ОТАНГ – МАҲАЛЛА, ОНАНГ – МАҲАЛЛА
Халқимиз орасида бу ибора кўп ишлатилади. Боиси, азал-азалдан халқимиз фарзанд тарбиясига жиддий эътибор қаратиб, бунга нафақат ота-она ва оила балки атрофдагилар, яъни маҳалла-кўй, бутун бир қишлоқ масъул саналган. Бирор-бир номақбул иш қилган болани бегона деб қарамасдан маҳалладаги ёши улуғ инсонлар панд-насиҳат билан тўғри йўлга солишга ҳаракат қилганлар.
– Маҳалла – жамиятнинг юзи, – дейди “Чордара” МФЙ раиси Турсунбой Серикбоев. – Ҳар бир оиланинг яшаш тарзи, моддий аҳволи, турмуш тарзини маҳалладаги қўни-қўшнилар билади. Яхши-ёмон кунлар маҳалла аҳли билан ўтади. Бу эса оилаларнинг бир жамоага бирлашишида, уларда аҳиллик, ҳамдардлик каби туйғулар мустаҳкамланишида муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги маҳалла – ҳудудни ободонлаштириш, аҳолига муносиб турмуш шароитини яратиш, фуқаролар бандлигини таъминлаш, аҳолини тадбиркорликка жалб этиш ва уни йўлга қўйишга кўмаклашиш кабиларнинг амалга ошишида ҳам муҳим ўрин тутмоқда.
– Бу вазифаларни фуқаролар йиғинидаги ходимларнинг фақат ўзлари уддалашлари осон эмас, – дейди маҳалла котиби Жавдат Ақманов. – Йиғин қошида турли йўналишлар бўйича комиссиялар тузилган. Уларнинг масъуллари, яъни маслаҳатчиларимиз билан бамаслаҳат иш олиб борамиз.
Мазкур фуқаролар йиғинидаги жамоатчилик комиссиялари фаолияти самарали ташкил этилган. Комиссия аъзолари томонидан тўйлар ва маъракаларни ихчамлаштириш, ҳудудда ҳуқуқбузарлик содир қилинишининг олдини олиш, ёшлар тарбиясини тўғри йўлга қўйиш борасида ҳам тегишли тадбирлар амалга оширилмоқда. Аҳолига томорқалардан унумли фойдаланиш, яшаш жойлари атрофларини ободонлаштириш, коммунал тўловларни ўз вақтида тўлаш кабилар бўйича маслаҳат ва тавсиялар берилмоқда.
Таълим муассасалари томонидан ҳам маҳалла билан ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, йиғин қошидаги тегишли комиссия аъзолари дарс қолдираётган ўқувчиларнинг ота-оналари билан суҳбат ўтказадилар. Ўқитувчилар билан биргаликда уларнинг оилавий муҳити ўрганилади.
“Отанг – маҳалла, онанг – маҳалла” деган халқимизнинг ҳикматли иборасида жуда катта маъно бор. Маҳалла тизими аҳолига энг яқин кўмакчи ва таянч бўлмоғи керак. Давлатимиз раҳбари ҳам “Маҳалла халқ билан давлат ўртасида кўприк бўлиши керак. Одамларнинг қувонч-у ташвишидан доимо хабардор бўлиш маҳалланинг асосий вазифасидир”, – дея бежиз таъкидлаб ўтмаган.
Халқнинг бирдамлиги ва ҳамжиҳатлигини таъминлаш, оилалар аҳволидан бохабар бўлиб, қувонч-у ташвишини баҳам кўриш маҳалланинг асосий вазифасидир.
О.ХУДОЙБЕРГАНОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶