Амударё туманида мустақиллик байрами олдидан 50 тага яқин тадбиркорлик объектлари ишга туширилди
Юртимизда байрам ва муҳим саналар муносабати билан ҳудудларни тозалаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, янги биноларни ҳам айнан шундай қувончли кунларда фойдаланишга топширишдек эзгу анъана бор. Мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллик байрами олдидан “Маҳалла обод-юрт обод” шиори остида ташкил қилинган умумхалқ хайрия ҳашари ҳам Амударё туманида ана шундай хайрли саъй-ҳаракатлар билан бошланди. 25 август куни эрта тонгдан туман ҳокими Собир Хўжаметов, секторлар раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари, бўлимлар бошлиқлари ҳамда ташкилотлар раҳбарлари овул ва маҳаллаларни иккита мини автобусда айланган ҳолда ҳашар доирасида олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишдилар ва ҳудудларда янги тадбиркорлик объектларининг очилиш маросимларида иштирок этдилар.
Туманнинг Бештом маҳалласига ташриф чоғида замонавий шароитларга эга “Аму Плаза” меҳмонхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбиркор Сардор Абдириймов 2,1 млрд сўм ўз маблағ ҳисобидан янги замонавий шарт-шароитларга эга бўлган икки қаватли хизмат кўрсатиш марказини барпо этиш орқали 5 нафар янги иш ўрни ташкил этиб, аҳоли бандлигини таъминлашга ҳисса қўшди. Икки қаватли бино ичида меҳмонхона, озиқ-овқат дўкони ҳамда хизмат кўрсатиш шохобчаси мавжуд бўлиб, мижозлар учун энг замонавий шароитлар ва сифатли хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган. Раҳбарлар тадбиркор фаолиятига муваффақият тилаб, дуога қўл очдилар.
Шундан сўнг туман ҳокими Собир Хўжеметов бошчилигидаги туман раҳбарлари Ободонлаштириш бошқармаси томонидан марказий кўчаларда, овул ва маҳаллаларда аҳоли томонидан амалга оширилган умумхалқ хайрия ҳашари доирасидаги ишлар билан танишдилар. Жараён мобайнида “Маҳаллалар еттилиги” масъуллари, яъни хотин-қизлар фаоллари, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси томонидан мурожаатлари ўрганилиб, кўмак берилган ҳамда бандлиги таъминланишига эришилган кўплаб тадбиркорлик объектларининг очилиш маросимлари ташкил этилди. Раҳбарлар кичик дўконлар, сартарошхона ва хизмат кўрсатиш, овқатланиш шохобчаларидан тортиб, кўплаб иш ўринлари яратилишига эришилган тўйхоналар, болалар ўйингоҳи саройи, мактабгача таълим ташкилотларининг очилиш маросимларида иштирок этдилар.
Ҳудудларни мини автобусларда айланиш мобайнида раҳбарлар “Маҳалла обод-юрт обод” шиори остида ўтаётган ҳашарда иштирок этиб, туманимиз ободлигига ҳисса қўшаётган ҳамюртларимизнинг ишларига ривож тиладилар.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 19 август кунги фармойиши асосида давлатимиз мустақиллигининг 33 йиллик байрамини нишонлашга муносиб тайёргарлик кўриш, “Маҳалла обод – юрт обод” шиори остида маҳаллалар, аҳоли турар жойлари, хиёбонлар, зиёратгоҳлар, қабристонлар ҳамда болалар майдончаларини ободонлаштириш тадбирларини амалга ошириш, соғлом турмуш тарзи ҳамда санитария-гигиеник маданиятни тарғиб қилиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 24-25 август кунлари ташкил қилинган умумхалқ хайрия ҳашари доирасида маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли турар жойлар, ҳовлилар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар, қабристонлар, кўча ва йўлаклари ҳамда болалар майдончалари тартибга келтирилди, дарахтларни оқлаш ва буталаш ишлари ташкил этилди.
Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари, айниқса, эҳтиёжманд, меҳр-мурувватга муҳтож, боқувчисиз қолган кекса ва ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ҳолидан хабар олинди, уларнинг ҳовли-жойлари атрофларини ободонлаштириш ишалари ташкил этилди.
Қолаверса, аҳоли ўртасида ободонлаштириш ишларида фаол қатнашиш, соғлом турмуш тарзи ҳамда санитария-гигиеник маданиятга риоя қилиш масалалари тарғиб қилиниб, жойларда давра суҳбатлари ташкил қилиниб, тушунтириш ишлари олиб борилди.
Туман ҳокими Собир Хўжаметов, секторлар раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари, бўлимлар бошлиқлари, ташкилотлар раҳбарлари туман ҳудудини айланиш мобайнида Чойкўл ва Тўлқин овулларидаги томорқа ер эгалари томонидан иссиқхоналарда ҳамда фермер хўжаликларининг пахта экин далаларида, ғалладан бўшаган майдонларда, ёшларга ажратиб берилган ерларда қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожи йўлида амалга оширилаётган ишлар билан ҳам яқиндан танишдилар.
Туман раҳбарлари жараён мобайнида эришилган ютуқларни ўрганиб, томорқа ер эгалари, фермерлар фаолиятига муваффақият тиладилар ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф қилиш юзасидан тегишли таклиф ҳамда тавсиялар бердилар. Жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан юқори ҳосил олиш, пахта хирмонини яратишда ўз вақтида амалга ошириладиган агротехник тадбирларнинг аҳамияти, шунингдек, экин далаларини суғоришда сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш нафақат сувни тежашга, балки юқори ҳосил олишга имкон бериши хусусида сўз юритилди.
4-сектор ҳудудидаги Беруний маҳалласи ҳудудида жойлашган “Истиқлол” тўйхонасининг 3-қаватида барпо этилган болалар ўйингоҳининг очилиш маросимида болажонларнинг хурсандчиликлари йиғилганларда катта таассурот қолдирди. “VIKTORIYA XOLDING” МЧЖ томонидан 1,2 млрд сўмлик тадбиркор ўз маблағи ҳисобига бунёд этилган ҳамда 3 нафар ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланишига сабаб бўлган замонавий болалар ўйингоҳи фарзандларимизнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишларига хизмат қилади. Ушбу хизмат кўрсатиш объектининг очилиш маросимида туман ҳокими ва раҳбарлар иштирок этиб, тадбиркор фаолиятининг янада ривожланишига тилакдош бўлдилар. Шунингдек, раҳбарлар жараён мобайнида "VIKTORIYA XOLDING " МЧЖ томонидан ташкил этилган 150 ўринли “Aristokrat baby” номли мактабгача таълим ташкилоти фаолияти ва унда яратилган шарт-шароитлари билан ҳам танишдилар.
Таъкидлаш керакки, туман ҳокими Собир Хўжаметов бошчилигида туман раҳбарларининг тадбиркорлар фаолиятларини қўллаб-қувватлаш мақсадида очилиш маросимларида иштирок этиши ва бу орқали билдирган эътиборлари тадбиркорларимизни ўз устида кўпроқ ишлаб, фаолиятларини янада ривожлантиришга руҳлантиради.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶