УСТОЗЛАРНИ ХОТИРЛАБ...
Ҳаётда шундай инсонларга дуч келамизки, уларнинг ўзини тутиши, муносабатлари ва ўгитлари кишига бир умр ибрат намунаси бўлиб қолади, орадан неча йиллар ўтса-да, хотирангда муҳрланиб, доимо эзгу ишларга чорлаб тураверади. Яхшидан шарофат, деганлари шу бўлса керак-да.
Мен собиқ 13-ҳунар-техника билим юртида ишлаганимда ана шундай ажойиб инсонлар билан ҳамнафас, ҳаммаслак бўлиш бахтига муяссар бўлганман. Уларнинг бири Иккинчи жаҳон уруши фахрийси, Йўлдош Қурбоний тахаллуси билан шеърий тўплами ҳам нашр қилинган, жўшқин қалбли, очиқ чеҳрали ижодкор Йўлдош ака Қурбонов эди. Домла ҳар бир дарсга киришдан олдин пухта тайёргарлик кўрар, бизга ҳам шуни ўргатарди. Сўзлаганда албатта мумтоз шоирларимизнинг шеърий мисраларидан намуна келтириб, одамни ўзига жалб қила оларди. У киши менинг онам билан синфдош бўлганлиги учунми, мени ўзига яқин олар, ўғлим, деб мурожаат қиларди. Камтарлиги шу қадар эдики, уни билмаган одам машҳур шоир Қурбоний деб ҳеч ўйламас эди.
Эсимда, бир байрам муносабати билан билим юртимизда концерт ташкиллаштирилди. Концертга Назир ака Раҳимов, Отажон Худойшукуровлар ташриф буюришганди. Шунда концерт бошланишидан олдин Назир ака Раҳимов Йўлдош Қурбоновни саҳнага таклиф қилиб, сўз берди. Отахон шоир ҳар доимгидек ҳозиржавоблик билан бунинг учун миннатдорчилик билдириб, ҳофизларга гоҳ ҳазил, гоҳ жиддийлик билан раҳмат айтди, ижодига барака тилаб, концертни бошлаб берди.
Ҳар йили тумандаги барча мактабларга 13-сонли ҳунар техника билим юртимизга ўқувчиларни жалб қилиш учун муассасамизда ўргатиладиган касб-ҳунарлар, яратилган шароитлар ҳақида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борардик. Шоир Йўлдош Қурбонов бундай ташрифларда албатта иштирок этар, табиийки, меҳнатимиз зоя кетмасди. Бундан директоримиз Комил оға Холиқов (марҳум) жуда хурсанд бўлар, унга қайта-қайта раҳмат айтарди. Комил Холиқов жуда жиддий, мулоҳазали одам бўлса-да, қувноқ, гунгни ҳам гапга сола оладиган сўзамол Йўлдош Қурбонов билан жуда аҳил эди.
Ўша вақтларда сафимизда Саид ака Бобожонов, Ўғилжон опа Бобониёзова, Кенжа ака Хўжаниёзов, Гулсара опа Абдуллаева, Қурбонбой оға Пўлатов, Биби опа, Муҳаммадназар ака Бекчонов, Яков Бульяков, Қурбонбой Олламуродов, Бозорбой Полвониёзов, Бахтиёр Товбоев, Етмиш Душамов, Бахтиёр Нажимов, Галина Ҳамзина, Ражаб Ниёзимбетов ва Анабиби опа Матрасулова, Қосим ака Ҳайитбоев, Жонгил опа Сафарбоевалар турли лавозимларда бўлсалар ҳам, бир мақсад йўлида ҳамжиҳатлик билан меҳнат қилишган.
Касбга меҳрни, болалар кўнглига йўл топиб, дарс машғулотларига қизиқтиришни мен улардан ўргандим, десам, ҳеч муболаға бўлмас. Улар билан ишлаган даврим ҳаётимнинг энг унутилмас таассуротларга бой даврлари бўлиб қолди. Шу боисдан ҳам уларни доим ҳурмат-эҳтиром билан эслайман, улардек бўлишга интиламан. Бу гўзал хотиралар мени доимо яхши ниятлар, янги муваффақиятлар сари йўналтириб туради.
(Фото - http://www.uza.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶