Дўстлик ва Олмазор номли маҳаллаларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш юзасидан профилактик тадбирлар ўтказилди
Маълумки, мамлакатимизда шу кунларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича ишлар қизғин олиб борилмоқда. Бу борада Амударё туманида ҳам масъул ташкилотлар томонидан бир қатор ишлар амалга ошириляпти. Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, полковник Маҳмуд Сейдуллаев раислигида ўтказилган тадбирда тумандаги ижтимоий соҳа объектлари, аҳоли яшаш хонадонлари, кўп қаватли турар жой биноларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш, коммунал тармоқлар ва иситиш тизимларини кўздан кечириш юзасидан олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Айтиш мумкинки, жорий йилда туманимизда ҳам кўп қаватли уйлар, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда иқтисодиёт тармоқларини мавсумга тайёрлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган бўлиб, барча ишлар ушбу дастурда белгиланган вазифалар асосида олиб борилмоқда. Бу жараёнда аҳолидан тушаётган мурожаатларга кўра, ҳудуддаги уй-жой фондларининг мавжуд ҳолати ўрганиляпти. Бундан кўзланган мақсад, кўп қаватли уйларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш, таъмирлаш ишларини ўз вақтида сифатли бажариш, жойларда тегишли ходимларнинг самарали фаолият олиб боришларини таъминлашдан иборатдир.
Тадбир давомида ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумида иссиқлик энергияси билан узлуксиз таъминлаш, иситиш қозонлари ва қозонхоналарни модернизация қилиш ҳамда муассасаларнинг иссиқлик тизимини таъмирлаб, белгиланган меъёрларда ишлаши учун шароит яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ахборот берилди.
Йиғилиш якунида тегишли йўриқнома ўтказилганидан сўнг туман ҳудудида куз-қиш мавсумида фавқулодда вазиятлар, газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши, табиий ва ис газидан заҳарланиш каби кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш мақсадидаги профилактик тадбирлар Дўстлик ва Олмазор номли маҳаллалардаги аҳоли яшаш уйларида давом эттирилди.
Хусусан, Дўстлик маҳалласи Матбуотчилар кўчасида кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи аҳоли хонадонларининг газ ускуналари ўрганиб чиқилди ва дудбуронларида аниқланган камчиликлар жойида бартараф қилинди. Шунингдек, бу каби ишлар Олмазор маҳалласида ҳам ташкил этилди. Ўрганиш ишлари давомида аҳолига фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бу каби ҳолатлар рўй берганида тўғри ҳаракат қилиш бўйича зарур маслаҳатлар берилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, полковник Маҳмуд Сейдуллаев томонидан ишчи гуруҳлар ва тегишли соҳа раҳбарларига аҳоли яшаш уйларида амалга оширилаётган ишларни янада жадаллаштириш бўйича қўшимча топшириқлар берилди. Бу ишлар мавжуд камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада оширишда муҳим аҳамият касб этиб мавсумнинг муаммосиз ўтказилишини таъминлаш имконини беради.
Шерзод Турсунбаев, Амударё тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи ўринбосари, капитан

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶