Фаровонлигимиз омили
Бугун ривожланган дунё иқтисодиётида кичик бизнес аҳоли бандлигини таъминлаш ва фаровонлигини оширишнинг муҳим омилига айланиб бормоқда. Бозор конъюктурасига тез мослашувчан, глобал иқтисодий таъсирларга бардош бера оладиган мазкур соҳанинг жамият тараққиётида қанчалик муҳим аҳамият касб этиши жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитида яна бир бор ўз тасдиғини топди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор самаралари барқарор тараққий этаётган мамлакатимиз иқтисодиётида ҳам ўз ифодасинин топмоқда.
Мустақиллик йилларида юртимизда Президентимиз ташаббуси ва бевосита раҳбарлиги остида тадбирколрлик ҳаракати ривожлантирилиб, мулкдорлар синфи шаклланди, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вужудга келди. Мазкур тизимга қаратилаётган алҳида эътибор, яратилаётган қулай шарт-шароит, энг асосийси давлатимиз томонидан берилаётган имтиёзлар туфайли улар бугунги кунда иқтисодиётимизда етакчи кучга айланди.
Мамлакатимизда тадбиркорликни жадал ривожлантиришни рағбатлантириш, мамлакат иқтисодиётида унинг роли ва аҳамиятини тубдан ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Қарорларига асосан бир қатор имтиёзлар берилиб келинмоқда.
Юртимизда Давлат ҳокимияти органлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари ўртасида мулоқотсиз муносабатларни ривожлантириш орқали хўжалик юритувчи субъектлар билан давлат органлари ўртасидаги муносабатларда субъектив аралашувларни бартараф қилиш борасида бир қатор меъёрий хужжатлар қабул қилинди. Жумладан Президентимизнинг 2014 йил 7 апрелдаги " Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ва 2014 йил 15 апрелдаги "Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, қулай инвестиция иқлимини яратиш, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш, натижада иқтисодиётнинг хусусий секторида аҳоли бандлигини таъминлаш борасида ўзига хос омил бўлди. Шунингдек мамлакатимизда Президентимиз Фармон ва Қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси Қарорларига асосан солиқ тизимида ҳам тадбиркорлар манфаатига хизмат қилувчи ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
Масалан янги рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркорларнинг ўз фаолиятини бошлаши учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорликка кенг жалб қилишни рағбатлантириш мақсадида Солиқ кодексининг 311- ва 375-моддаларига қўшимчалар киритилиб, янги рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахс ташкил этмаган ҳолда фаолият кўрсатувчи оилавий тадбиркорлик субъектлари томонидан суғурта бадаллари ва қатий белгиланган солиқни тўлаш улар давлат рўйхатидан ўтказилган ойдан кейинги ойдан бошлаб (тегишли ойнинг 25-санасига қадар) амалга оширилиши белгилаб қўйилди.
Солиқ кодексининг 375-моддасига киритилган яна бир муҳим янгилик касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига тадбиркорлик фаолиятларини амалга оширишлари учун катта имкониятларни яратиб беради. Яъни, 2015йилдан бошлаб, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари коллежни тамомлагандан кейин ўн икки ой ичида якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган тақдирда, давлат рўйхатидан ўтган санадан эътиборан қатъий белгиланган солиқни тўлашдан 6 ой муддатга озод этилади.
Юртимизда аҳоли турмуш фарвонлигини юксалтириш, унинг бандлиги даражасини ошириш, умуман мамлакатимиз иқтисодий тараққиётини таъминлашда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳал қилувчи кучга айланмоқда.
Улуғбек БОЗОРБОЕВ, ДСИ бўлим бошлиғи.
(Фото - http://uza.uz)
Мақола
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат
ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини
қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан молиялаштирилган лойиҳа
доирасида эълон қилинди.


▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶