КЎНГИЛДАГИ БЎШЛИҚНИ ҚАНДАЙ ТЎЛДИРАСИЗ?
Баҳор келиши билан дов-дарахтлар, қурт-қумурсқа тирик жон борки, ғимирлаб бошлайди. Деҳқонлар ерини экишга тайёрлаб, уруғ қадайди, кимдир ариқ-зовур тозалайди. Шаҳарда эса кўпинча кунлар илий бошлаши билан баъзилар олис шаҳарларга ишга кетишга ҳозирланади. Яқиндагина уйланган йигит ота-онасининг тўй учун қилган қарзини узиш учун пул топишга мажбур, ёш келинчагини ташлаб кетади. Уйланиш учун пул ишлаб топишга кетаётганлар ҳам талайгина.
Булар ҳам майли, айрим ота-оналар ёш болаларини, мактабга энди қадам қўйган жажжи ўғил-қизларини қари ота-онасига, яқин қариндошига ёки бошқа яқинларига ишониб, ташлаб кетаётганларига нима дейсиз? Пул ишлаб келиш учун ишониб ташлаб кетган одамлари болаларига қараса хўп, қарамай, эътиборсизлик қилса-чи? Ана ундан қийини йўқ. Ота-онаси узоққа кетган болалар мактабга дарс тайёрламай келса ёки биров билан уришиб қолса, уларнинг нигоҳларига қараш жуда қийин: кўзлари мўлтираб туришидан устознинг ҳам бағри эзилиб кетади.
Ота-оналар мажлиси чақирилганида ҳамманинг ота-онаси келса, унинг ўша қариндошларидан бирортаси келмаса, яна ўша нигоҳларни кўрасиз. Худди етим болага ўхшаб, сиздан бир оғиз меҳрли сўз эшитишни, урушмаслигингизни истаб, умидвор боқади.
Ҳозир уларнинг меҳрга зор, айни ўртоқлари билан ўйнаб-кулиб, ҳар байрамда, туғилган кунларида қувончлари ичига сиғмай дугонаси, ўртоғига ота-онаси қандай совғалар олиб келиб берганини мақтаниб тўлиб-тошиб юрадиган пайтда ёнида ота-она бўлмаса, узоқдан туриб телефон орқали шунчаки қизим ёки ўғлим бу сафар ҳам туғилган кунингда ёнингда бўлаолмадим, деган гапни эшитса? Қани энди бу мурғак гўдакларнинг кўнглидаги ана шу бўшиқни қандай тўлдирасиз, олисларда юрган ота-оналар? Сиз болаларим учун пул топаяпман, ҳаммаси оилам учун, деб ўз-ўзингизни оқларсиз, шундай ҳам бўлар. Лекин фарзандингиз кўнглидаги армонларини, сизсиз ўтган дамларидаги бўшлиқни, қандай тўлдирасиз? Унинг кўнглида нималар кечаётганлигини билишингиз керак бўлган пайт сиз ёнида йўқсиз. Шунинг учун у доим маъюс, ўртоқлари, дугоналаридан ўзини четга олгиси келади, чунки улар онаси бирор бир мазали овқат пишириб берганини ёки дадаси ўйинчоқми-қўғирчоқми олиб берганини мақтанади. У нима деб мақтансин, онам, дадам кўп пул ишлашга кетди, деб мақтанадими?
Ҳа, тўғри, ишлаганнинг айби йўқ. Бироқ пул топаман, деб фарзандининг тарбияси издан чиқса, топган пули бу тарбияни ўрнига қўя олармикан? Кўпчилик шу ерда ҳам ишлаб пул топаяпди-ку. Ахир қўлингиздан келган бирор ишни ўз юртимизда ҳам қилиш мумкин-ку! Ана шунда ўз уйингизда, фарзандингиз бағрида бўласиз. Ҳар куни уларнинг қувончи-ю кўнглидаги гапларини тинглаш бахтига эришасиз. Ана шунда биз тарбиялаётган болалар кўнглида бўшлиқ асло бўлмайди. Ана шунда бебурд ватанфурушлар пайдо бўлмайди.
Истагим, ҳар бир фарзанд ўз ота-онаси бағрида бахтли ҳаёт кечирсин, ҳеч бир ўғил-қизнинг кўнглида бўшлиқ бўлмасин!
Дилбар РЕЙИМБОЕВА,
76-сонли мактаб ўқитувчиси.
(Фото - http://sau.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶