КОНСТИТУЦИЯ - АСОСИЙ ҚОНУНИМИЗ
1993 йил 9 апрель куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг 12-чақириқ 12-сессиясида Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди.
Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси асосий принциплари, фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари, жамият ва шахс, маъмурий-ҳудудий тузилиш, давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши, Конституцияга ўзгартириш киритиш тартибига бағишланган 6 бўлим, 26 боб ва 120 моддадан иборат. Ўтган йиллар давомида Конституцияга беш маротаба ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилган.
Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясида энг демократик тамойиллар ва нормалар акс эттирилган. Жумладан, унда Қорақалпоғистон Республикасининг барча фуқаролари бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, қонун олдида тенглиги, инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноят эканлиги, ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эгалиги, ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмаслиги, жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмаслиги, судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилиши, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги, ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эгалиги, ҳар ким эркин фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлигига эгалиги, ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланиши, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эгалиги кўрсатилган.
Шунингдек, Конституцияда оила институтига катта аҳамият берилган бўлиб, оила жамиятнинг асосий бўғини эканлиги ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эгалиги, никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурлиги, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбур эканлиги кўрсатилган.
Умумлаштириб айтганда, мазкур Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси халқимизнинг осойишталиги, эркин ҳаёт кечириши ва ривожланиши гаровидир.
Ж.КЕУНИМЖАЕВ,
фуқаролик ишлари бўйича туман суди раиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶