ҲАМИША НАВҚИРОН БАЙРАМ
Келиб чиқиши шарқ халқларининг олис ўтмишига бориб тақалувчи, қарийб тўрт минг йилдан ортиқ вақтдан бери замонлар силсиласидан омон ўтиб, ҳақиқий миллий байрамимизга айланган Наврўзи олам айёмининг қадр-қиммати истиқлол йилларида айниқса юксалди. Ўзлигимизга, ўз юртимизга ўзимиз эгалик қилиш имконини берган мустақиллик туфайли аждодларимиз ақл-у закоси ила яратилган жамики маънавий бойликлар, урф-одатлар, анъаналар, қадриятлар ҳаётимизга яна қайтди, йил сайин янги-янги маъно, мазмун билан бойимоқда, турмушимиздан тобора теран жой олмоқда.
Муҳтарам Юртбошимизнинг Фармонига биноан умумхалқ байрами – дам олиш куни, дея эълон қилинган 21 март – Наврўз байрами ўлмас қадриятларимизни, урф-одатларимизни ўзида мужассам этгани билан ҳам кўнглимизга яқин ва қадрлидир.
Ҳа, байрам кунларида халқимизнинг ҳақиқий ўзбекона бағрикенглик, сахийлик, ҳамжиҳатлик каби эзгу фазилатлари янада ёрқинроқ намоён бўлади, кўнгиллар кўнгилларга пайванд бўлади.
Бутун мамлакатимизда бўлгани каби Наврўз байрами тантаналари неча кундирки туманимизнинг овул, маҳаллаларида, меҳнат жамоаларида, ўқув муассасаларида ўзига хос тарзда шод-у хуррамликда нишонланмоқда. Элимиз интиқ кутган баҳорини, Наврўзини эзгу ниятлар билан қаршилаб, тантана қилмоқда.

19 март куни Манғит шаҳридаги Марказий ўйингоҳда нишонланган "Ассалом, Наврўз!” дея номланган театрлаштирилган байрам томошасига ташриф буюрган юртдошларимиз кўнглидаги юксак кўтаринки кайфият ҳатто беқарор, ўзгарувчан баҳор ҳавосига ҳам ўз таъсирини ўтказгандай, қуёш сахийлик билан нур сочди. Наврўз байрамига хос қулф уриб очилган гуллар, новдалар, яшиллик, баҳорий безаклар билан оро берилган ўйингоҳ ташқарисида туманимиздаги овул, маҳаллаларда фаолият юритаётган фермер хўжаликларида ўтган йилда етиштирилган мева, полиз маҳсулотлари, сабзавотларнинг, шунингдек пазанда аёллар тайёрлаган баҳорий таомлар, пишириқлар кўргазмалари намойиш этилди. Туманимиз раҳбарияти ва тантанага ташриф буюрган азиз меҳмонлар кўргазмаларни, уста ҳунармандларимиз меҳнати маҳсули намойишини завқ билан томоша қилиб, юқори баҳо бердилар.

Тантана бошланишига бағишланган жўшқин мусиқани барча олқишлар билан қарши олди.
Тантана туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Б.Эрназаровнинг туман ҳокими, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Ражаббой Йўлдошевнинг туманимиз халқига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттириши билан бошланди. Йиғилганлар табрикни кўнгилларида улкан ҳаяжон ва қувонч билан тингладилар, туманимиз раҳбарига мустаҳкам соғлик, толмас куч-қувват тиладилар.

Наврўз
байрамига бағишлаб туман Маданият ва спорт ишлари бўлими томонидан тайёрланган
"Ассалом, Наврўз!”, деб номланган улкан театрлаштирилган томоша бошланди.

Соғ-омонликда, тинчлик-хотиржамликда, қўмсаб, соғиниб етганимиз – кўкламни, қадимий ва ҳамиша навқирон миллий Наврўз айёмини, она Ватанни, тинчлик, осойишталикни тараннум этган куй, қўшиқ, айтишувлар, рақслар, рамзий Баҳоройнинг, Деҳқонбобонинг ташрифи барчага завқ бағишлади, кўнгилларда меҳр-оқибат, дўстлик, биродарлик билан умргузаронлик қилаётганимиз – шу муқаддас заминимизга, юртимизга меҳр-муҳаббат каби энг эзгу туйғулар жўш урди.

Тантана спорт мусобақалари, кураш, қўчқор уриштириш каби миллий кўнгилочар ўйинлар билан узоқ давом этди.

Наврўз байрамига бағишланган тантанада Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Б.Янгибоев иштирок этди.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶