига, ўзгалар кўнглига эътибор. Яна у амал қилган мезон – ҳар битта сўз юкини ҳис этиб ижод қилиш. Шунинг учун ҳам Турсунбой "саломчи” бугун ё эртага даврабошилик қилса ҳам унинг сўзини ҳамма жон қулоғи билан тинглайди, тинглатади у! Ҳамманинг кўнгил уйини очиб кира олгулик Сўзни топиб айтгани учун унга (балки) эл Турсунбой "саломчи” деб ном берди! Энди у элнинг одамига, эл-юрт хизматидаги Одамга айланди. Унинг ана шундай даражадаги шахс сифатида шаклланишида эса атрофидагилар, ёрдўстлари, энг муҳими, Халқ буюк тарбиячи бўлди. Бу жуда катта меҳнат самараси. Буларнинг барчаси Аҳмад оға Нафасов яратган ажиб ижод маҳсули - "Саломчи” – менинг унвоним” китобида жам бўлди. Назаримда, А.Нафас Турсунбой Абдуллаев ҳаёти ва ижодини эмас, Аму элига хос маънавий қадриятлар, бобомерос анъана ва удумлар, тутумларни шарҳ этдилар. Бу китоб аввало миллатимизга хос анъана ва урф-одатларни ўрганишга аҳд қилган илм аҳли учун илмий-назарий қўлланма, халқимиз маънавий ҳаётига доир тарихий манбадир. Қолаверса, китоб жавонларимиз яна бир янги оммабоп, гўзал асар билан бойиди. Мақолага мухтасар нуқтани Турсунбой "Саломчи”нинг ушбу сатрлари шарҳи ила қўймоқни ният этдим:

"Балиқ - сувда, инсон – элда тирикмиз,

Эл қўлласа, кичкинамас – йирикмиз.

Эл дуосин олгаймиз, деб юрибмиз.

Эл-юртимизга эгилиб бер бир салом”

Қаранг-а, ҳаммамизнинг ҳаётимиз шу тўрт сатрда мужассам маънога уйқаш, ҳаммамиз шундай ниятда яшаймиз. Юртимиз келинлари ана шу пок ниятларимиз қошида таъзим қилиб турса! Бу – барчанинг дилидаги орзу-ку! Т.Абдуллаевнинг 1001 саломида ана шундай мазмунлар, пок ниятлар, моҳиятлар мужассам.

Уларни жам этиб, элга тутган Аҳмад Нафасга ҳам тасанно! Ижодингизга барака берсин, Аҳмад оға! Янги асар сизга ҳам, элимизга ҳам қутлуғ бўлсин!

Азизлар, "Саломчи” – менинг унвоним” асарини ўқинг. Зеро, унинг ҳар бир саҳифасида ҳаётбахш наво бор, маъно бор. Улардан албатта ўзингизни, орзу-ниятларингизнинг гул очган фаслини топасиз, иншооллоҳ.

Робия ЙЎЛДОШЕВА,

Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган журналист.

🎬 Видеогалерея Барчаси →
Ҳарбий хизмат – шахсий камолот ва мардлик мактаби Ҳарбий хизмат – шахсий камолот ва мардлик мактаби 24.01.2025 САРҲАДЛАРИМИЗ ДАХЛСИЗЛИГИ, ОНА ВАТАН ТИНЧЛИГИ ЙЎЛИДА ХАЛҚ ВА АРМИЯ – БИР ТАН-У БИР ЖОНДИР САРҲАДЛАРИМИЗ ДАХЛСИЗЛИГИ, ОНА ВАТАН ТИНЧЛИГИ ЙЎЛИДА ХАЛҚ ВА АРМИЯ – БИР ТАН-У БИР ЖОНДИР 14.01.2025 Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш мавзусида кўрсатув тасвирга олинди Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш мавзусида кўрсатув тасвирга олинди 12.05.2024 Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг сабаб ҳамда оқибатлари ҳақида кўрсатув тасвирга олинди Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг сабаб ҳамда оқибатлари ҳақида кўрсатув тасвирга олинди 15.08.2023 Сайлов жараёнидан видеолавҳалар Сайлов жараёнидан видеолавҳалар 24.10.2021 Cайлов участкаларида овоз бериш жараёни юксак савияда ўтмоқда. Cайлов участкаларида овоз бериш жараёни юксак савияда ўтмоқда. 24.10.2021 "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 16 октябрь кунги сони "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 16 октябрь кунги сони 17.10.2021 "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 9 октябрь кунги сони "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 9 октябрь кунги сони 11.10.2021 Назархон овули оқар сув билан таъминланмоқда Назархон овули оқар сув билан таъминланмоқда 17.07.2021 Амударё туманида Рамазон ҳайити кенг нишонланди (видео) Амударё туманида Рамазон ҳайити кенг нишонланди (видео) 14.05.2021 Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг биринчи сессияси тўғрисида АХБОPОТ (+видео) Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг биринчи сессияси тўғрисида АХБОPОТ (+видео) 15.01.2020 "Мунозара" кўрсатувининг 20.12.2019 кунги сони (сиёсий партияларнинг туман Кенгашлари иштирокида) "Мунозара" кўрсатувининг 20.12.2019 кунги сони (сиёсий партияларнинг туман Кенгашлари иштирокида) 21.12.2019 ХАЛҚАPО НОГИPОНЛАP КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАДБИP ЎТКАЗИЛДИ (+Видео) ХАЛҚАPО НОГИPОНЛАP КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАДБИP ЎТКАЗИЛДИ (+Видео) 04.12.2019 ИЧКИ КЎЧАЛАPНИ ТАЪМИPЛАШ ЮЗАСИДАН МАХСУС ТАКТИК-ЎҚУВ МАШҒУЛОТЛАPИ ЎТКАЗИЛДИ (+ Видео) ИЧКИ КЎЧАЛАPНИ ТАЪМИPЛАШ ЮЗАСИДАН МАХСУС ТАКТИК-ЎҚУВ МАШҒУЛОТЛАPИ ЎТКАЗИЛДИ (+ Видео) 04.12.2019 Бўзёп маданият маркази фаолиятидан лавҳалар (видео) Бўзёп маданият маркази фаолиятидан лавҳалар (видео) 12.11.2019 Вазирлар Кенгаши Pаиси Амударёда сайёр қабул ўтказди (+видео) Вазирлар Кенгаши Pаиси Амударёда сайёр қабул ўтказди (+видео) 02.11.2019 Амударёда илғор фермерга "Cobalt" совға қилинди (+видео) Амударёда илғор фермерга "Cobalt" совға қилинди (+видео) 06.10.2019 Амударё туманида ўтказилган Мустақиллик байрами – 2019 (Тўлиқ видео, Tas-ix) Амударё туманида ўтказилган Мустақиллик байрами – 2019 (Тўлиқ видео, Tas-ix) 03.09.2019 “Манғит савдо комплекси” МЧЖга қарашли бозор фаолиятидан лавҳа (+видео) “Манғит савдо комплекси” МЧЖга қарашли бозор фаолиятидан лавҳа (+видео) 13.08.2019 КЎП ТАPМОҚЛИ ФЕPМЕP ХЎЖАЛИКЛАPИ САФИ КЕНГАЙМОҚДА (+видео) КЎП ТАPМОҚЛИ ФЕPМЕP ХЎЖАЛИКЛАPИ САФИ КЕНГАЙМОҚДА (+видео) 31.07.2019 СИНФДОШЛАР МАКТАБНИ БИТКАЗГАНИНИНГ 40 ЙИЛЛИГИНИ НИШОНЛАШДИ(+видео) СИНФДОШЛАР МАКТАБНИ БИТКАЗГАНИНИНГ 40 ЙИЛЛИГИНИ НИШОНЛАШДИ(+видео) 31.07.2019 МАҲАЛЛАДА ЖИНОЯТ МУҲОКАМАСИ БЎЙИЧА ЙИҒИЛИШ ЎТКАЗИЛДИ(+видео) МАҲАЛЛАДА ЖИНОЯТ МУҲОКАМАСИ БЎЙИЧА ЙИҒИЛИШ ЎТКАЗИЛДИ(+видео) 31.07.2019 "ҚАЛДИPҒОЧ" ОPОМГОҲИ БУ ЙИЛГИ МАВСУМДА ЖАМИ 500 НАФАP БОЛАЛАPНИ БАҒPИГА ОЛДИ (+видео) "ҚАЛДИPҒОЧ" ОPОМГОҲИ БУ ЙИЛГИ МАВСУМДА ЖАМИ 500 НАФАP БОЛАЛАPНИ БАҒPИГА ОЛДИ (+видео) 31.07.2019 Ҳоким ташаббуси билан ташкил қилинган кутубхоналар қандай фаолият юритмоқда? Ҳоким ташаббуси билан ташкил қилинган кутубхоналар қандай фаолият юритмоқда? 13.07.2019 Амударё тумани Давлат архиви фаолиятидан лавҳа (видео) Амударё тумани Давлат архиви фаолиятидан лавҳа (видео) 13.07.2019 Қиличбой овули ҳаётидан лавҳа (видео) Қиличбой овули ҳаётидан лавҳа (видео) 13.07.2019 Электр энергияси билан таъминлаш сифати яхшиланмоқда (видео) Электр энергияси билан таъминлаш сифати яхшиланмоқда (видео) 13.07.2019 Фаровон маҳалласида 72 та замонавий услубда қурилган арзон уй-жойлар фойдаланишга топширилди (+Фото, видео) Фаровон маҳалласида 72 та замонавий услубда қурилган арзон уй-жойлар фойдаланишга топширилди (+Фото, видео) 01.07.2019 Амударё туманида Ёшлар куни кенг нишонланди (Фото, видео) Амударё туманида Ёшлар куни кенг нишонланди (Фото, видео) 30.06.2019 ТУМАНИМИЗНИНГ ИККИ НАФАP ЎҚУВЧИСИ МАКТАБНИ ОЛТИН МЕДАЛ БИЛАН БИТИPДИ ТУМАНИМИЗНИНГ ИККИ НАФАP ЎҚУВЧИСИ МАКТАБНИ ОЛТИН МЕДАЛ БИЛАН БИТИPДИ 24.06.2019