МИЛЛИЙЛИГИМИЗ ДАРЗ КЕТМАСИН!
Яқинда, шаҳримизнинг кўзга кўринган тўйхоналарининг бирига тўйга бориб, шундай ғалати бир ҳолатни кузатдим: тўй тарқашидан сал олдин давра ўртасидаги стол атрофида келин-куёвнинг дўстлари иккала ёшнинг соғлиги, бахти учун қадаҳ кўтардилар. Майли, ёшларнинг бахтини берсин! Аммо тилак айтиб, изидан ароқ ичиш нимаси? Наҳот спиртли ичимлик бахтга гаров бўлса? Бундан ҳам ўтиб тушадиган, кейинги вақтларда урфга кираётган яна бир одат борки, номи "пирамида” деб юритилади. Яъни, давра ўртасига стол қўйилиб, устига стаканлар учбурчак шаклда тахланиб, юқорисидаги стакан ичига шампан виноси қуйилар экан.
Тўғри, бир қарашда унчалик эътиборни тортмайдиган одат. Аммо ҳайратланарлиси шундаки, фақат шунинг учун тўй эгалари уч юз минг, ундан ҳам ортиқ пул тўлашар экан.
Ҳайрон бўлиб, ёнимдаги дугонамга юзландим. Дугонам секингина "романтика-да”, деб қўйди. Қизиқ, ушбу одат сўнгги икки-уч йил давомида анчагина урф бўлди... Бу ҳам майлику-я, бугунги тўйларимизда унчалик эътиборни тортмайдиган, бироқ кузатганимизда инсоннинг ғашини келтирадиган яна бир ҳолат борки, буни қандай аташни билмадим. Бу келин-куёвларнинг каттакон юрак шаклида тизилиб, ёниб турган шамлар орасида вальсга тушишидир.
Хўш, бу ҳам ўша "романтика”нинг бир кўринишими? Ёки ўта замонавий ёшларнинг ўйлаб топган урфими?
Мен бу хунук рақснинг номини ёшларнинг маънавиятсизлиги, деб баҳолаган бўлардим. Қолаверса, ушбу даврада кўпни кўрган, нуроний момоларимиз, оналаримиз ўтиришади. Энди ўйлаб кўрайлик, азиз тенгдошлар, вальс уларга нисбатан ҳурматсизликнинг ўзгинаси эмасми? Агар биз ўша "романтика”га эргашаверадиган бўлсак, у бизни не кўйларга солмайди?
Агар биз асрлар давомида шаклланиб келаётган миллийлигимизга, ўзбекчилигимизга мурожаат қиладиган бўлсак, бу одатларни оқламаслигимиз тайин. Қадимда йигит-қизлар тўйларда турли хил лапарлар айтишиб, тўйларини ўзбекона урф-у анъаналаримиз асосида ўтказишган. Юракларни сел қилувчи ёр-ёрлар садоси остида келинлар янги остонага қадам қўйишган. Келин-куёвлар андиша қилиб, ҳатто бир-бирларига қарашдан ҳам ийманишган.
Дарҳақиқат, биз шундай ор-номусли, имон-эътиқодли халқ фарзандимиз. Бу каби қадриятларимизга дунё аҳли ҳали-ҳанузгача тан беришади, ҳавас қиладилар. Демак, тўйларимиз гўзал, ортиқча сарф-харажатлардан холи, бекам-у кўст бўлиб ўтишини истасак, юқоридаги каби номақбул одатлардан сақланишимиз керак. Токи миллийлигимиз дарз кетмасин!
Азиза МАДРАҲИМОВА.
(Фото - http://uza.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶