ЯХШИ ФАЗИЛАТЛАРИМИЗ КИТОБ ТУФАЙЛИ
Бирор ёлғончининг мусиқий асар таъсирида ростгўй бўлиб қолиши қийин. Ота-онасининг юзига оёқ қўйган бирор кишининг мусиқа асари ёрдамида тузалиб, меҳрибон фарзандга айланишига ҳам ишониб бўлмайди. Агар ёлғончида жиндек виждон бўлса, ўз виждони пушаймонларга олиб бориши ва охир-оқибатда тарбиялаши ҳам мумкин. Худди шунингдек, ота-онасини ҳурмат қилмай қўйган бола ҳам ҳаёт таъсирида ўз хатосини тушуниб етиши, ота-онаси олдидаги бурчини ҳис этиши, ҳатто кечикиб бўлса-да, тавба қилиши мумкин. Агар бирор бола нотўғри йўлга кирган бўлса, унга насиҳат қилсангиз, насиҳатингизни тўғри қабул қилмаслиги мумкин. Лекин унга бирор ҳаётий ибратли ҳикояни ўқиб берсангиз, у ўз қилмишидан пушаймон бўлиши табиий.
Шунинг учун мен ўсиб келаётган ёш авлод тарбиясида китобхонлик кечалари, "Мен севган қаҳрамон” мавзусидаги давра суҳбатлари муҳим ўрин тутишини таъқидламоқчиман. Чунки, китоб инсон маънавий дунёсини бойитувчи энг муҳим тарбия воситасидир. Биз ўзимиз учун энг яхши фазилатларни китобдан оламиз.
Мақсуда ҚЎЧҚОРОВА,
Амударё академик лицейи ўқувчиси.
КЎЗГА ТЎТИЁ КИТОБ
Анча вақт илгари бўлиб ўтган бир вақеа мени ўйлантириб қўйди. Таксилар тўхташ жойида турсам, ёнимга ёшлари чамаси саксонга кирган кекса отахон келиб ўтирди, унинг соч-соқоли оппоқ, кўзларида кўзойнак, қўлларида эски бир китоб бор эди. Юзларидан эса нур ёғилиб турарди. Отахон ўриндиққа ўтирди-да, китобни очиб, варақлай бошлади. Мен китобга зимдан назар ташладим. Китоб жуда эски бўлса ҳам муқоваси оппоқ қоғоз билан қопланганди. Бир неча дақиқадан кейин автобус келиб тўхтади. Мен шошиб автобусга чиқдим. Ортимдан аста-секин отахон ҳам автобусга чиқди. Автобусда одам кўплигидан бўш ўриндиқ йўқ эди. У киши тик оёқда турганча китобни мутолаа қила бошладилар. Отахон тик турганича китоб ўқиётганига менинг бир ҳавасим, бир раҳмим келарди. Автобус сал бўшаб, отахон ўриндиққа ўтириб, китоб ўқишда давом этди. Хаёлимдан "ота-боболаримиз китобни қандай асраб-авайлаганлар, биз ёшлар эса аксинча, унинг қадрига етмаймиз, баъзан йиртиб, ифлос қиламиз, катталарга ҳурмат, одоб, уялиш туйғуларидан бегоналашиб кетаяпмиз”, – деган ўйлар кечди.
Ота-боболаримиз китобни қўлларига олганда аввал ўпиб, кўзларига суртиб, кейин очиб ўқиганлар, ифлос жойларга қўймаганлар. Ҳозирда эса китобни эмас, аксинча телевизорни, телефонни, компьютерни, ҳатто уйқуни афзал биладиганлар кўпайган. Бироқ Ўзбекистонга билимли, ақлли, доно, соғлом, ўз она Ватанига муносиб фарзандлар керак. Бунинг учун юртимизда барча шарт-шароитлар яратилган, фақатгина биз ёшлар улардан унумли фойдалана билишимиз керак.
Чинорой ЎРИНБОЕВА.
(Фото - http://uza.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶