"Китобсевар миллат" шиори остида IV Республика китобхонлик ҳафталиги бошланди
Шу ҳафтада мамлакатимиз бўйлаб “Китобсевар миллат” шиори остида IV Республика китобхонлик ҳафталиги ўтказилмоқда. 22 апрель куни Амударё тумани ахборот-кутубхона марказида мазкур ҳафталикнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда сўзга чиққанлар мамлакатимизда аҳоли, айниқса ёшларни китобхонликка даъват қилиш учун берилаётган эътибор ва яратилаётган шароитлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтдилар. Айтиш жокизки, “Китобсевар миллат” шиори остида ўтказилаётган бу йилги Республика китобхонлик ҳафталиги доирасида туман ахборот-кутубхона маркази томонидан ҳам қизиқарли тадбирлар, учрашув кечалари, китоб тақдимотлари ўтказилиши режалаштирилган. Тадбир ташкилотчилари барча юртдошларимизни, ҳар бир китобхонни мўъжизалар макони бўлмиш кутубхонага ташриф буюришга чақирди.
Чиндан ҳам, китоб ўқиш нафақат инсоннинг билим ва тафаккурни бойитади, балки унинг дунёқарашини кенгайтиради ва ўзлигини англашига ёрдам беради. Ўзбекистонда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва оммалаштиришга катта эътибор берилмоқда, бу эса жамиятнинг маънавий тараққиётига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Тадбир давомида меҳмонлар – Ойбек маҳалласи хотин-қизлар фаоли Наргиза Холбоева, туман Маънавият ва маърифат бўлими мутахассиси Зарифа Соатбоева, Ахборот-кутубхона маркази мутахассиси Гуласал Қўчқорова, туман Маданият бўлими ходими, Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси туман кенгаши раиси, халқ депутатлари туман кенгаши депутати Ойбекжон Бегимовлар сўзга чиқиб, “Китобсевар миллат” ғояси ва бутун халқимизни китобхонликка кенг жалб қилишнинг аҳамияти ҳақида ўз фикрларини билдирдилар.
Айтиш жоизки, ёшларни китобхонликка жалб қилиш уларнинг маънавий ва интеллектуал ривожланишида муҳим рол ўйнайди. Китоб мутолааси келажагимиз эгаларининг дунёқарашини кенгайтириш, мустақил фикрлаш қобилиятини шакллантириш ва уларни турли ёт ғоялардан ҳимоя қилишда асосий омил ҳисобланади. Шу сабабли ҳам мамлакатимизда аҳоли, хусусан ёшларни китобхонликка жалб қилиш ишлари давлат сиёсати даражасига кўтарилган ва бу борада бир қатор ижтимоий ва маърифий ташаббуслар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Президентимизнинг бешта муҳим ташаббуси доирасида ҳам ёшларнинг китобхонликка қизиқишини ошириш ва уларнинг маданиятини юксалтиришга қаратилган чора-тадбирлар белгиланган. Бундан ташқари, давлат органлари ва жамоат ташкилотлари томонидан ҳам китобхонликни ривожлантиришга қаратилган турли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мамлакатимиз бўйлаб “Китобсевар миллат” шиори остида ҳар йили ўтказиб келинаётган Республика китобхонлик ҳафталиги ҳам бу эътиборнинг ёрқин намунасидир.
Қолаверса, Президентимизнинг китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китобхонлик маданиятини ошириш ва тарғиб қилишга оид фармойиши бу борадаги саъй-ҳаракатларни янада кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Тадбир сўнгида депутат Ойбек Бегимов ташкилотчиларга миннатдорчилик билдириб, эсдалик совғаларини топширди. Тадбирда Амударё муҳандислик техникумида кутубхонашунослик мутахассислиги бўйича таҳсил олаётган талабалар фаол иштирок этишди. “Китобсевар миллат” шиори остида IV Республика китобхонлик ҳафталиги ва мазкур ҳафталик доирасидаги тадбирлар юртимизнинг барча ахборот-кутубхона марказлари ва кутубхоналарида давом этмоқда.
Роҳатой Романова, туман ахборот-кутубхона маркази библиографи

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶