“ТАСАННО” ГУРУҲИ КЎРИК-ТАНЛОВ ҒОЛИБИ
2016 йил 13 октябрь куни Нукус шаҳридаги Ешчан бахши номли мусиқа ва санъат мактаби санъат саройида "Истиқлол ғунчалари” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.
Мазкур кўрик-танловни ўтказишдан мақсад – ёш авлодни миллий қадриятларимизни эъзозлашга ҳамда кўпмиллатли мамлакатимизда яшаётган халқларнинг бой маданий мерос ва анъаналарини қадрлашга ўргатиш, уларнинг санъат ва бадиий ҳаваскорлик ижодиётига бўлган қизиқишларини ўстириш, иқтидор эгаларини аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш, мусиқий ва эстетик дидларини шакллантириш ҳамда ватанпарварлик руҳида тарбиялашдир.
Анъанавий ижрочилик, эстрада қўшиқчилиги, якка ва ансамбль чолғу ижрочилиги, якка ва жамоа рақс ижрочилиги йўналишлари бўйича ўтказилган кўрик-танловда корхона ва ташкилотлар тасарруфидаги маданият саройлари ҳамда ҳудудлардаги маданият ва аҳоли дам олиш марказларининг 7 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалар бадиий жамоалари ҳамда якка ижрочилар иштирок этдилар.
Кўрик-танлов ғолибларини танлаш чоғида иштирокчиларнинг ижрочилик маҳорати, куй-қўшиқларнинг мазмуни, саҳнадаги ҳаракати, либослари эътиборга олинди.
Туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази "Тасанно” доирачилар ҳаваскорлик жамоаси якка ва ансамбль чолғу ижрочилиги йўналиши бўйича туман босқичида ғолиб бўлиб, Республика босқичига қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган эди. Мазкур жамоа аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси босқичида ҳам фаол иштирок қилиб, фахрли 1-ўринни эгаллашди ва Ўзбекистон Республикаси босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритишди.
"Тасанно” доирачилар ҳаваскорлик жамоаси раҳбари Акмал Ражабов, 36-сонли умумтаълим мактаби 9-синф ўқувчиси Иномжон Камолов, 16-сонли ихтисослашган умумтаълим мактаби 6-синф ўқувчиси Дилшод Жумабоев 8-сонли ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби 8-синф ўқувчиси Бегдулла Шукуруллаев, 36-сонли умумтаълим мактаби 6-синф ўқувчиси Сарвар Дурдибоев, 55-сонли умумтаълим мактаби 6-синф ўқувчиси Расул Ражабовлар Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Қорақалпоғистон касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши томонидан Фахрий ёрлиқлар ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.
Улуғбек АБДУРАҲМОНОВ,
таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман Кенгаши раиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶