ОРЗУИМИЗ УШАЛДИ
Бизнинг 71-сонли мактабда 26 нафар педагог фаолият кўрсатади. Шундан 22 нафари олий маълумотли, 4 нафари ўрта махсус маълумотга эга. Малакали кадрлар дарсларни ДТС талаблари асосида олиб боришади. Ўқувчиларга замонавий техникалар асосида дарс ўтилади. Ўқитувчилар амалиётга татбиқ қилинаётган тадбирларда мунтазам қатнашиб келишади. Жумладан, "Устоз-шогирд”, "Дарс – муқаддас”, "Ўрган-ўргат”, "Мураккаб фанни ўргатаман” тадбирларида қатнашиб, ўз тажрибаларини ўртоқлашадилар. "Йил ўқитувчиси”, "Энг яхши услуб бирлашма раиси”, "Энг яхши дарс ишланма” тадбирларида ҳам фаол қатнашадилар.
2015-2016 ўқув йилида ўтказилган "Билимлар беллашуви”да 5-8-синфлардан 30 нафар ўқувчи информатика, инглиз тили, ҳуқуқ ва физика фанларидан муваффақиятли қатнашиб, мактаб рейтингини кўтаришга эришдилар.
Мактаб ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Тамара Раҳимова, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Дилафрўз Авезовалар ўз ишларини намунали ташкил қилганликлари боис, ўқувчилар билан ўқитувчилар дўстона муносабатда бўлиб, уларнинг билимига, иқтидорига қараб йўналиш бериб борилади. Тажрибали ўқитувчилар ўзларига муносиб шогирдлар етиштириб чиқармоқдалар. Математика, тарих, бошланғич синф, она тили ва адабиёт, жисмоний тарбия, физика, рус тили фанларидан олий ўқув юртларида таҳсил олиб қайтган собиқ ўқувчиларимиз устозлари сафига қўшилмоқда.
Мактабимизда ўтган йиллар оралиғида маънавий-маърифий соҳаларда ҳам кўплаб ютуқларга эришилди. Ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида, уларнинг хоҳиш-истакларини инобатга олган ҳолда турли фан тўгараклари фаолият олиб боради. "Ораста қизлар”, "Зулфияхоним қизлари”, "Ёш физиклар”, "Спорт”, "Лингвист” каби тўгаракларда шуғулланаётган ўқувчилар ўзларининг билим ва салоҳияти билан яхши натижаларга эришмоқдалар. Жорий йилда "Зулфияхоним қизлари” тўгараги аъзоси, 8-синф ўқувчиси Озода Тўлибоева туман ва республика матбуотида ўз ижоди билан фаол қатнашиб, нафақат ўз номини, балки мактабимиз номини ҳам танитиб, туман газетасининг фаол мухбирига айланди. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кунга бағишлаб туманда ўтказилган "Конституция – бахтимиз пойдевори” кўрик-танловида 8-синф ўқувчиси Гўзал Турсунбоева рассомлик йўналишида туманда 1-ўринни олиб, Қорақалпоғистон Республикаси босқичида муваффақиятли қатнашиб қайтди.
Жорий йили "Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан ташкил этилган спорт мусобақаларининг футбол турида ёш ўсмирлар жамоаси туман босқичида фахрли 1-ўринни, Қорақалпоғистон Республикаси босқичида эса фахрли 3-ўринни эгаллашиб, медаллар билан қайтдилар.
2016 йилда инвестиция дастурига мувофиқ капитал реконструкция асосида мактабимизнинг 160 ўринли янги, муҳташам ва замонавий биноси қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилди. Шу кунгача мослаштирилган бинода фаолият юритган ўқитувчиларимиз ҳамда ўқувчиларимиз учун барча қулайликларга эга янги бинода янги ўқув йилини бошлаш, албатта, қувончли воқеа бўлади. Бу – давлатимизнинг ёш авлод камолоти йўлидаги ғамхўрлигининг бир ифодасидир.
Фурсатдан фойдаланиб, ҳамкасбларимни, ўқувчиларни янги ўқув йилининг бошланиши ва мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан қизғин табриклайман.
Адамбой НИЯТУЛЛАЕВ,
71-сонли мактаб
директори.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶