ЎҚУВЧИЛАРИМ ЮТУҚЛАРИДАН КУЧ ОЛАМАН
Ёшларга касб-ҳунар, илм, санъат сирларини ўргатиш оддий бир қарашда осон ишдай туюлади. Бироқ унинг масъулиятини мураббий устозларгина сидқидилдан ҳис қилишади. Ахир ўзингдан ниманидир ўрганиш умидадаги болаларнинг кўнглига йўл топиш, ўргатганларингни ўзлаштиришларига эришишнинг ўзи бўлмайди. Шогирдларингнинг ютуқларини кўрганингда бу машаққатларнинг бари унутилиб кетади, кўнглингни фахр эгаллайди.
Мен 2015 йилда "Чойкўл” овулидаги Маданият ва аҳоли дам олиш маркази биносида 9-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабининг филиалини очганимда ҳудудда яшовчи ота-оналар қувониб, фарзандларини олиб келишган эди.
Қобилиятсиз боланинг ўзи йўқ, аслида. Биз мураббийларнинг вазифамиз ана шу яширин қобилиятни аниқлаб, ривожлантиришга кўмаклашишдир.
Овул ёшларидан саралаб, 8 нафарини ўқишга қабул қилган эдик. Уларнинг орасида ўтган икки йил давомида ўз иқтидорини намоён этиб, турли кўрик-танловларда фахрли ўринларни эгаллаб келаётганлари ҳам бор. Масалан, 2-дутор синфи ўқувчиси Зилола Қодирова дутор бас сози бўйича уч йилда бир марта ўтказиладиган Муҳиддин Қориёқубов номидаги кўрик-танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида фахрли иккинчи ўринни эгаллади ва иккинчи даражали диплом билан тақдирланди.
Шунингдек, яна бир ўқувчимиз, афғон рубоби синфининг 2-синфи ўқувчиси Элбек Турсунбоев анъанавий созандалик йўналиши бўйича қатнашиб, иккинчи ўринга сазовор бўлди.
Республикамиздаги жами 22 та Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг 500 нафардан зиёд ўқувчилари турли йўналишларда ғолиблик учун курашган ушбу нуфузли кўрик-танловда ўқувчиларимнинг эришган бу ютуқлари мени жуда қувонтирди, болалар билан янада қунт билан шуғулланишга ундади.
Комилжон МУРОТОВ,
9-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶