Тадбиркорлар - ЭЛИМИЗНИНГ МАДАДКОРЛАРИ
Мустақиллик барча соҳаларда юксалиш ва сифат ўзгаришларига кенг йўл очиб берди. Мустақилликка қадар мамлакатимизда умуман мавжуд бўлмаган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида бугунги кунда ялпи ички маҳсулотнинг 56 фоиздан ортиғи ишлаб чиқарилмоқда. Жами иш билан банд аҳолининг 75-77 фоизи мазкур соҳада меҳнат қилаётир. Натижада халқимизнинг ва жамиятимизнинг таянчи ҳисобланмиш мулкдорлар синфи шаклланди. Тадбиркорларимиз элимизга мададкор бўлишмоқда. Буни "Султонбек Сафарбоев” масъулияти чекланган жамияти мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
Жамият фаолиятини дастлаб 2011 йилда "Микрокредитбанк” Манғит филиалининг 50 миллион сўмлик имтиёзли кредити ҳисобига канцелярия молларини сотишдан бошлаган бўлса, кейинчалик офис техникаларни таъмирлашни, маиший техника савдосини ҳам йўлга қўйди. Орадан бир йил ўтиб "Ипотекабанк”дан 230 миллион сўм кредит олиб, фаолиятини кенгайтирди. Туманимиздаги бюджет ва бюджетдан ташқари корхоналарга канцелярия молларини етказиб берди. Газ, сув, электр ўлчагич асбобларини сотиш ва таъмирлаб давлат стандартига тайёрлаб бера бошлади. Фаолият тури кенгайгани жамият даромадининг кўпайишига асос бўлди.
Эл хизматига бел боғлаган жамият тадбиркорлари жорий йилда ўзларининг иқтисодий имкониятларини ҳисоблаб чиқиб, Манғит шаҳрининг "Бўстон” маҳалласи ҳудуди, Манғит буюм бозори олдидаги Қипчоқ кўчаси бўйидан ер олиб, смета баҳоси 1 миллиард 250 минг сўмлик савдо, маиший хизмат комплекси қурилишини бошладилар. Комплекс ишга туширилгач, айни кунда Низом Жумамуродов директорлик қилаётган мазкур жамиятда 6 киши меҳнат қилаётган бўлса, яна 10 иш ўрин яратилади ва 10 нафар фуқаро иш билан таъминланади.
2014 йилда жамият томонидан бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармаларга 122 миллион сўмдан зиёд маблағ солиқ сифатида тўланди. Жорий йилнинг ўтган олти ойи мобайнида эса бу кўрсаткич 870 миллион сўмдан ошиб кетди.
Мазкур рақамлар "Султонбек Сафарбоев” масъулияти чекланган жамияти аъзоларининг маҳаллий бюджетимиз мустаҳкамланишига улкан ҳисса қўшаётганини кўрсатиб турибди. Тадбиркор – элга мададкор, деганлари шу эмасми?
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶