12.11.2026
Тил Öz Qq Ёзув Кирилл Lotin
Reklama banneri
Ҳарф ўлчами Ранг Расмлар
12.11.2026, 21:24
Адабиёт 👁 5,048

ШЕЪР – КЎНГИЛ ГАВҲАРИ, РУҲИЯТ ЧАШМАСИ

ШЕЪР –  КЎНГИЛ ГАВҲАРИ, РУҲИЯТ ЧАШМАСИ

(Ҳаваскорларнинг ижодига бир назар)

Мен ҳар гал таҳририят остонасидан умид билан ҳатлаб, илк мақоласи, шеър ёки ҳикоясини кўтариб келган ёш ижодкорлар билан суҳбатлашганимда ҳам-юртимиз, таниқли шоир ва таржимон Музаффар Аҳмаднинг газета таҳририятини учувчиларнинг самолётни парвозга тайёрлаш пайтидаги учиш-қўниш жойи – "парвоз майдончси”га ўхшатгани эсимга тушади. Ҳақиқатан ҳам туманимиз халқининг маънавият дорилфунуни ҳисобланган "Тараққиёт кўзгуси” (аввалги "Амударё ҳақиқати”) газетаси кўплаб ижодкорлар учун ҳақиқий "парвоз майдончаси” – ўзига хос адабий-бадиий ижод мактаби вазифасини ўтаб келмоқда. Таъбир жоиз бўлса, ушбу "парвоз майдончаси”да ўзларини ижод осмони узра парвозга шайлаган шоир-у журналистлар бугунги кунда ўзларининг бетакрор ижод мактабларини яратган илм-фан, бадиий ижод дарғалари бўлиб етишдилар. Филология фанлари докторлари Норбой Худойберганов (Аллоҳ раҳмат қилсин), Пирмат Шермуҳаммедов (Аллоҳ раҳмат қилсин), (раҳматлик) Аҳмад Ишаев, педагогика фанлари доктори Сафо Матжон, тарих фанлари номзоди Турсунбой Султонов, шоир ва таржимон Музаффар Аҳмад, Мансур Аҳмад (раҳматлик), шоир ва журналист Собир Юсуфий (раҳматлик), бир нечта бадиий асарлар муаллифи (раҳматлик) Хушнуд Ёқубжонов, шоир ва журналистлар Саъдулла Хўжаниёзов, Гулнора Матёқубова, Хонимжон Ражабова, Ойгул Ражабова, Аҳмад Нафасов, Ўрозали Рейимов, Зулфия Оллоёрова, Шомурод Хўжанов, Фарҳод Аваз (бу рўйхатни жуда узоқ давом эттириш мумкин) каби олим-у ижодкорлар номи бугунги кунда нафақат Қорақалпоғистонда, балки мамлакатимиз миқёсида таниш. Туман газетаси таҳририятининг "парвоз майдончаси”дан ижод осмони сари кенг қулоч ёзиб, парвоз қилган ва ижодда ўз овози, услубига эга ажиб бир мактаб яратган бу устозлар таҳсилини олиб, парвозга шайланаётган бугунги авлод ижодкорлари орасида ҳам ўз услуби ва овозига эга ёшлар анчагина. Ўлмасбек Хўжаев, Қундузой Юсупова, Юлдуз Юсупова, Азиза Мадраҳимова, Жавоҳир Йўлдошев, Шаҳзод Қурбонбоев, Нилуфар Қодирбоева, Муқаддас Тоирова, Севара Сидабуллаева, Муҳайё Ўринбоева, Нурбек Йўлдошев, Умида Ердошева, Сурайё Давлатбоева каби ижодкорларнинг илк ижод маҳсулларига туман газетаси маънавий муҳаррирлик қилган ва бу ёш иқтидор соҳиб ва соҳибаларини парвозга шайлаган. Катта ижод осмони сари дадил қанот ёзаётган бу ижодкорлар ҳақида гап кетганида беихтиёр уларнинг ижод йўли "Тараққиёт кўзгуси” газетасининг "парвоз майдончаси”дан бошланганини фахр билан айтгимиз келади.

Ижод йўли – оғир, сермашаққат йўл. Бу йўлдан ҳар ким ҳам равон қадам ташлайвермайди. Унинг ўнқир-чўнқирлари, қир-у довонлари, баланд-баланд тоғлари бор. Ўнқир-чўнқирида қоқилиб-суринса-да, қир-у довонлардан, тоғлардан ошиб, чўққилар томон интилишдан тўхтамаган, машаққатлар гирдобида қийналса-да, ортга чекинмаган инсонгина ижод деб аталмиш меҳнатнинг роҳатига етишади. Ўз боғ-бўстонини яратиб, меваларини теради ва она халқига армуғон этади. Халқ – закий, халқ – билимдон, халқ – ўта маънавиятли нуқтадон. Халқ – дуч келган мевани тотинавермайди, танлаб-танлаб, энг яхшисини, энг сарасини териб олади у!

Демак, мен шоирман, деганларнинг барчаси ҳам зукко ва маънавиятли китобхон халқимизнинг элагидан ўтавермайди. Элакдан тоза ун тўкилади супрага. Китобхон халқимизнинг маънавият элагидан ҳам энг ўқишли, халқона руҳдаги шеър, ҳикоя, асарлар ўтади ва дилидан жой олади...

Иш столим устида даста-даста шеър, насрий асарлар, ҳатто ҳаваскор шоирлар ўзларича тартиб берган "достон”лар. Қай бирини аввал ўқишни билолмай, анча вақтимни саралаш билан ўтказдим. "Достон”лар алоҳида, ҳикоя ва қиссалар, шеърий машқлар алоҳида тахланди. Мана энди ёш ҳаваскор шоирлар-у шоиралар, (адиб-у адибалар ижоди таҳлилини кейинги галга қолдирдик Р.Й)ижодига бир назар ташлаш пайти келди. Сабоҳат Ердошева, Дилдора Қурбонбоева, Дилдора Гулмонова, Турсуной Оллоёрова, Лолагул Ражабова, Соҳиба Аҳмаджонова, Дилноза Собирова, 2-сонли мактаб ўқувчиси Ирода Йўлдошева, Амударё қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Дилдора Ражабова, 34-мактабдан Нодира Раҳимова, Наргиза Зиёдбоева, Машҳура Абдуллаева, Нажмаддин Тажиев, Насиба Ембергенова, Гулнора Ешимбетова, Мадина Матёқубова, Шаҳло Очилова сингари ҳаваскорларнинг шеърлари (агар уларни шеър деб аташ жоиз бўлса) билан танишарканман, назаримда ҳаваскор ижодкорларимиз ижод деб аталмиш олис ва машаққатли йўлнинг бошидаёқ чарчаб қолгандай. Нега шундай-а? – дейман-у жавобни яна ўзим топаман. "Шеър”, яна бирининг устига "достон” деб тахлаб, таҳририятга йўллаган бу ҳаваскорларнинг ёзган "асар”ларида мен меҳнат маҳсулини кўрмадим. Ваҳоланки, ижод, ҳақиқий ижод – меҳнатни севади, меҳнаткашликни ёқтиради. Меҳнат машаққатини ҳис этган одамгина ижод машаққатини юрагидан ўтказиб, теран англайди ва ҳақиқий  ижод маҳсулини дунёга келтиради. Гарчи, ижодкор ижод машаққатини ҳис эта билмас экан, унинг ўзгалар дилини англамоғи мушкул, қалбларни тебратмоғи душвор. Яхши шеър, яхши асар инсон қалбини забт этиб, шундоқ кўнгил кўшкидан жой олмоғи керак.

Балки мен ёш ҳаваскор ижодкорларга жуда катта талаблар қўяётгандирман. Лекин шунчаки оддий сўзлар тизмасини шеър деб аташга ҳам маънавий ҳаққим йўқлигини ҳисобга олсак, адабиётимизнинг софлиги, ҳалоллиги, адабий жараённинг ўта зукко таҳлиллари олдида ҳар бир ижодкор, хоҳ у профессионал бўлсин, хоҳ бошловчи ҳаваскор, албатта зиммасидаги масъулиятни, айниқса, сўз юкини ҳар лаҳзада ҳис этиб, қўлига қалам тутса, ёмон бўлмас-ди.

Мен шоир эмасман!!!

Фақат қалам ушлаб.

Суздим дунё қаърида, (?)

Бошлар ёруғ жаҳонга (?)

Ушбу сатрлар Т.О. исмли шоира қизимизнинг бир даста "шеър”ларидан келтирилди. Мен бу қизимизнинг исм-шарифини айтиб, қизгинанинг нозиккина кўнглини хижил қилиш фикридан йироқман. Фақат айтмоқчи бўлганим, шоираликни орзу қилган қизимизга бу йўл машаққатини салгина идрок этгин-да, ана ундан кейин "қалам ушлаб”, ўзи айтмоқчи "дунё қаърида” эмас, дунёнинг бепоён, мусаффо осмонида қанот ёзишини истардим. Асли дунё қаъри нима? У зулмат эмасми? Шундайин тинч, осуда ва обод юртнинг қизи не учун "дунё зулматлари қаърида сузиб” юриши керак? Қолаверса, қўлига "фақат қалам ушлаб”, дунёнинг қаъридан туриб, ёруғ жаҳонга юз тутмоқчими? Сатрларда мантиқ, узвийлик, мазмун йўқ.

"Шеър – ижтимоий ҳодиса, - деб  таълим бергандилар бизга талабалик давримизда устозимиз, филология фанлари доктори О.Тоғаев. – у инсон кўнглининг, орзуларининг кечинмаларининг инъикосидир”. Демак, қўлига қалам тутаётган ижодкор нафақат ўз кўнгил кечинмаларини, балки умумнинг дилидаги орзу-армонларни, ғам-у изтиробларни сўз дурлари ила зийнатлаб, сатрларга жо этмоғи керак. Ана шунда сўз гавҳарга, санъатга айланади. Сатрлар аро тизилган сўз маржони юракларга хуш ёқади, кўнгилларни тебратади. Кўнгилларга ўрнашиб қолгулик ана шу сатрлар – шеърдир, азизлар.

Юқоридаги каби тумтароқ сўзлар қаторини бандма-банд этиб, "шеъримни газетада ёритиб беринг”, - деб папкаларини қўлтиқлаб келаётган "шоир”-у "шоира”лардан баъзан хафа бўлиб кетаман. Улар келтирган "шеър”ининг у ёқ-бу ёғини тўғрилаб, шеърий талаблар даражасига келтириб, "хатоларини тузатар, шу ҳаваскор қаламкашдан балки бир куни яхшигина шоир чиқар”, деган умидда газетада ёритамиз. Лекин "шеър”и газетада ёритилган ҳаваскор "шоир” ва "шоира”лар кейинги гал таҳририятга "шеър” келтирганларида ўзларини катта шоирлардай тутишларини кўриб, баъзан ҳайрон қоламан. Ахир шоирлик – Аллоҳнинг инъоми, илоҳий қобилият-ку, ўз-ўзини кўз-кўзлаш ёки мансаб эмас-ку!

Энди мана бу сатрларга бир эътибор қилинг:

Диёр осмонида сўнди саратон,

Жазирама ёзнинг тугади забти.

Энди деразадан боқар салқин тонг,

Энди озор бермас қуёшнинг тафти.

 

Ахир ўтиб кетди оташнок дамлар,

Юракни нечун бир маҳзунлик чорлар.

Бу юртни эҳтирос тарк этса агар,

Ўрнини оларкан маҳзун хаёллар...

Дилни тебратувчи, кўнгилга хуш ёқувчи  недир топдингизми, бу мисралардан? Албатта, топдингиз! Яна, кўз олдингизда осмонидан қуёш кетмас Ватан манзаралари жонланди. Шеърда манзара бор, бетакрор ранглар қуршовидаги Ватан табиати мужассам. Табиат қонуни – фасллар алмашинуви пайтидаги эврилишлар аро бир лаҳза кўнгилларни забт этгулик маҳзунлик ила кириб келгувчи сунбула ойининг сокинлигини ҳис этасиз гўё. Бу сатрлар ёш  қаламкаш қизимиз Чинорой Ўринбоеванинг  "Сунбула” шеъридан олинди. Фикрлари теран, ўзгаларга айтгулик ўз сўзи бор, изланувчан бу қизимизнинг машқлари ҳали анча таҳрирталаб бўлса-да, унинг келажагига ишонгимиз келади. Шунингдек, НДПИ талабаси Анвар Алламберганов, 53-мактабдан Орифжон Қўзиев, 46-мактабдан Боғдагул Чоршамова, ҚДУ талабаси Беҳзод Собиров, Гавҳарой Қурбонбоева, Динора Каримбоева, 52-мактаб ўқитувчиси Оташ Мирзо, 44-мактаб ўқитувчиси Манзура Султонова, 8-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ўқитувчиси Гуласал Раҳимова, 22-мактаб ўқувчиси Сурайё Давлатбоева, 1-сонли мактаб ўқувчиси Мадина Жабборова  каби ҳаваскорларнинг изланиш ва интилишларини кузатиб, уларнинг ижодда ўз ўринларини топишларига умид назари билан қарасак-да, бу қаламкашлар сўз устида ишлаш, образ ва манзаралар яратиш борасида ҳали жуда кўп изланишлари зарурлигини таъкидлагим келади. Чунки, айнан шу қаламкашларнинг шеърларида умумий бир нуқсон борки, бу - сўзларни ўз ўрнида қўллай олмаслик, қофиябозлик, вазн бузилиши, ички оҳангнинг, образлиликнинг етишмаслиги, бундан ташқари, баёнчиликка, тақлидга берилиш ҳолатларидирки ва бу қусурлардан холи ижод этишлари учун улар жуда кўп ўқиб-изланишлари керак бўлади.

Шу ерда бир ҳақиқатни  тан олишимиз керак. Яъни, ҳамма шеър ёзиши мумкин, лекин ҳаммага ҳам шоирлик насиб  этавермайди. Шоирлик – илоҳий неъмат. Қолаверса, шоир инсон кўнглини англагувчи, диллар ҳамрози, юракларни оғритган дардларни олгувчи, энг зарур пайтда энг мақбул сўзни айтгувчидир. Барча инсонлар кўнглини англаб, дардларига малҳам, ғам-у  ташвишларига ошно бўлиб, эл-юрт ғамини елкалаб, қувончини, қадр-у қимматини ўз "мен”идан устун қўйиб яшамоқдир шоирлик. Лекин...

Афсус билан айтишни лозим топганим, яна бир тоифа "шоир”ларимиз борки, тўғриси, уларнинг "ижод”ларида   умуман маъни йўқ. Бу тоифа "шоир”лар ё адабиёт аталмиш маънавий хазинанинг нималигини билмайдилар ё бу хазинанинг жавоҳиротларига нисбатан дилларида заррача ҳурмат йўқ. Яхшиси, қуйидаги мисраларга бир эътибор қилингда, хулосани ўзингиз чиқараверинг.

Ўхшатаман,

Сени фақат бахтли бир ёрга,

Булбул хониш қилмаган билан.

Хандон урар қумрилар, қара!

Кўрмаганлар кўрмайди абад,

Эшитганнинг ёдидан чиқмас.

Жаннатнинг хуш насими кезар,

Севгилим, овозларингда.

Шеър – чиройли ташбеҳларга бой, шеърдан нуқсон тополмайсиз. Аммо... М.С. исмли "шоира” қизимиз "қаламига мансуб” бу сатрлар менга (балки кўпларга) жуда таниш туюлди. Ва эсладим. Бу сатрлардан уйғур шоири Азизийнинг нафаси уфуриб турарди. "Жайхун илҳомлари” ННТ кутубхонасидан "ХХ асар жаҳон шеърияти” китобини излаб топдимда варақлай бошладим. 2011 йилда  "Турон Иқбол” нашриётида чоп этилган антологиянинг 399-саҳифасидаги уйғур шоири Азизий  қаламига мансуб "Жийда чечаги” шеъри кўзимга ўтдай босилди. Мана ўша шеър:

Ўхшатаман,

Сени фақат толесиз ёрга,

Булбул фарёд чекмаган билан.

Хандон урар ишқингда қарға,

Билмаганлар билмас тоабад,

Билганларнинг ёдидан чиқмас,

Боғи беҳишт саслари кезар,

Бекам сенинг овозларингда.

Агарда уйғур шоири Азизий юқоридаги М.С. "ижод этган” мисраларни ўқиганида "дод” деб юборармиди! Ёки нўноқ "шоирача”га қўл силтаб қўярми-ди? Балки уни плагиатликда айблар? Буниси бизга қоронғи. Лекин мен беадад афсус ва надомат билан қайд этгим келади:

- Барака топгур шоирча-ю, шоирача қароқларим! Сизлардан илтимос, адабиёт, шеърият аталмиш муқаддас даргоҳга нопок қадам қўймангиз. Шеър – кўнгил гавҳари, инсон руҳиятининг жонбахш чашмаси. Бу гавҳар ҳар битта кўнгилнинг  мулкига айлангандагина, ҳар бир инсон руҳиятига жон бахш этгулик чашмаи-обга айлангандагина қадр топади. Шоирнинг ўз кўнглида ўзга бир кўнгилга ҳадя этгулик ўз гавҳари, ўзга дилга ором бериб, чанқоғини қондиргулик зам-зам чашмаси бўлмас экан, бошқаларнинг дил гавҳарини ўғирлагани билан у, билъакс ҳеч қачон шоир бўлолмайди. Бу – наинки кўзбўямачилик, ва ўғирлик, балки кўнгил мулкига тажовузкорлик ҳамдир.

Афсус, афсус, шеъриятдек беғубор, мусаффо бўстон аро юқоридаги каби нопок қадам қўймоққа интилгувчилар борлиги дилни хира қилади. Хусусан, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф, Иқбол Мирзо, Мирзо Кенжабек, Аҳад Қаюм, Тўлан Низом, Гулжаҳон Асқарова, Малика Мирзаева, Муҳтарама Улуғова сингари бугунги ўзбек адабиётининг етук намоёндалари шеъриятидан устамонлик билан "фойдаланиб, ўз шеърига айлантириб” олаётган ва уни таҳририятга қўлтиқлаб келаётганлар, надоматлар бўлсинки, йўқ эмас.

Сўзимнинг мухтасарида ёш ижодкорларга ижодий ютуқлар тилаган ҳолда, бир фикрни такрор-такрор билдирмоқчиман:

- Таҳлид – ижодкорни ўстирмайдиган касаллик. Кўчирмакашлик эса ижодкорнинг ижодини (агар унда иқтидор бўлса) ўлдиргувчидир. Ҳар иккисидан ҳам йироқ бўлиб, ижод машаққатини чекинг, ўқинг ва яна ўқинг, изланинг! Ана шунда ўзбек тилимизнинг жозибасини, ижоднинг мўъжизасини кўрасиз. Зинҳор-базинҳор ўзгаларнинг кўнгил гавҳарига кўз тикманг, азизларим!

 

Робия ЙЎЛДОШЕВА,

Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист. 

🎬 Видеогалерея Барчаси →
Ўрта қалъа овулида хотин-қизлар билан профилактик учрашув ўтказилди ▶ Ўрта қалъа овулида хотин-қизлар билан профилактик учрашув ўтказилди 12.11.2026 65-сонли мактабнинг янги биноси фойдаланишга топширилди ▶ 65-сонли мактабнинг янги биноси фойдаланишга топширилди 11.11.2026 Амударё туманида кузги шудгорлаш ишларини сифатли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда ▶ Амударё туманида кузги шудгорлаш ишларини сифатли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда 10.11.2026 45-сонли боғчада «Жажжи экологлар» амалий семинари бўлиб ўтди ▶ 45-сонли боғчада «Жажжи экологлар» амалий семинари бўлиб ўтди 10.11.2026 Аҳоли саломатлиги — олий қадрият ▶ Аҳоли саломатлиги — олий қадрият 09.11.2026 Амударё туманида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ўрганилди ▶ Амударё туманида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ўрганилди 09.11.2026 Жисмоний тайёргарликдан ўтган чақирилувчилар ҳарбий қисм вакиллари билан суҳбатлашди ▶ Жисмоний тайёргарликдан ўтган чақирилувчилар ҳарбий қисм вакиллари билан суҳбатлашди 09.11.2026 Қўриқлаш хизмати — аҳоли осойишталиги ва мулк дахлсизлигининг кафолатидир ▶ Қўриқлаш хизмати — аҳоли осойишталиги ва мулк дахлсизлигининг кафолатидир 06.11.2026 АМУДАРЁДА “ЯШИЛ МАКОН” ЛОЙИҲАСИ ДОИРАСИДАГИ ИШЛАР ИЗЧИЛ ДАВОМ ЭТМОҚДА ▶ АМУДАРЁДА “ЯШИЛ МАКОН” ЛОЙИҲАСИ ДОИРАСИДАГИ ИШЛАР ИЗЧИЛ ДАВОМ ЭТМОҚДА 06.11.2026 Боғча тарбияланувчилари учун экологик тарбия методикалари намойиш этилди ▶ Боғча тарбияланувчилари учун экологик тарбия методикалари намойиш этилди 05.11.2026 Амударё туманида ички ишлар органлари ходимларининг касб байрами кенг нишонланди ▶ Амударё туманида ички ишлар органлари ходимларининг касб байрами кенг нишонланди 05.11.2026 Меҳнат ярмаркасида 29 нафар фуқаро доимий ишга жойлаштирилди ▶ Меҳнат ярмаркасида 29 нафар фуқаро доимий ишга жойлаштирилди 05.11.2026 Олис овуллардаги мактабларда «Китобхон ёшлар» клублари ташкил этилади ▶ Олис овуллардаги мактабларда «Китобхон ёшлар» клублари ташкил этилади 04.11.2026 Йўлларнинг қиш мавсумига тайёрлиги жойида ўрганилди ▶ Йўлларнинг қиш мавсумига тайёрлиги жойида ўрганилди 04.11.2026 Амударё туманида ҳарбий прокуратура сайёр қабули ва меҳнат ярмаркаси ўтказилди ▶ Амударё туманида ҳарбий прокуратура сайёр қабули ва меҳнат ярмаркаси ўтказилди 04.11.2026 Амударё туманида кузги мавсумда 829 минг кўчат экилади ▶ Амударё туманида кузги мавсумда 829 минг кўчат экилади 03.11.2026 Амударё туманида маънавий-маърифий ишлар самарадорлиги, мавжуд муаммолар муҳокама қилинди ▶ Амударё туманида маънавий-маърифий ишлар самарадорлиги, мавжуд муаммолар муҳокама қилинди 02.11.2026 ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАР УЧУН КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМИ КУРСЛАРИ ЯКУНЛАНИБ, СЕРТИФИКАТЛАР ТАНТАНАЛИ ТОПШИРИЛДИ ▶ ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАР УЧУН КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМИ КУРСЛАРИ ЯКУНЛАНИБ, СЕРТИФИКАТЛАР ТАНТАНАЛИ ТОПШИРИЛДИ 02.11.2026 Қонунчиликдаги аёллар ва болалар ҳуқуқлари ҳимоясига оид нормалар тушунтирилди ▶ Қонунчиликдаги аёллар ва болалар ҳуқуқлари ҳимоясига оид нормалар тушунтирилди 31.10.2026 Аҳолига сифатли ичимлик суви етказиб бериш борасидаги камчиликлар бартараф этилмоқда ▶ Аҳолига сифатли ичимлик суви етказиб бериш борасидаги камчиликлар бартараф этилмоқда 31.10.2026 Жажжи экологлар табиатни асраш бўйича дастлабки тушунчаларга эга бўлишди ▶ Жажжи экологлар табиатни асраш бўйича дастлабки тушунчаларга эга бўлишди 31.10.2026 10 ой давомида Қорақалпоғистон бўйича 39 та ҳолатда ичимлик суви кўрсаткичлари белгиланган талабларга жавоб бермаслиги аниқланди ▶ 10 ой давомида Қорақалпоғистон бўйича 39 та ҳолатда ичимлик суви кўрсаткичлари белгиланган талабларга жавоб бермаслиги аниқланди 30.10.2026 1-сонли мактабда Ўзбек тили байрами нишонланди ▶ 1-сонли мактабда Ўзбек тили байрами нишонланди 26.10.2026 «Сен истеъдодлисан» кўрик-танловининг туман босқичи ўтказилди ▶ «Сен истеъдодлисан» кўрик-танловининг туман босқичи ўтказилди 20.10.2026 9 ёшли болалар папиллома вирусига қарши эмланмоқда ▶ 9 ёшли болалар папиллома вирусига қарши эмланмоқда 20.10.2026 Фанлар олимпиадасининг туман босқичи бошланди ▶ Фанлар олимпиадасининг туман босқичи бошланди 19.10.2026 Амударё туманидаги 56-сонли умумтаълим мактаби “Жасорат синфи” ўқувчиларининг тантанали ваъда бериш тадбири ўтказилди ▶ Амударё туманидаги 56-сонли умумтаълим мактаби “Жасорат синфи” ўқувчиларининг тантанали ваъда бериш тадбири ўтказилди 16.10.2026 Томорқалардан самарали фойдаланиш аҳоли даромадини оширмоқда ▶ Томорқалардан самарали фойдаланиш аҳоли даромадини оширмоқда 13.10.2026 Амударёда ёшларнинг касбий таълими ва бандлиги масалалари ўрганилди ▶ Амударёда ёшларнинг касбий таълими ва бандлиги масалалари ўрганилди 13.10.2026 Спорт лигаси туман босқичида техникум ўқувчилари ғолиблари аниқланди ▶ Спорт лигаси туман босқичида техникум ўқувчилари ғолиблари аниқланди 12.10.2026