25 октябрь - Ички ишлар идоралари ходимлари куни
Тинч ва осойишта яшаш ҳар бир халқнинг орзу-истагидир. Қайсики юртда осойишталик барқарор бўлса, тараққиёт жадаллашади, турмуш фаровон бўлади. Юртимиздаги тинчликсевар халқларнинг осуда ҳаёт кечиришини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, жамоат тартибини сақлашда ички ишлар органлари алоҳида ўрин эгаллайди.
Мамлакатимизда ички ишлар тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда. Соҳадаги ислоҳотлар энг аввало фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари, мулкларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, конституциявий тузумни ҳимоя қилишга, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлашга қаратилганлиги билан жуда катта аҳамият касб этмоқда ва бундан бутун халқимиз мамнун бўлмоқда. Ўтказилаётган туб ислоҳотлар натижасида ички ишлар органлари жамият ва давлат ҳамда халқ манфаатларини ҳимоя қиладиган тузилмага айланмоқда.
Ички ишлар органлари тизимида сўнгги йилларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизлигини таъминлаш ҳамда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш профилактикаси кабилар бўйича ижобий натижаларга эришилмоқда. Бу борада “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”, “Тезкор қидирув фаолияти тўғрисида”, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қабул қилинган қонунлар ва бошқа қонуности ҳужжатлар ҳам муҳим асос бўлмоқда. Айниқса, тарихий аҳамиятга эга бўлган “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонунга мувофиқ ички ишлар органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонун даражасида белгиланганлиги, соҳа ходимларининг ижтимоий ҳимоя қилинишига эътибор қаратилганлиги ходимларни ниҳоятда руҳлантириб, ишдаги самарадорликни янада орттирмоқда.
Ўз навбатида тинчлик-осойишталикнинг барқарорлигини таъминлашга, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш ва тараққиётни янада жадаллаштиришга хизмат қилаётган мазкур қонунлар ижроси соҳа ходимлари томонидан изчил амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёевнинг таклифига кўра “Жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни” деб белгиланган ҳар пайшанба кунида фуқаролар мурожаати асосида муаммолар ўрганилиб, тезкорлик билан жиноятларнинг олди олинмоқда ва камайишига эришилмоқда. Шунингдек, ҳар чоршанба куни ўтказилиб келинаётган “Ёнғин профилактикаси куни” эса аҳоли, корхона, ташкилот, муассасаларда олиб борилаётган тушунтириш-ташвиқот ишлари натижасида ёнғин ҳодисаларининг олди олинмоқда.
Туманимизда мазкур йилнинг 9 ойи давомида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан жиноят содир этилиш ҳолатлари 85 тага, яъни 55,1 фоизга, жиноят қидирув йўналишидаги жиноятлар 44 тага, 44,4 фоизга, аёллар жиноятчилиги 53,3 фоизга, вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар 100 фоизга камайди. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича маҳаллаларда ҳамкорликда олиб борилган профилактик тадбирлар натижасида эса тумандаги 47 та овул ва маҳаллалардан 21 тасида бирорта ҳам жиноят қайд этилмади.
Ички ишлар бўлимининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси томонидан шу кунга қадар 124 минг 325 нафар фуқаронинг паспортлари янги биометрик паспортга алмаштирилди. Туманнинг чекка ҳудудларида яшовчи 72 нафар ногиронлиги бўлган ва кекса ёшдаги фуқароларга ҳам жойига бориб, хизмат кўрсатилди. Қўриқлаш бўлинмаси томонидан ҳам жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган мулклар, 193 та турли объектлар техник кузатув пульти орқали назорат қилинмоқда. Шунингдек, турли техник мосламалар ёрдамида қўриқланиб, уларнинг хавфсизлиги таъминланмоқда. Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида йўл-транспорт ҳодисалари ўтган йилга нисбатан 42 фоизга камайишига эришилди.
Ўз хизмат вазифасини фидойилик билан бажараётган профилактика инспекторларининг 33 нафари Президентимиз ташаббуси билан бевосита хизмат олиб бораётган ҳудудларда хизмат уй-жойлари ва узоқ муддатга имтиёзли шарт асосида шахсий автомашиналар билан таъминланди. Бу, албатта, жиноятчиликнинг олди олинишига хизмат қилмоқда.
Шу ўринда айтиш жоизки, ички ишлар бўлими бошлиғига қарашли 3-сектор ҳудудидаги аҳоли дуч келаётган барча муаммолар ҳам жойида ўрганилиб, тезда бартараф этилмоқда. Аҳолига муносиб турмуш тарзини яратиш мақсадида зарур чора-тадбирлар кўриб борилмоқда.
Соҳадаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш ҳамда тегишли қонунлар ижросини таъминлаб, ислоҳотлар самарадорлигини оширишда фаоллик кўрсатиш ҳар биримизнинг зиммамиздаги асосий вазифа қилиб белгиланган. Бу вазифамизни сидқидилдан адо этиш билан бирга жамиятда қонун устуворлигига эришилишига, жамоат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилиш ҳамда ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш бизнинг бурчимиздир.
Дилшодбек ИБРАГИМОВ, туман Ички ишлар бўлими бошлиғи, подполковник.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶