ОИЛАДАГИ НИЗОЛАР: УЛАРНИ БАРТАРАФ ҚИЛИШ МУМКИНМИ?
Низо сўзи кўпчиликда очиқдан-очиқ салбий тасаввурларни уйғотади. Аслида низо ҳаёт меъёрлари таркибига киради. Инсон тирик экан у низоли вазиятларни бошидан кечириб яшайди. Низони бартараф қилиш – инсоний муаммоларни ҳал этиш демакдир.
Оилавий низо – эр-хотин, ота-оналар ва болалар, эр-хотин ва уларнинг ота-оналари ўртасида ва қариндошлар ўртасида юзага келадиган психологик ва ижтимоий кескинлашган вазият.
Оила тузилмасининг ўзи турли ёшдаги ва жинсдаги кишиларни бирлаштиради ва низо чиқиши эҳтимоли мавжуд бўлади. Кескинлашаётган зиддиятга (эр-хотин ўртасидаги муносабатлар) бир-бирини тушунмаслик ёки тушунишга ҳаракат қилмаслик сабаб бўлиши мумкин. Бошқача айтганда, умр йўлдошларидан ҳар бири қандай ўринда бўлиши ва бунга руҳан тайёрлиги қандайлигини тушунмаслик сабаб бўлади.
Болалар ва ота-оналар ўртасидаги низо болаларнинг катталар таъсиридан қутулишга интилиши ёки ўзини ёлғиз ҳис этиш, оилада ортиқчалигини тушуниб етиш билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Оилавий низони ечиш алоҳида эътибор талаб қиладиган масаладир.
Низони бартараф этиш – ўзаро муносабатларни сақлаб қолиш деган маънони англатади. Ҳар қандай жанжал ва келишмовчиликлар туфайли оила ва ундаги ўзаро муносабатлар сақланиб қолиши, ёки дарз кетиши ва ҳаттоки барбод бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.
Нима учун оила муаммолари шунчалик мураккаб ва кескин? Чунки бу борада қилинган ҳар қандай иш ёки айтилган сўз ўзаро муносабатларда муҳим аҳамият касб этади. Бевақт қилинган бир ножўя қараш ёки бош билан қилинган бир имо, гўё пешонасига тўқмоқ билан ургандек, хафагарчилик, кўнгил қолишига олиб келиши мумкин.
Оилавий низоларнинг юзага келиши кўпинча ўзганинг “мен”ини улуғламаслик, ҳисларига ҳурматсизлик, шаънига тегиш, эр ёки хотиннинг алькогол, гиёҳванд моддалар қабул қилиши, уй-хўжалик ишлари, бола тарбияси, ота-онага муносабат юзасидан ўзаро ёрдам ва ўзаро тушунишнинг йўқлигидан юзага келади. Бундай низоли ҳолатларнинг олдини олиш ҳар бир инсоннинг ўз қўлида.
Г.ЮСУПОВА, “Оила” маркази туман бўлими бошлиғи.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶